Transparency International: Ўзбекистон ҳамон коррупция авж олган давлатлар қаторида қолмоқда, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Transparency international

Сурат манбаси, Transparency international

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Transparency International ҳисоботига кўра, жаҳон бўйлаб коррупция даражаси рўйхатида Ўзбекистон ҳамон 7 поғонага кўтарилгани аслида эътиборга лойиқ ўзгариш эмас.

Бу рўйхатда жиддий "кўтарилган"лар қаторида Грузия, Арманистон ва Белорус бор.

Марказий Осиё мамлакатларидан Қирғизистонда сезиларли ўзгариш бўлгани айтилади.

Шунда ҳам коронавирус билан курашда бу мамлакатдаги коррупция ва шаффофлик етишмаслиги яққол кўриниб қолган.

Ўзбекистоннинг йил бўйи етти поғонага кўтарилгани эса ўзбекистонликлар ҳаётида аксини топгани йўқ.

Буни билиш учун ижтимоий тармоқларга бир қур назар ташлаш кифоя.

BBC

Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар ёки изоҳларнинг сон-саноғи йўқ.

Минтақа давлатлари орасида Ўзбекистондан кейин Тожикистон ва Туркманистон ўрин олгани ҳам вазият яхшиланганидан дарак бермайди.

Бизга ўғрилар керак эмас - Мирзиёев

President.uz/BBCUZBEK

Сурат манбаси, President.uz/BBCUZBEK

Мамлакат жаҳон ҳамжамияти назарида коррупция ботқоғида яшаган ўнлаб йиллар назарда тутилса, ўтган тўрт йил ичида айни мавзуда нисбатан ошкора гапирилаётганини ўзгариш деб аташ мумкин.

Президент Мирзиёевнинг ўзи бир эмас, бир неча марта айни иллатнинг мавжудлигини эътироф этди.

Сўнгги чиқишларидан бири у очиқчасига "Ўзбекистонда коррупцияни йўқ қила олмаяпмиз", деди.

"Биз энг аввало коррупцияга қарши курашни жадаллаштиришимиз лозим. Коррупция бўйича алоҳида селектор йиғилиши ўтказилади. Ҳар бир туман алоҳида ўрганилади, менга бу бўйича ташхис керак. Нима учун раҳбарлар тузалмаяпти, ҳаммасини билишимиз керак. Бунинг учун бир ой муддат берилади. Сув таъминоти, йўл қурилиши, мактаблар таъмири — ҳаммасида ўғрилик бор. Қарз олиб қилаётган ишларимизда ҳам юлғичлик кузатилмоқда. Шу сабабли ҳар бир соҳа бўйича ташхис бўлиши шарт. Бизга ўғрилар керак эмас. Қонун устивор, жазо муқаррар бўлиши керак"

Ўзбекистонлик журналистлардан бири Би-би-си билан суҳбатда президент Мирзиёевнинг бошқарув йилларига баҳо берар экан, Каримов давридагидан вазият кескин ўзгармаганини айтади.

Аммо " шифокорга борган одам дардини айтмаса, даво олиши деярли имконсиз. Биз мамлакатнинг бугунга қадар энг катта ва хатарли касаллиги бўлган коррупция ҳақида нисбатан очиқ гапира бошладик", дейди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek