Россия: Полиция отиб ўлдирган ўзбекистонликнинг рафиқаси Россиядан чиқариб юборилади - Rossiya O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Соҳиба Бурхонова

Сурат манбаси, krymskaya solidarnost/official

Россия ФХХ ходими ўзбекистонлик мигрантни отиб ўлдирди, суд унинг рафиқасини "мигрантлар қамоқхонаси"га юбориш, 2 боласини "исталган одам васийликка олиши"га қарор қилди. Европа суди марҳум Раҳимовни Россиядан чиқариб юборишни тақиқлаган ва Россиядан унга 17 минг евро миқдорида товон пули тўлаш мажбуриятини юклаган эди.

Қочқин мигрантлар оиласи

Қримнинг Совет туман суди Соҳиба Бурхоновани Россиядан чиқариб юборишга қарор қилди. Бу аёл 11 май куни ФХХ ходими томонидан отиб ўлдирилган ўзбекистонлик Наби Раҳимовнинг бевасидир.

Ўзбекистонлик Соҳиба Бурхонова миграция қоидаларини бузганликда айбланган ва 2000 рубль миқдоридаги жаримага ҳам тортилган.

Маҳаллий нашрларга кўра, Соҳиба Бурхонова эри билан 1999 йилда Россияга ишлаш учун келишган.

"Кримская солидарность" нодавлат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг маълум қилишича, 2010 йилда Ўзбекистонда унинг турмуш ўртоғига нисбатан конституциявий тузумини ағдаришга уринганликда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 3-қисмининг "б" бандида ўз ичига олган ҳужжатларни сақлаш ва тарқатишда гумон қилиниб, жиноий иш қўзғатилган.

Шунингдек, Наби Раҳимов диний экстремизмга алоқадорликда бир неча бор ҳибсга олинган.

Мазкур ташкилотга кўра, бунинг ортидан, у Европа Инсон ҳуқуқлари судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Европа суди Раҳимовни Россиядан чиқариб юборишни тақиқлаган ва Россиядан унга 17 минг евро миқдорида товон пули тўлаш мажбуриятини юклаган.

Бу оила 2015 йилда Москва вилоятидан Қримга кўчиб ўтган.

2018 йилда Россия Соҳиба Бурхонованинг қочқин мақомини рад этиш тўғрисида якуний қарор қабул қилган.

Аёл қоидабузарликда айбланди

11 май куни ФХХ ходимлари Совет тумани, Заветное қишлоғидаги оиланинг уйига келишган.

Наби Раҳимов ўша пайтда Симферополда ишлашга кетган бўлган.

Уйда унинг аёли Соҳиба Бурхонова ҳамда 11 ва 15 ёшли фарзандлари бўлган.

Уй тинтув қилинганидан сўнг Бурхонова Совет туманидаги ИИБ миграция бўлимига олиб кетилган.

Тинтув пайтида хизмат раҳбари Иван Черник ҳам бўлган.

У Бурхоновга қарши чет элликларнинг Россия ҳудудида бўлиш қоидаларини бузганлиги тўғрисида маъмурий баённома тузилганлигини айтди.

Суд ишини 12 май куни судя Игорь Бразник кўриб чиққан.

Суд жараёни тафсилотлари ҳақида ҳам "Кримская солидарность" маълумот берган.

Болалар қаерда қолади?

Отишма содир бўлган жой

Сурат манбаси, krymskayasolidarnost/official

Маълум бўлишича, судда Бурхонованинг ҳимоячиси Қримда Женева Конвенциясининг қўлланилишини сўраган.

Жамотчилик ҳимоячиси Айдер Сулаймонов эса, қонунбузарликларни тан олиб, суддан фақат жарима билан чекланишни илтимос қилган.

Ҳимоячилар Соҳиба Бурхонованинг вояга етмаган болалари борлигини, эри вафотидан кейин қўзғатилган ишда гувоҳ сифатида қатнашаётганини ҳисобга олишни сўрашган.

Бундан ташқари, Бурхонова эрининг дафн маросими билан боғлиқ барча ишларни якунлаши кераклиги ҳам айтилган.

Аммо судя буларнинг ҳеч бирини инобатга олмаган, аёлни чет элликларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштириш, 2000 рубль миқдорида жарима солиш ва уни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилган, дейди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти.

Судя Бразник вояга етмаган болаларни "қариндошлари ёки хоҳлаган киши" томонидан васийликка олинишини, акс ҳолда улар Ўзбекистонга жўнаб кетишлари мумкинлигини таклиф қилган.

Вояга етмаган болаларни онаси билан биргаликда мигрантлар марказига жойлаштириш мумкин эмаслигини билдирган.

Судья ҳукм эълон қилинганидан кейин уни 10 дақиқа ичида бажаришга қарор қилган.

Отилган мигрант қаршилик қилганмиди?

Қримдаги тинтув

Сурат манбаси, official

11 май куни Қримдаги Дубка қишлоғидаги битмаган уйда оиласи билан яшовчи Наби Раҳимов ФХХ томонидан ўтказилган тинтув вақтида полиция ходими томонидан отилган.

Тинтув унинг уйида ўтказилган. Бу ҳақда Қрим ва Симферополь прокуратураси маълум қилди.

Суриштирувларга кўра, бир кун олдин Қримга ишлашга келган муҳожирнинг уйига полиция келган.

Муҳожир ишга кетган, уйда унинг рафиқаси ва 2 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган.

Полиция уйда тинтув ўтказгач, мигрантнинг аёлини Совет туманидаги маҳкамага олиб кетган.

11 май куни тонгда бу уйга ФХХ қайта келиб, яна тинтув ўтказган.

Шу вақтда муҳожир Наби Раҳимов куч ишлатар тизими ходими томонидан отиб ўлдирилган.

Полиция марҳумнинг қаршилик қилганини билдирмоқда.

Адвокат воқеани ўрганиши учун уйга қўйилмаган.

Раҳимовнинг уйида нима учун тинтув ўтказилгани ва не сабабдан уни ҳибсга олмоқчи бўлишгани тафсилотлари ҳозирча номаълум.

Қримда марҳумнинг аёлига нисбатан ноқонуний ҳибсга олиш ва уйида ўтказилган ноқонуний тинтув иши бўйича Украина ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари жиноий иш очди.

Қрим ва Севастополь прокуратураси тергов-суриштирув ишлари давом этаётганини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek