Ўзбекистон ва қиш: Биз ойма-ой тўлаётган иссиқлик учун пулларимиз қаерга кетяпти, тўлаётган солиқларимиз-чи?

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 12 декабрь куни қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вазифаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар тарқатди давлат раҳбарининг расмий сайти. Унга кўра, "бугундан бошлаб" барча ҳуқуқ тартибот органлари ва ижтимоий инфратузилма хизматлари 24 соатлик иш тартибига ўтиши белгиланди.
"Маълумки, ўтган қишдаги совуқдан келиб чиқиб, бу мавсумга жиддий тайёргарлик кўрилди. Ички имкониятлар тўла ишга солиниб, тармоқлар модернизация қилинди. Муассаса, корхона ва маҳаллалардаги камчиликлар бартараф этилди", - дейилади хабарда.
Унга кўра, қисқа вақтда 675 мегаватт ишга туширилди, йил якунига қадар 2,2 минг мегаваттли 7 та станция ишга туширилади. Шунингдек, 100 та подстанция, 11,5 мингта трансформатор ва 34 минг километр тармоқлар янгиланди.
Аммо, шу кунларда совуқ ҳаво кириб келиши ва қор ёғиши билан Ўзбекистон аҳолиси орасида газ, электр қуввати ва ёқилғи етишмовчилиги бўйича шикоятлар бошланиб кетган.
Ўтган йилларда бу каби шикоятлар асосан республика бўйлаб янграган бўлса, эндиликда уларнинг кўплари пойтахт тошкентликларга тўғри келиши кўриш мумкин.
2022-2023 йилнинг аномал совуқ келган қиш мавсуми Ўзбекистонда мисли кўрилмаган энергетика инқирозини келтириб чиқарган эди.

Бу йил ноябрида давлат раҳбари бу каби инқироз қайталанмаслигига қуйидаги ишора қилди:
«Бу йил энергетика тизимини яхшилашга 14,5 триллион сўм бердик. Энди соҳа раҳбарлари масъулиятни тўлиқ зиммасига олиб, энергия етказиб беришни кафолатли таъминлаши зарур.»
Аммо, президент айтган бу кафолатли таъминот нафақат марказдан олис вилоятларда, балки пойтахт марказида ҳам юз бермаяпти.
«Мен ҳам ўзбек энергетиклари ва электриклари жазосига тушдим. Бир фазали ҳисоблагич, истеъмолда чеклов йўқ. Лекин светни ўчиришди. Тўлов тизимлари ҳисобимдаги кўрсаткич ва балансни кўрсатяпти, уларнинг компютерида эса - йўқ. Яшнобод тумани электр тармоқлари идораси - барак. Чироқ милтиллаб турибди. Ходимлар чарчаган, давлат тузилмасининг жонсиз қобиқлари. Бир одам тўртта телефонда ўтириб норозиларнинг қўнғироқларига жавоб беряпти. Бутун туманга битта мужик. У келиб ўз қўли билан нимадир қилиши керак. Балки тугмачани босиши, балки яна нимадир», - деб ёзади тошкентлик Али Қаҳҳоров.

Собиқ депутат Расул Қушербаевга ўз телеграм каналида ўзига келиб тушган баъзи мурожаатларни чоп қилди.
«Мана аномал совуқлар бошланди. Бизни қишлоғимизга суюлтирилган газ етказиб берувчилар келмайди. Телефон қиласиз кўтармайди. 5 нафар фарзандим бор. Қийинчилик келиб чиқаябди. Президентимизнинг аномал совуққа тайёрланинглар, деган гаплари қишлоққа етиб келмаябди. Буларнинг устидан чора кўрадиган ташкилот борми? Олдинлари битта газ балон бир ойга етарди, хозир бир бир ярим ойда олиб келаётган газ балон 15 кунга ҳам етмаяпти. Чора кўрадиган биронта одам топилармикан деган умидда мурожаат йуўллаябман. Бу аномал совуқ бўлади, деб бир ой олдин башорат қилинганди. Булар ҳеч қачон ўз вақтида олиб келмаган», деб ёзади жиззахлик киши.
«Тошкент шаҳар, Яшнобод туманидан мурожаат этяпман. Домимизда иссиқлик тизими умуман ишламаяпти. Бу ҳақида жуда кўп бора тегишли ташкилот ва вазирликларга мурожаат қилганимизга қарамасдан бугунги кунга қадар умуман натижа бўлмади. Ҳатто Президент ва бош вазир қабулҳоналарига йўллаган мурожаатларимизам фойда бермади. Бугунги кунги совуқдан ёш болаларимиз жуда азият чекмоқда. Домдаги вазиятни биргина ушбу расм орқалик ҳам билиб олиш мумкин. Биз ойма-ой тўлаётган иссиқлик учун пулларимиз қаерга кетяпти, тўлаётган солиқларимиз-чи?? Ваъда беришгандан кейин уддасидан чиқишлари керакда. Узи шундоғам ҳукумат аъзоларига бўлган ишонч йўқолиб бўлди», - деб ёзади яна бир арздор.

Сурат манбаси, t.me/Kusherbayevga_murojaat
President.uz сайтидаги хабарда эса Тошкент шаҳрида аҳоли кўплиги ва талаб юқорилиги боис «бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди», дейилади. «Хусусан, пойтахтимизда жами қуввати 286 мегаваттга тенг 2 та янги подстанция қурилди. 228 та трансформатор, 1 минг 130 километр тармоқлар янгиланди. 260 километр юқори кучланишли кабел тармоқлари тортилди.»
Хабарда президент ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларга алоҳида эътибор қаратгани айтилади.
«Масалан, Наманган вилоятидаги газ қуйиш шохобчаларида газ камайган. Андижон вилоятининг Балиқчи, Пахтаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳаво совуши билан электр энергияси билан боғлиқ муаммолар кўпайган. Қашқадарё вилояти Ғузор ва Касби туманларида чироқ кўп ўчаётгани маълум қилинган. Давлат раҳбари бундай камчиликларни бартараф этиш ва келгусида олдини олиш лозимлиги яна бир бор таъкидлаб ўтди. Электр тармоқлари ва газ таъминоти мутасаддиларига авария бригадаларини шай ҳолатга келтириб, туну кун ишлашини таъминлаш, зарур восита ва материаллар захирасини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди», дейилади расмий хабарда.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.












