Икки минг кунда бузилган сукунат: Ўзбекистонда “коррупцияга ботган” амалдорларга қарши “ов” бошландими? Янгиликлар

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Декабрь ойи давомида ўндан ортиқ мансабдор ҳибсга олинди. Улар орасида вазирдан тортиб ўрта бўғим масъул раҳбарларигача бор. Воқеалар силсиласини кузатаётган жамоатчилик коррупцияга қарши кенг кўламли кураш бошланганини тахмин қилмоқда.
Ҳибслар Қатар амири таъсис этган коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро мукофотнинг Тошкентда топширилгани ва давом этаётган "кўча"га қарши рейдлар манзарасида кечмоқда.
Хабарлар орасида энг шов-шувлиси қишлоқ хўжалиги собиқ вазири Азиз Воитовнинг қўлга олингани бўлган.
Кўплаб кузатувчилар мамлакатнинг яқин тарихи ичида вазирнинг ҳибсга олинганини "эслай олмаслиги" ҳақида ёзган.
Ўтган қисқа вақт давомида маҳаллий матбуот ўндан зиёд турли даражадаги мансабдор шахс коррупцион ҳаракатларни амалга оширишда гумонланиб ҳибсга олинганини хабар қилган.
Хабарлар мазмунидан мамлакат бўйлаб коррупция, талон-тарож ва мансаб ваколатини суистеъмол қилишга қарши тадбирлар ўтказилаётгани англашилади.
Бу орада маҳаллий сайтлардан бирига президентнинг ёпиқ селекторда коррупция даражасидан норозилик билдиргани тўғрисида маълумот сиздирилган.
Ўтказилаётган тадбирлар борасида батафсил ахборот тақдим этилмаётгани боис жамоатчилик "коррупцияга қарши тадбирлар" дея атаётган амалиётлар қанчалик тизимли олиб борилмоқда, деган савол ўртага чиққан.
Алоқадор мавзулар:
Кимлар ҳибсга олинди?

Сурат манбаси, Toshkent viloyati hokimligi
Декабрь ўртасида бир мунча муддат аввал лавозимидан олинган собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалган.
18 декабрь куни бу хабарлар расман тасдиқланган.
Маълум бўлишича, октябрь охирида ишдан бўшатилган 43 яшар Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми "а" банди ва 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилиниши ортидан 14 декабрь куни тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Тасдиқланмаган хабарларга кўра, собиқ вазир август ойида Бухоро вилоятида ўтган ёпиқ селектор мажлисида президентнинг қаттиқ танқидига учраган.
18 декабрь куни маҳаллий Bugun.uz сайтига айни мажлисда Шавкат Мирзиёев Воитовни "ҳамма жойни коррупция қилгани учун" даккилагани тўғрисида маълумот сиздирилган.
Ўз манбасига таянган нашр, шунингдек, "Азиз Воитовнинг селекторда давлат раҳбаридан гап эшитиши махсус хизматлар президентга собиқ қишлоқ хўжалиги вазири фаолияти билан боғлиқ барча ишлар ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этганидан сўнг юз берган"и ҳақида ёзган.
Жамоатчилик Воитовни Мирзиёев даврида расман "айбловга тортилгани оммага маълум бўлган илк вазир" ўлароқ кўрган.
Бироқ собиқ вазир айнан нималарда айбланаётгани тўғрисида ахборот берилмаган.
Воитовнинг ҳибсга олиниши овозаси ҳали босилмасдан туриб, август ойидан бери Бекобод туманини бошқариб келаётган Шуҳрат Мирзаев "коррупцияга қарши курашиш тадбири доирасида" қўлга олингани хабар қилинган.
Daryo.uz нашри ўз манбасига таяниб, Мирзаев "15 декабрь куни кечки пайт хизмат уйидан олиб кетилгани"ни ёзган.

Сурат манбаси, Buxoro viloyati hokimligi
Ҳозиргача расмий изоҳ берилмаган маҳаллий матбуотда чиққан бу хабарларда туман ҳокими "бюджет пулларини ўзлаштирганликда айбланаётгани" айтилади.
19 декабрь куни Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Саидаҳмад Султонов мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколатидан четга чиқишда гумонланиб, қамоққа олингани расман маълум этилган.
Расмий хабарда 48 яшар Султоновга нисбатан 16 декабрь куни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани билдирилган.
19 декабрь куни Бухоро вилоят судлари расмий Телеграм каналида Бухоро туманига 2020 йилдан шу йилнинг июль ойигача раҳбарлик қилган Хайрулло Жўраев ҳибсга олингани тўғрисида хабар пайдо бўлган.
Расмий хабарда 50 яшар собиқ ҳоким Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми "а" банди, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми, 209-модда (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми "а" банди, 229-4-моддаси (ўзбошимчалик билан ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, 16 декабрь куни унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллангани айтилади.
Бир вақтнинг ўзида, Kun.uz нашри Марказий Банкнинг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Эркин Мансуров ҳам ҳибс этилгани тўғрисида хабар тарқатган.
44 яшар Мансуров қўлга олинганини таҳририятга Бухоро вилояти прокуратураси ҳам тасдиқлаганини билдирган нашр МБ вакили "жиноий гуруҳлар билан тил бириктириб, ноқонуний кредит ажратишга ёрдам берганликда ва қарийб $20 миллион миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштиришда иштирок этганликда гумонланаётгани"ни ёзган.

Сурат манбаси, DXX
19 декабрь куни маҳаллий матбуот Солиқ қўмитасининг исми ошкор этилмаган уч нафар мансабдори ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини яширганликда гумонланиб қўлга олингани борасида ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилган.
20 декабрь куни ДХХ Самарқанд вилоятида "нафси ҳакалак отган" қатор мансабдорлар пора билан қўлга тушганини маълум қилган.
Хабарда сув, газ таъминоти, қурилиш ва банк соҳаларида фаолият юритган бу шахслар маблағларни талон-тарож қилиш ва ўзлаштириш, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятига амалий ёрдам беришда айбланаётгани айтилади.
"Юртдошларимизда давлат идораларига ва шу аснода мамлакатимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинаётган қарор ва фармонларга нисбатан ишончсизлик кайфияти уйғонишига сабаб бўлиш, шунингдек, қонун ва қонуности ҳужжатларни била туриб бузиш оқлаб бўлмас жиноятдир. Жиноят эса ҳеч вақт жазосиз қолмагай", таъкидланади ДХХ расмий хабарида.
Муносабат
Асосан, маҳаллий нашрларнинг шахси ошкор этилмаган манбалари берган маълумотлар асосида матбуотда пайдо бўлаётган бундай хабарларни жамоатчилик турли кайфиятда қабул қилган.
Кузатувчиларнинг аксари мансабдорларнинг ҳибсга олиниши бир неча кун ичида рўй берганига эътибор қаратган.

Шунингдек, асосан, ўринбосарлар ва ёрдамчиларнинг пора билан қўлга тушгани ҳақидаги хабарларга кўниккан жамоатчилик залворли мақомдаги амалдорларнинг қисқа вақт ичида қўққис қўлга олина бошлангани сабабига қизиқиш билдирган.
Давом этаётган жараён олий ҳокимият коррупцияга қарши кенг кўламли кураш бошлагани муждаси ўлароқ кўрилган фикрлар ҳам юзага чиққан.
"Қўлга олинганлар анча йирик мансабдорлар ҳисобланади. Вазир, туман ҳокимлари, вилоят ҳокими ўринбосари, солиқ катталари ва бошқалар. Биргина туман ҳокими қўлга олингани ҳақида халққа берилган маълумотга ҳам 2 минг кундан ортиқ вақт ўтганди. Охирги марта вазир айблови ҳақида хабар берилгани эса эсимда йўқ экан. Президентнинг "сенлар менинг вакилимсан" деган гапини суистеъмол қилиб келган ҳокимларга бўлган бу "рейд" бошқа ҳокимларни ҳам сергаклантириб қўяди. Қуйи тизимдаги коррупционерларни эса айтмай қўя қолай. Айни ҳолат ҳокимлардаги "дахлсизлик ҳуқуқи" муддати тугаганини кўрсатади", ёзган таниқли юрист-блогер Зафарбек Солижонов.
Айримлар коррупцион ҳаракатларда гумонланган мансабдорларнинг ёшига эътибор қаратган.
"Энг ачинарлиси, мамлакатда коррупция ёшараётганлигини кузатишдир!", дея ёзган Facebook'даги Poraxo'r.uz саҳифаси муаллифи.

Кўплаб фикр билдирувчилар "давлатнинг кутилмаган қадами" дея кўрилган мазкур тадбирлар Қатар амири таъсис этган коррупцияга қарши юксак халқаро мукофотнинг Тошкентда топширилиши санаси атрофида кечганига диққат қаратган.
Шу сабабдан ушбу тадбир арафасида - халқаро матбуот назарига тушишдан олдин - расмий Тошкент "майдонни тозалаган"ига оид қарашлар ҳам юзага чиққан.
"Оммавий қама-қамаларнинг мантиғини тушуниш қизиқ. Хўш, бу нима, секинлашган ислоҳотлар ғилдирагига итариш кучи билан таъсир ўтказишми, қўшнилардаги каби "кўча"га қарши урушнинг янги босқичими, бюджет тақчиллиги сабабларини ўрганиш ва ёки Қатар амири учун қилинаётган мушакбозлик? Ҳаракатларидаги мантиқни тушунтириб, гапириб туришса яхши бўларди. Аксига олиб бизда амалдан кетган собиқлар ҳам гапиравермайди, ҳокимият қоидалари ҳақида маза қилиб гаплашай десанг", дея расмийларга бу тадбирлар сабаби борасида савол ташлаган журналист Илёс Сафаров.
Ўртага ташланган бошқа бир савол коррупцияга қарши кураш қанчалик тизимли ва изчил давом этиши ҳақида бўлган.
Блогер Мирсаид Ҳайдаровнинг фикрича, Ўзбекистон "коррупция ботқоғидан чиқяпти".
"Худди коррупциявий ҳолатлар олдингидан кўпайиб кетганга ўхшайди, аслида бу очиқлик сиёсати сабаб қозонга чиқиб қоляпти. Қўлга тушган чиновниклар ва коррцпциявий ҳолатлар бўйича ОАВлар сразу ёзмоқда. Ҳозир истаган одам ҳар қандай давлат ташкилотини харидлари ва тендерларини кузатиб ўтириши мумкин. Ерларни ёки давлат мулкларини кимлар сотиб олганини онлайн кўрса бўлади. Мана шу ислоҳотлар бардавом бўлсин, коррупция батамом туганини кўриш бизларга насиб қилсин!".

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Бироқ айрим фикр билдирувчилар ўтган бир неча йил давомида ҳукумат коррупцияга оид кескин айбловлардан иборат хабарлар ва бир қанча журналистлик суриштирувларига "беписандлик билан қарагани"ни тилга олиб, олий ҳокимият коррупцион схемаларнинг асосий бузрукворлари кўрилган айрим юқори мансабдорларнинг танобини тортиб қўйиш кайфиятида эмаслигини таъкидлаган.
"Гулнора, Шоввозсой, Сардоба найранглари, сохта тендерга асосланган $600 миллионга тенг газ ҳисоблагичлар, виждонсиз қурилиш компаниялари ва ҳокимият вакиллари тил бириктириши ортидан сносга тушган уйлар, ҳ****ларга бериб юборилиши билан таназзулга юз тутган газ қазиб олиш сектори, хитойлик мафиозлар назоратига ўтган улгуржи савдони эслайлик. Буларнинг кўлами Абу-Саҳий атрофида бўлаётган воқеалардан ошиб кетди", дея муносабат билдирган Лондондаги таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов Тошкент марказида коррупцияга қарши курашни ифодаловчи монумент ўрнатилганига.
Ўзбекистонда амалдорларнинг коррупцияга аралашиши, айниқса, элитар коррупция кенг авж олгани айтилади.
Аввалроқ, Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев 2018-2020 йиллар давомида қарийб икки минг нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилгани, ундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 2 триллион сўмдан ошганини маълум қилганди.
Июль ойида ўтган инаугурация нутқида учинчи бор лавозимига киришаётган президент Шавкат Мирзиёев "коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан узил-кесил хайрлашиши"ни таъкидлаган эди.
Transparency International ташкилотининг 2022 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 180 давлат орасидан 31 балл (100 балл энг ижобий натижа ўлароқ ҳисобланган ҳолда) билан 126-ўринни эгаллаган.
Мамлакат айни индекснинг 2020 йил учун талқинида 146-ўринни эгаллаган эди (2016 йилда 156-ўринда бўлган).
Мазкур индексга оид январь ойида эълон қилинган изоҳда Transparency International Ўзбекистоннинг аксил-коррупция ва шаффофликни таъминлаш йўлида ҳаракатлар олиб бораётгани, унинг рейтингдаги ўрни бардавом яхшиланаётганини олқишлаган бўлсада, мамлакатда янада очилиши лозимлигини таъкидлаган.
"Ўзбекистон фаоллар ва фуқаролик жамияти вакиллари таъқиблар, сўроқларга учрашда давом этаётган авторитар давлатлигича қолмоқда. Мамлакат фуқаролик майдонини тўлиқ эркинлаштирмас экан, коррупция билан боғлиқ муаммоларни батамом бартараф этолмайди", дейилади ташкилотнинг тилга олинган изоҳида.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














