Сардоба бўйича ҳукм, Ўзбекистонда Рамазон Ҳайити куни маълум бўлди ва 9 майда ким қандай "қовун туширди"? Янгиликлар - O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot/socialmedia
- Сардоба бўйича суд иши якунланди, ҳукм ўқилди;
- Ўзбекистонда Рамазон Ҳайити куни маълум бўлди;
- Сирдарёдаги ҳарбийлар шошиб қолишдими?;
- Фарғонада немис аскарлари воқеаси ўрганилади;
- Россияда сиёсий намойишга айланаётган фахрийлар байрами;
- Киевдаги юриш Путиннинг ғашига тегдими?;
- Россия паспортига талабгорларнинг кўпи - МДҲ фуқаролари;
- Ўзбекистон Россия ва Қозоғистон билан темир йўл алоқаларини янгиламоқчи;
Сардоба бўйича ҳукм

Сурат манбаси, official
"Сардоба иши" бўйича якуний суд ҳукми ўқилди.
Жами 17 амалдорга нисбатан қамоқ, озодликни чеклаш ва жарима жазолари тайинланди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди расман баёнот берди.
Мазкур баёнотда тафсилотларидан маълум бўлишича, "Ўзтемирйўлқурилишмонтаж" УК Бош директори ўринбосари энг узоқ қамоқ жазосига ҳукм этилган. Унга 10 йил қамоқ жазоси берилган.
4 нафар судланувчига 5 йил, яна биттасига тўрт йил озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.
Қолган 3 айбланувчига озодликни чеклаш жазоси тайин этилгани айтилмоқда.
Қатор судланувчилар 3 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинишган.
Айбланувчиларнинг деярли барчасига катта миқдорда (айрим ҳолларда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир неча юз баробаригача) жарима жазолари тайин этилган.
Озодликдан маҳрум этиш жазоларини эса, умумий тартибли колонияларда ўташлари белгилангани айтилган.
Судланувчилар адвокатларининг маҳкама ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиқиш-чиқмасликлари ҳозирча маълум эмас.
900 миллион куб метр сув сақлаш имконига эга Сардоба сув омборининг тўғони ўтган йилнинг 1 май тонгида ёрилиб кетган.

Сурат манбаси, kun.uz
Юзага келган тошқин Сирдарё вилоятининг уч ҳудудида ўн минглаб инсонлар ҳаётига зарар етказган.
Расмийлар тўрт нафар инсон ҳалок бўлгани, бир инсон бедарак кетганини маълум қилишган.
Сардоба сув омборининг ўпирилиши мустақил Ўзбекистон тарихидаги "энг йирик техноген фалокат" бўлгани айтилган.
Бунинг натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистондаги аҳоли яшайдиган масканлар, экинчилик майдонларини сув босган, катта моддий зиён етган.
Ўзбекистон расмийлари Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 2570 ҳовли-жой, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келгани, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар-жой қисман зарарлангани ҳақида ҳисобот беришган.
Шу йил март ойида Сардоба сув омборига етган зарарни қоплаш мажбурияти "ТўпалангсувГEСқурилиш" МЧЖ ва "Ўзбекистон темир йўллари" гарданига юклатилганига оид хабарлар ҳам олинганди.
"Сардоба иши" юзасидан суд ўтган йил декабрида бошланган.
Судни ёпиқ кўринишда ўтказишга қарор қилинган.
Ўзбекистон Олий суди буни жиноят иши давлат сирлари билан боғлиқ бўлгани сабаби билан изоҳлаган.
"Судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 203-моддаси (сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 258-моддаси (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланишаётгани" маълум бўлганди.
Рамазон Ҳайити

Сурат манбаси, Muslim.uz/arxiv
Ўзбекистонда Рамазон Ҳайити 13 май куни байрам қилинади.
Бу хусусда президент Шавкат Мирзиёевнинг махсус қарори эълон қилинди.
Ҳайит санасини белгилашда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қарори инобатга олингани айтилди.
14-15 май кунлари қўшимча дам олиш кунлари сифатида белгилангани ҳам маълум бўлди.
Рамазон Ҳайити карантин талабларига мувофиқ, халқнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилади.
Қарорда бунинг учун тегишли чора-тадбирлар кўриш вазифаси масъул идоралар зиммасига юклангани кўрилади.
Мазкур қарорнинг ижросини эса, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов назорат қилади.
Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.
Бундан аввал Тожикистон Уламолар Кенгаши Рамазон Ҳайитининг 13 майда бўлишини эълон қилгани хабар берилган.
Ҳарбийлар ва давлат мадҳияси
Давлат мадҳияси янграётган чоғда ҳарбийлар ўзларини қандай тутишлари керак?
Сирдарё вилоятидаги Хотира ва қадрлаш куни тантаналари ортидан, худди шу савол кун тартибига чиқди.
Маҳаллий ҳарбий блок раҳбарларининг давлат мадҳияси янграган пайтдаги хатти-ҳаракатлари акс этган видео ўтган бир кеча-кундузда кибер фазодаги кўпчиликнинг энг кўп диққат-эътиборига тушгани бўлди.
Видеода тўрт нафар ҳарбий қўлларини қаерга - бош кийимларига қўндиришми ёки кўкракларига қўйиш кераклигини билолмай, шошиб қолишган.
Бир-бирларига бунинг қай бири тўғри эканини имо-ишоралар билан тушунтиришаркан, бу ҳолат бир эмас, бир неча бор такрорланганини ҳам кўриш мумкин бўлган.
Худди шу аснода вилояти ҳокими ортида турган тўрт ҳарбийнинг яққол тушунмовчиликда экани акс этган.
Бу ҳолат акс этган видеотасвирлар интернетга сиздириларкан, ўтган бир неча соатнинг ўзида турли мем ва ҳазилларга сабаб бўлиш даражасида қизиқиш ва оммабоплик касб этган.
Ҳодисага масъуллар муносабати маълум эмас.
Аммо видео атрофидаги қизиқиш айрим маҳаллий нашрларнинг ўз изланишларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Сурат манбаси, Screenshot/socialmeadia
Улар Сирдарёда юз берган ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур воқеани ёритишаркан, ўз хабарларига давлат мадҳияси янграётган пайтда ҳарбийлар ўзини қандай тутиши кераклиги борасидаги расмий тартиб-қоидани ҳам илова қилишни унутишмаган.
Фарғонада немис аскарлари
Худди шу манзарада Фарғона вилоятида "Хотира бор экан - миллат барҳаёт" сўзлари остида Вермахт (немис) аскарлари расми туширилган кўчма плакатнинг ўрнатилгани яна бир шов-шувли хабарга айланган.
Воқеълик атрофидаги қизғин муҳокамалар манзарасида вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу масала юзасидан ўрганиш ишлари бошлангани расман хабар қилинган.
Фарғона вилояти ҳокимлиги расмий муносабатида ушбу кўчма плакат "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлимининг қўпол техник хатоси ва эътиборсизлиги натижаси" экани айтилган.
Ҳокимликнинг билдиришича, дастлабки суриштирув "интернетдан Иккинчи Жаҳон уруши даврига оид расмларга қидирув бериб, етарли билимсизлик туфайли тасодифий расм олингани, ундан плакат дизайнида фойдаланилгани"ни кўрсатган.
Энди эса, "ким плакат макетини тайёрлаган, нега бу расмни танлаган, нега тасдиқлатилмаган ҳолда ўрнатилган, буларнинг бари батафсил ўрганиб чиқилади. Айбдорларга кескин чоралар кўрилади", - дейилади вилоят ҳокимлиги расмий хабарида.
Маълум бўлишича, ҳозирда у кўчма плакат "Ватанпарварлар боғи"дан олиб ташланган.
Ўрнига Иккинчи Жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ўзбек жангчилари тасвирланган баннер ўрнатилиши айтилган.
Булутга 400 млн рубль, фахрийларга 9 млн.

Сурат манбаси, official
9 май куни Москванинг бош майдонида СССРнинг Германия фашистлари устидан қозонилган ғалабасининг 76 йиллигига бағишланган ҳарбий намойиш бўлиб ўтди.
Ғалаба намойишининг тантанали ўтиши учун 855,4 млн рубль ($12 млн. долларга яқин) маблағ сарфланган.
Унинг қарийб тенг ярми - 417 млн. рублдан ошиқроғи байрам куни ҳаво очиқ бўлиши учун булутларни ҳайдашга сарфланган.
Россияда ҳозирги кунда жами 68 минг нафар Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари яшамоқда. Уларга совға-саломлар учун 9 млн. рублдан сал ошиқ маблағ ажратилган.
Таҳлилчилар сўнгги йилларда Россия Президентининг 9 майни дабдаба билан нишонлашга катта эътибор қаратаётганига урғу бериб, "бу Улуғ ватан уруши қатнашчиларининг байрами эмас, сиёсий намойишга айланиб бўлгани"ни ёзишмоқда.
Путин кимдан норози?

Сурат манбаси, Getty Images
Владимир Путин Ғалаба намойишида "баъзи кучларнинг тарихни қайта ёзишга уринишлари" ҳақида яна сўз очди. У гап ким ҳақида кетаётганига аниқлик киритмасдан, фашистлар мафкурасининг кўп қисмини "жиҳозлашга ҳаракат қилаётганларга" қарши чиқди.
"Бугун биз мағлубиятсиз жазо берувчиларнинг йиғилишларини, уларнинг издошларини, тарихни қайта ёзишга, хиёнаткор ва жиноятчиларни оқлашга уринишларини кўрмоқдамиз, уларнинг қўлларида юз минглаб тинч одамларнинг қони бор", деди Россия президенти.
СССРнинг фашистлар Германияси устидан қозонган ғалабасининг кейинги йиллиги арафасида Давлат Думаси Совет Иттифоқи ва нацистларнинг Иккинчи жаҳон урушидаги ролини аниқлашни қонуний равишда тақиқлашни таклиф қилди.
Қонун лойиҳаси муаллифлари буни Путин номидан ишлаб чиққанликларини айтмоқдалар.
Кейинчалик, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг президент Европадаги неонацистларни, жумладан, яқинда Киевда "Галиция" бўлинмаси хотирасига бағишлаб ўтказилган юришни назарда тутганини билдирди.
Кузатувчилар йилдан йилга Россия Президентининг атрофида йирик сиёсий етакчилар камайиб бораётганини билдиришди.
Бунга бу йилги тантанали намойишда қўшни давлатлар раҳбарларидан фақатгина Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон қатнашгани сабаблардан бири бўлмоқда.
Фуқаролик нега олинади?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Россия Ички ишлар вазирлиги чет эл фуқароларини Россия фуқаролигидан маҳрум қилинишидан огоҳлантирди.
Агар Россия фуқаролигини олиш босқичларида ёлғон маълумотлар тақдим этилса ёки ҳужжат конституциявий тузумга таҳдид солувчи фаолиятни амалга ошириш учун олинган бўлса, чет эл фуқароларининг олган Россия фуқаролиги бекор қилиниши мумкин, деб ёзилган Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази хабарномасида.
Вазирлик мамлакат фуқаролигини олишда қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш ёки қасддан ёлғон маълумотни етказиш ҳоллари суд тартибида кўриб чиқилишига эътибор қаратди. Бундай ҳолда, Россия фуқаролиги ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, дейилади маълумотда.
ИИВ очиқлаган рақамларга кўра, йил бошидан буён 280 киши Россия фуқаролигидан маҳрум қилинган.
Расмий кўрсатгичлар кейинги йилларда МДҲ давлатлари фуқаролари орасида Россия фуқаролигини олувчилар сони ортиб бораётганини кўрсатаяпти.
2020 йилда 656 мингдан ортиқ киши мамлакат фуқароси бўлган бўлса, уларнинг аксарияти Украина фуқароларидир.
Россия фуқаролигини олишни истовчи Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари орасида эса, ўзбекистонликлар пешқадам. Ҳар йили 23 минг атрофидаги ўзбекистонлик Россия фуқаролигига ўтади.
Россияга поездлар қачон қатнайди?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Россия ва Қозоғистонга Ўзбекистондан қатновчи темир йўл транспортлари қатновлари қайта тикланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Россия ва Қозоғистон билан темир йўл алоқаларини янгилайди, дея хабар бермоқда "Ўзбекистон темир йўллари" матбуот хизмати.
Хабарномада ёзилишича, компания Қозоғистон ва Россия темир йўл маъмуриятларига халқаро парвозларни босқичма-босқич тиклаш бўйича мурожаатларни юборган, улар ҳар икки давлатнинг ваколатли давлат органлари томонидан кўриб чиқилмоқда ва яқин келажакда жавоб кутилмоқда.
Пандемия ортидан жорий этилган карантин чекловлари даврига қадар Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳар ҳафта 8 та рейс йўловчиларни ташиган.
Улар "Тошкент - Москва", "Aндижон - Москва", "Тошкент - Қозон", "Тошкент - Волгоград", "Тошкент - Саратов", "Тошкент - Новосибирск", "Тошкент - Уфа", "Aндижон - Уфа" темир йўл қатновларидир.
Айни пайтда Ўзбекистондан Россияга ишлашга келишни истовчи ўзбекистонликлар сони 500 мингга яқин ва уларнинг аксарияти самолетга чипталар нархлари одатдагидан 4-5 баробар қимматлиги боис, муҳожирликка кета олишмаётганини билдиришмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















