Ўзбекистон соя иқтисоди нима ва у қандай пайдо бўлган? Янгиликлар O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Ezgulik
Президент Шавкат Мирзиёев, яширин иқтисодиёт Ўзбекистон учун долзарб масала, деб айтди, масъул раҳбарларга яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чораларини кўриш буйруғини берди.
2023 йил октябрида расмий идоралар эълон қилган таҳлилларга кўра, соя иқтисоди Ўзбекистон Ялпи Ички маҳсулотининг қарийб 40 фоизи ёки 32 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: Иқтисодчилар нега хорижий компаниялар сони қисқаргани ҳақида - Видео
- Ўзбекистон ва қиш: Биз ойма-ой тўлаётган иссиқлик учун пулларимиз қаерга кетяпти, тўлаётган солиқларимиз-чи?
- Ўзбекистонда "коррупцияга ботган" амалдорларга қарши "ов" бошландими?
- Ўзбекистон: Болаларни порахўрлик ўлдирдими?
- Қатар амирининг коррупцияга қарши юксак халқаро мукофоти Тошкентда топширилди
2018 йили соя иқтисоди Ўзбекистон ЯИМининг 50 фоизигача ҳам кўтарилган бўлиши мумкинлиги айтилганди.
Хўш, Ўзбекистон соя иқтисодиёти нима ва у нега пайдо бўлган?
Яширин ёки соя иқтисодиёти, жуда жўн қилиб тушунтирганда, ҳақиқий даромадини кам кўрсатиб давлат ғазнасига кам солиқ тўлаш ёки олди-сотдисини, қилган иш ёки хизмати ҳақини умуман давлатдан яшириш мақсади кўзланган иқтисодий фаолиятдир.
Тан олиш керакки, контрабанда йўли билан олиб кирилган сигаретани "под прилавка" сотаётган ва бундан топган даромадини ҳеч қайси ҳужжатда қайд этмайдиган дўкондор дунёнинг энг ривожланган Америка ёки Британиядек мамлакатларида ҳам топилади, фақат аксар ривожланган мамлакатлар иқтисодиётида соя иқтисодининг улуши унча катта рақамни ташкил этмайди, ҳукуматлар бу улушни камайтириш чораларини кўришга интиладилар.
Соядаги ёки қоғозга тушмаган иқтисодиёт Ўзбекистонда СССР замонида пайдо бўлган, бунинг асосий сабаби Советнинг қусурли план экономикасидир.
Шўролар иттифоқида инсон ҳаёти учун зарур товарлар ҳар доим дефицит бўлган, завод, фабрика ёки бошқа йирик корхоналарнинг омборларида эса автомобил ёқилғиси ёки эҳтиёт қисмлари керагидан ортиқ сақланган.
Тадбиркорлик жиноят саналган, коррупция урчиган бундай жамиятда ҳайдовчи ўз хизмат автомобилига қуйган текин бензинининг бир қисмини сотиб шахсий даромад топиши оддий аҳволга айланган.

Соя иқтисодига бағишланган тадқиқотлардан бирида 1970 йилларда йирик шаҳарлардаги бензиннинг 33 фоиздан 65 фоизгачаси ўғирланган бензин бўлгани аниқланган.
Қўшиб ёзиш билан ҳам давлат хазинасидан пул олиш имконияти бўлган, минглаб сондаги чорва моллари ҳеч жойда қайд этилмаган.
Бунда оддий одамларнинг давлат ва давлатнинг молиявий ташкилотларига ишонмаслиги муҳим ўрин тутган.
Аҳолида озроқ пул жамғариш имконияти 1970, 1980 йилларда пайдо бўлган, ўшанда ҳам аксар ўзбеклар пулини ҳукумат тинмай тарғиб қиладиган омонат кассасига эмас, кўрпачаси қатига ишонган.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейинги оила боқиш қийинлашган, конвертация "ёпилган" йилларда яширин иқтисодиёт аксар ўзбекистонликларни "оғир кунда қутқарган" даромад манбаи бўлганини аксар иқтисодий таҳлилчилар эътироф этадилар.
Президент Мирзиёевнинг тадбиркорликка тўсиқларни камайтириш, солиқ фоизларини тушириш ислоҳотлари ҳам соя иқтисодиётини кичрайтирмагани аёнлашмоқда, бунда коррупция асосий роль ўйнаяпти.

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати
Йўқса, Президент Мирзиёев ўз маърузасида айтганидек, 5 миллиард сўмга мактаб қураётган 10947 та қурилиш ташкилоти "битта ходимим бор" деб ҳисобот тақдим этаётганини масъул идоралар билмасмиди?
Соя иқтисодиёти улуши нега катта?
Авваламбор, бирор бир мамлакатда яширин иқтисод улушини аниқ-тиниқ ўлчаш имконсиз, боиси, бундай фаолият учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Ноқонуний иш қилаётганини контрабандачи ҳам, ўша контрабанда товарни сотаётган шахс ҳам, буларга кўз юмиши эвазига ноқонуний даромад топаётган давлат амалдори ҳам яхши тушунади, шунинг учун ҳам буни яширинча қилишга интиладилар.
Масъул идоралар фақат тахминий рақамни бера олишлари мумкин.
2019 йили Ўзбекистонда соҳаларига қараб яширин иқтисодиёт улуши 48 дан 62 фоизгачани ташкил этиши мумкин деб айтилган.
Охирги йиллардаги Ўзбекистондаги очиқлик сиёсати сабабли турли статистик маълумотлар жамоатчиликка ошкор этилаётгани ҳам яширин иқтисодиёт улуши каттариб бораётгандек таассурот уйғотиши ҳам мумкин.
Соя иқтисоди мамлакат ва бизнесга қандай зарар етказади?

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Иқтисодий таҳлилчилар яширин иқтисоднинг ҳам салбий ва ҳам ижобий тарафи борлигини айтишади.
Ижобийси, 2000 йиллардаги маошлар оилани боқишга етмаган Ўзбекистон шароитида одамлар ўзини соя иқтисодида банд қилдилар, бу улуш катталиги ижтимоий портлашлар олдини олади, деб кўрилади.
Салбий томони, агар Жаҳон Банки Ўзбекистон ЯИМини 80 миллиард деб ҳисоблаётган бўлса, 32 миллиард доллар тушум давлат бюджетига тушмай қолаётганидир.
Яна бир зарари - қонунан солиқ тўлашга рағбатни ўлдириши. Даромадини яшириб бойиб бораётган ширкатни кўрган бошқа турдош ширкатнинг солиқ тўлашга рағбати сўнади, бу ялпи солиқ тушуми пасайишига етаклаши мумкин.
Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда бугун яширин иқтисодиёт улуши катта бўлиб қолаётгани сабаблари бир нечта.
Уларнинг биринчиси, хўжалик ишларига давлат аралашувининг ҳамон кўплиги
Бугунги кунда Ўзбекистонда ўз бизнесини расман рўйхатдан ўтказиб фаолият юритаётган тадбиркор "тўла эркинман" деб айтоладими? "Туман ҳокими ёки бошқа мансабдор фалон мақсадга шунча пул ўтказасан деб зуғум қилмайди", деёладими? Ўз даромадининг маълум бир қисмини тумандаги қурилиш ёки бирор тадбирга ўтказишга оғзаки мажбур этилган бизнесмен кейин солиқ ҳисоботида ўша суммани кўрсатади, дейсизми?
Нега дўконлар ёки тамаддихоналар мижозга қоғоз чек беришни хушламайдилар? Чунки эрта топширадиган ҳисоботида қайсидир давлат амалдорининг ҳақи тўланмаган зиёфатини "тўғрилаб" киритиши учун "туйнук" қолдириши зарур. Агар даромадини кўп қилиб ёзса, солиқ ҳам кўп тўлаши керак, унда ўзига мўлжаллаган даромади "қолмайди.

Сурат манбаси, .
Иккинчи сабаб, ҳамон солиқ юкининг оғирлиги
Ўзбекистон ҳукумати тадбиркорларни шаффоф солиқ тўлашга рағбатлантириш мақсадини кўзлаб Қўшилган Қиймат солиғини 12 фоизга туширган, аммо бу ҳамон кўзланган самарани бермаётганини расмий мулозимларнинг ўзлари ҳам тан олмоқдалар.
Демак, шундай шароит яратилиши керакки, қаердадир расман ишлаганидан кўра "киракашлик қилганим афзал", деган таксичи учун ҳам тўлайдиган солиғи малол келмасин.
Киракашлик охирги 30 йилда кўплаб ўзбекистонликлар учун оиласини боқиш учун етарли даромад топиш имконини берадиган кам сонли касблардан бирига айланди, айни пайтда автотранспорт соя иқтисодидаги улуши энг юқори соҳалардан бири бўлиб қолган.
"Чунки расман рўйхатдан ўтиб солиқ тўласам, ўзимга етарли пул қолмайди" дейишади таксичилар.
Учинчи сабаб, коррупция
Ўзбекистонда 10947 қурилиш ташкилотининг "фақат бир ходимни ишлатаяпман" деган ҳисоботини текшириши лозим бўлган ташкилот фақат солиқ идораси эмас.
Демак, бир неча ташкилот масъулларидан ниманинг эвазига бу сохта ҳисоботга "кўз юмганлари сабаби" сўралмоғи лозим.
Кўплаб иқтисодий таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонда ҳужжатлар, иш юритиш тобора рақамлаштириб борилаётгани яширин иқтисоди улуши камайишига ҳам олиб келади.
Иқтисодий таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда ҳамон одамлар банк картаси билан эмас, нақд пулда олди-бердини афзал биладилар, бу ҳам давлат ва банкларга ишончнинг индикатори бўлиб хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев соя иқтисодиётига бағишланган ҳукумат мажлисида Бош Прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши департаменти фаолияти буткул ўзгартирилишини айтди, бу департаментнинг аҳволни ўрганиб таҳлил қиладиган маркази ташкил этиладиган бўлди.
Маҳаллий матбуот Президент Мирзиёев "Яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган фармонни имзолагани ҳақида хабар тарқатдилар.
Бу фармоннинг мақсади шундай ифодаланади:
- қонунга итоаткор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, яширин иқтисодиётни репрессив йўл билан эмас, балки уларни рағбатлантириш механизмлари ва амалий кўмак бериш орқали кўламини камайтириш;
- жазолов чораларини кучайтиришдан воз кечган ҳолда инсофли тадбиркорни ҳимоя қилиш, уларга ҳақиқий кўмакчи бўлиш ҳамда бизнес ривожига тўсиқ бўлувчи коррупцион омилларга барҳам бериш.
Бу мақсаддаги ишлар қанчалар самара берганини бир йилдан кейин - Ўзбекистондаги соя иқтисодининг улушига бағишланган янги ҳисобот эълон қилинганида ундаги рақамларни таҳлил қилиш билан хулоса чиқариш мумкин бўлади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















