Дайжест. Россия: Манижа финалга чиқди. Ўзбекистонлик хонандалар қачон "Евронигоҳ"га боради? Ўзбекистонликлар пулини яна ким бермади? Мигрантлар Covidнинг янги тўлқинига сабаб бўладими?

Сурат манбаси, Manizha/instagram
- Манижа чиқишлари "Евронигоҳ"да энг кўп кўрилмоқда;
- 300 га яқин ўзбекистонликлар иш берувчисини изламоқда;
- Россияга қайтаётган мигрантлар коронавирусни кўпайтирадими?;
- Авиабилетлар нархлари қачон тушади?;
Манижа кучли учликда
Асли тожикистонлик хонанда Манижа "Евронигоҳ" танловининг финал босқичига ўтди.
18 май куни ўтказилган саралаш босқичи телеканаллар ва ижтимоий тармоқларда жонли эфирда намойиш этилди.
Халқаро танловда "Рус аёли" қўшиғи билан қатнашаётган Манижа Сангин кучли учликдан ўрин олди.
Натижа ҳакамлар ва яримфинал томошабинлари овозига кўра белгиланди.
"Евронигоҳ"да Россиядан номзод сифатида қатнашаётган Манижа ва унинг қўшиғи Россия медиасида энг кўп муҳокама этилган мавзулардан бири бўлди.
Ҳатто, Владимир Жириновский, Валентина Матвиенко каби расмийлар ҳам унинг иштирокини ёқлашмади ва кескин танқид қилишди.
Хонанда Манижа Сангиннинг чиқишлари "Евронигоҳ"нинг YouTube каналида энг кўп кўрилаётир.
Шундай қилиб, 22 май куни "Евронигоҳ"нинг финал босқичида Норвегия, Исроил, Малта, Кипр, Швеция, Белгия, Россия, Озарбайжон ва Украиналик хонандалар қатнашади.
1956 йилдан буён ўтказилган "Евронигоҳ" сара қўшиқлар танловида МДҲ давлатларидан Россия, Украина, Латвия, Литва, Беларусь, Арманистон, Молдова ва Озарбайжон вакиллари иштирок этиб келмоқда.
"3 ойки маош олмадик, уйга пул юбормадик!"
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
300 га яқин ўзбекистонлик муҳожирлар Москванинг Никитинская кўчасида тўпланишди.
Ишчилар 3 ой давомида "Монолиткапиталстрой" қурилиш ташкилотида иш ҳақи олишмаганлигини айтишмоқда.
Шу боис, иш берувчини излаб, унинг эҳтимолий яшаш манзилида йиғилишган. Улар иш берувчидан иш ҳақларини талаб қилишмоқчи.
Москвадаги юристлар ўзбекистонликлар тўпланмасдан олдин бу ерга полиция ходимлари йиғилганини айтишмоқда.
Муҳожирларни полиция маҳкамага олиб кетмаслиги ва бошқа кўнгилсизликлар бўлмаслиги учун улар тўпланган жойга юристлар ва миграция агентлиги вакиллари етиб боришган.
Расмийлар бу масалани қонуний йўл билан ҳал қилинишида ёрдам беришни ваъда қилишди.
"Россияда бўлиб, Россия қонунларини хурмат қилишимиз керак. Бизни ноқонуний намойишлар ўтказишга ҳаққимиз йўқ. Акс ҳолда, маъмурий жазо ва депортация муқаррар. Аммо масалани қонуний ҳал қилиш ҳуқуқимиз бор", - деди тўпланган ишчиларга миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Саиднумон Мансуров.
Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси ўзбекистонлик ишчиларга бир ойга 3 маҳал овқатли бепул ётоқхона, у ерга олиб кетиш учун автобус ташкиллаштирилиши ва бир ой ичида ўзбекистонликлар учун бошқа ишларни топиб таклиф этишни ваъда қилди.
Расмийлар, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳаракатлари билан 300 га яқин муҳожирларнинг ҳеч бирига нисбатан полиция томонидан текширув ёки ҳибслар бўлмади.
Яна мигрантлар айбдорми?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Юз минглаб мигрантлар Россияга ишлаш учун келишда назорат қоидаларига амал қилиши коронавирус билан касалланиш даражасига таъсир қилади, дея ҳисоблайди россиялик шифокор-таҳлилчи Василий Власов.
Олий иқтисодиёт мактаби профессорига кўра, "Уларнинг келиши балки эпидемиянинг янги тўлқинини юзага келтириши мумкин".
Россия Марказий Осиё давлатлари билан авиқатновларни тиклаши баробарида вирус тарқалишининг ортиши билан боғлиқ ҳавотирлар матбуотда бот-бот янграй бошлади.
"Гражданское содействие" қўмитаси (РФда хорижий агент сифатида тан олинган) раиси Светлана Ганнушкина меҳнат муҳожирларининг суғурта полислари масаласига эътибор қаратди.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Ганнушкина Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари олган суғурта полисларидан амалда фойдалана олишмаслигини билдирган.
"Агар муҳожир коронавирус билан касалланса, фақатгина "Тез ёрдам"га таянади. "Тез ёрдам" эса полиссиз ҳам, тезкор ҳолатларда тиббий ёрдам кўрсатади", - дейди Ганнушкина.
Шифокор-таҳлилчилар ва ҳуқуқ фаоллари мигрантларнинг нафақат Россияга кирганда тест текшируви, балки саломатлигини назоратга олиниши лозимлигини таъкидлашди.
Билетлар ҳалиям қиммат

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Бу вақтда эса минглаб ўзбекистонликлар Россияга ишлашга келиш учун авиабилетларнинг нархлари тушишини кутишмоқда.
Би-би-си Ўзбек хизмати кузатувига кўра, Ўзбекистондан Россияга учувчи рейсларнинг чипталари апрель ойидагига нисбатан 40 фоизга тушган.
Айни кунларда май ойининг сўнгги ҳафтаси кунларига $500 АҚШ доллари баҳосида чипта топиш мумкин. Муҳожирларга кўра, бу нарх ҳам ўта қиммат.
Пандемия давридан олдин Россия-Ўзбекистон орасида қатновчи авиарейсларнинг ўртача нархи $120 доллар атрофида бўлган.
Ўзбекистонликларнинг айримлари бу нархга ҳам самолетга чипта олишга қурби етмай, поезд ёки автобус, енгил машиналарда $60-$70 долларга йўлкира сарфлаб, 3-4 кунлаб йўл босишарди.
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон томони темир йўл қатновларини ҳам тиклаш борасида Россияга таклиф юборгани ва жавоб кутаётганини маълум қилган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















