Дайжест: Россия полицияси ўзбекистонликни нега отиб ўлдирди? Баландликда ишлашни ким истайди? Rossiya O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Толибон ҳайъати пойтахт Тошкентда

Сурат манбаси, courtesy

  • Ўзбекистон муваққат сулҳни олқишлади;
  • Қримда ўзбекистонлик муҳожир отилди;
  • Москвадаги ўзбекистонлик ва тожикистонликларнинг оммавий муштлашуви;
  • Мигрантлардан бўшаган ишларга россияликлар таклиф қилинди;

Ўзбекистон сулҳни олқишлади

Ҳужумга учраган афғон қизлари

Сурат манбаси, EPA

Ўзбекистон Рамазон Ҳайити муносабати билан Афғонистонда эълон қилинган уч кунлик муваққат сулҳни расман олқишлади.

Шу соатларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу хусусда расмий баёнот билан чиқди.

Ҳозирча қолган бирор бир минтақа давлатидан бунга ўхшаш хабар олинмаган.

Афғонистон Толибон ҳаракати ўзининг бу нияти ҳақида шу дам олиш кунларида маълум қилган.

Расмий Кобул ҳам толибларнинг муваққат сулҳ ташаббусини қўллаб-қувватлаганди.

Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик жараёнларига фаол бош қўшган минтақа давлати бўлади.

Афғонистон Толибон ҳаракати ҳам Ўзбекистоннинг бу саъй-ҳаракатларини ошкора ва расман олқишлаб келади.

Ҳаракат сўнгги бир неча йилнинг ўзида Ўзбекистонда бир неча бор амалий ташриф билан бўлган.

2019 йилги сўнгги ташрифи чоғида Қурбон Ҳайитини Ўзбекистонда қарши олган.

Ҳайит намозини эса, пойтахт Тошкентдаги масжидларнинг бири ўқигани ҳам хабар берилганди.

Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинлари

Муваққат сулҳ АҚШ Афғонистондан сўнгги қўшинларини ҳам олиб чиқиб кетиш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

Бу жорий йилнинг Афғонистон учун "ҳал қилувчи"си бўлишига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Аллақачон бутун мамлакат бўйлаб зўравонликлар кучайган.

Шу йилнинг биргина Рамазон ойида 200 дан ортиқ тинч фуқаро ўлдирилган. Юзлаб одам яраланган.

Толибон томонидан уюштирилган худкушлик ҳужумларининг ўзиёқ 15 тага етган.

Аммо толиблар Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг сўнгги баёнотини рад этиб чиқишган.

Бу каби йирик инсоний талафотлар ортида ўзлари турмаганликларини айтишган.

Ўзбекистон минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Манфаатдор томонлар, минтақавий ва халқаро ўйинчи давлатларнинг сўнгги йиллардаги сайъ-ҳаракатларига қарамай, Толибон ҳаракати ва афғон ҳукумати ўртасида ҳали-ҳануз муқим сулҳ, доимий оташкесинга эришилмаган.

Трамп маъмурияти ва ҳаракат ўртасида ўтган йил февраль ойида имзоланган илк "тарихий" битим ҳалича ўзининг самарасини бермаган.

Мулла Ахунд Бародар

Сурат манбаси, ANADOLU

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёноти сўнггида, "ушбу муборак кунларда курашаётган тарафлар томонидан ўт очишнинг тўхталиши Афғонистонда сиёсий тинчлик жараёнини илгари суриш бўйича зарур шарт-шароитларни яратишига умид қилиб қолган".

Бу Ҳайит кунларида Афғонистон Толибон ҳаракати томонидан эълон қилинаётган илк муваққат сулҳ эмас.

Толиблар кеча, сешанба куни АҚШ томонининг муваққат сулҳни узайтириш таклифини рад этишган.

Ҳаракат сўзчиси Би-би-сига "ўз олдларига қўйган мақсадларига эришмагунча, қуролларини қўлдан қўймасликлари"ни баён қилган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистондан буткул ортга сафарбарлиги Толибон муваффақиятли музокаралар учун олдинга суриб келаётган энг асосий шартлардан биттаси бўлади.

Жорий пайтда Афғонистонда Нато ваколати остида қолаётган хорижий иттифоқ қўшинларининг сони расман 9 мингдан ошади. Уларнинг чорак қисмига яқинини АҚШ ҳарбийлари ташкил этишади.

Ноқонуний тинтув ва ҳибс

Қримдаги тинтув

Сурат манбаси, official

Қримдаги Дубка қишлоғидаги битмаган уйда оиласи билан яшовчи Наби Раҳимов ФХХ томонидан ўтказилган тинтув вақтида полиция ходими томонидан отилган.

Тинтув унинг уйида ўтказилган. Бу ҳақда Қрим ва Симферополь прокуратураси маълум қилди.

Суриштирувларга кўра, бир кун олдин Қримга ишлашга келган муҳожирнинг уйига полиция келган.

Муҳожир ишга кетган, уйда унинг рафиқаси ва 2 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган.

Полиция уйда тинтув ўтказгач, мигрантнинг аёлини Совет туманидаги маҳкамага олиб кетган.

11 май куни тонгда бу уйга ФХХ қайта келиб, яна тинтув ўтказган.

Шу вақтда муҳожир Наби Раҳимов куч ишлатар тизими ходими томонидан отиб ўлдирилган.

Полиция марҳумнинг қаршилик қилганини билдирмоқда.

Адвокат воқеани ўрганиши учун уйга қўйилмаган.

Раҳимовнинг аёлига маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш очилмаган, уйида нима учун тинтув ўтказилгани ва не сабабдан уни ҳибсга олмоқчи бўлишгани тафсилотлари ҳозирча номаълум.

Қримда марҳумнинг аёлига нисбатан ноқонуний ҳибсга олиш ва уйида ўтказилган ноқонуний тинтув иши бўйича Украина ҳуқуқни муҳофаза этиш идоралари жиноий иш очди.

Қрим ва Севастополь прокуратураси тергов-суриштирув ишлари давом этаётганини билдирган.

Жанжални 2 киши бошлаган

Россиядаги қурилиш сатҳларидан бири

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Москва марказидаги Средний Тишинский кўчасидаги қурилиш майдончасида 50 га яқин қурувчилар иштирокида оммавий муштлашув бўлиб ўтди.

Полиция жанжалда иштирок этганларнинг 20 дан зиёдига далолатнома қайд этган.

Ҳуқуқ-тартибот идорасиларининг маҳаллий нашрларга маълум қилишича, оммавий муштлашув ўзбекистонликлар ва тожикистонликлар орасида юз берган.

"10 май куни бўлиб ўтган муштлашув икки ишчи ўртасида - Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароси орасидаги жанжалдан бошланди. Пол плиткаларига етказилган зарар юзасидан бўлган можаро бошқа қурувчиларнинг аралашуви билан катта жанжалга айланди. Унда 50 га яқин киши қатнашди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, оммавий муштлашув иштирокчиларига нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, ушбу факт бўйича текширувлар ўтказилмоқда.

Деразаларни ким ювади?

Россиядаги дераза ювувчи

Сурат манбаси, courtesy

Россияда меҳнат муҳожирларининг танқислашгани меҳнат бозорида кутилмаган фаолликни келтириб чиқарди.

"Зарплата.ру" хизмати таҳлилига кўра, баҳор ва ёз ойларида бозорда энг оммабоп вакансиялар - қўл меҳнати талаб қилинадиган жойлар бўлмоқда.

Айниқса, кўп қаватли биноларда бажариладиган ишларга талаб ўн баравар ошган.

Компанияларнинг деразаларини асосан Марказий осиёлик муҳожирлар ювишарди.

Мигрантлар сони сезиларли даражада камайгач, баландликдаги бу каби иш ўринлари бўш қолмоқда.

"Альпинист-дераза ювувчилар"нинг ўртача иш ҳақи тахминан 70 минг рублни ташкил қилади, деб ёзади "Зарплата.ру"

Шунингдек, баҳор ва ёзги мавсумий ишлар - йўлларни тиклаш, пойдевор-бетон ишчилари, қурувчилар, қоровуллар ва деҳқончилик ишларига талаб ошган.

"Зарплата.ру" хизмати россияликларни муҳожирларнинг бўшаган ўринларига таклиф қилиб, ўртача 40-80 минг рублгача иш ҳақи олишлари мумкинлигини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek