Тушумидан чиқими кўпайган Ўзбекистон, жаримага тортилган Аллақулов ва Кушербаевнинг суди қачон бошланади? Янгиликлар - O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Хидирназар Аллақулов

Сурат манбаси, Screenshot

  • Суд Хидирназар Аллақуловни жаримага тортди;
  • Келаси ҳафта депутат Расул Кушербаев устидан суд жараёни бошланади;
  • Кунлик давлат бюджети харажатлари тушумлардан икки баробар кўп бўлди;
  • Ўзбекистонга яна бир қиммат самолёт келтирилди;

Туҳмат айби

"Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси етакчиси Хидирназар Аллақулов 4,9 миллион сўм жаримага тортилди.

4 май куни пойтахтнинг Юнусобод туман маъмурий судида фаол устидан суд ҳукми ўқилган.

Аллақулов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш) бўйича айбдор деб топилган.

Суд уни БҲМнинг 20 баробари (4,9 миллион сўм ёки $460 дан зиёдроқ) миқдорда жаримага ҳукм қилган.

Бундан аввал Хидирназар Аллақулов 31 март куни номаълум шахслар уни ўз уйи кираверишида ўраб олиб, ҳақорат қилгани тўғрисида хабар берган эди.

Фаол ўз мурожаатига ҳолат тасвирланган видеони ҳам илова қилган.

"Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси тарқатган маълумотга кўра, суд ушбу видеонинг Аллақулов томонидан ижтимоий тармоқда тарқатилишини туҳмат ўлароқ таснифлаган.

Аллақуловнинг ўзи ижтимоий тармоқ орқали мазкур суд жараёнини "келишилган", дея атаган.

Суддан келган хат

Суд хати

Сурат манбаси, Telegram/muxbirdaliyev

Депутат Расул Кушербаевга қарши даъво аризаси юзасидан суд жараёни 12 май куни бошланади.

4 май куни депутатга Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро судидан чақирув қоғози келган.

27 апрель куни Давлат солиқ қўмитаси Кушербаевни судга бергани ҳақида маълум қилган эди.

Даъво аризаси қўмитанинг Бирлашган касаба уюшмаси томонидан киритлган.

Аризада депутат ўз чиқишларидан бирида солиқ органлари ходимларига нисбатан ҳақоратомуз сўзлар ишлатиб, уларнинг ишчанлик обрўсига путур етказаётгани айтилади.

Баёнотда ДСҚ касаба уюшмаси депутатдан айтган гаплари учун 4,6 миллиард сўм миқдорида маънавий зарар ундирмоқчи экани ҳам қўшимча қилинган.

Тушумдан қиммат чиқим

Кирим-чиқим графиги

Сурат манбаси, official

3 май куни Ўзбекистон бюджети харажатлари тушум ва даромадлардан салкам икки баробар кўп бўлган.

Молия вазирлиги эълон қилган рақамларда кўринишича шу куни бюджетдан 1,07 триллион сўм харж қилинган.

Тушумлар эса қарийб икки баробар кам - 575,8 миллиард сўмни ташкил қилган.

Олтинчи Dreamliner

5 май куни Ўзбекистонга яна бир Dreamliner — Boeing 787 самолёти олиб келинган.

Шу куни Uzbekistan Airways компанияси олтинчи Dreamliner ҳаво кемасини қабул қилиб олган.

Dreamliner

Сурат манбаси, official

Компания янги учоқ бортида COVID-19'га қарши курашиш доирасида учинчи гуманитар ёрдам партияси ҳам келганини маълум қилган.

Хабар қилинишича, инсонпарварлик ёрдами тез орада Оролбўйи минтақасига юборилади.

Илк Dreamliner мамлакатга 2016 йилда келтирилган эди.

Ўшанда Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида Boeing 787 учоқларига буюртма берган биринчи давлатга айланган эди.

Кузатувчилар нархи қиммат ушбу ҳаво кемалари узоқ масофаларга парвоз қилишга мўлжалланганидан Ўзбекистон учун бундай харидлар молиявий жиҳатдан ўзини оқламаслиги ҳақида фикр билдирганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek