Янгиликлар. Ўзбекистон: Европа Ўзбекистонга очилишга мажбур бўладими? Кўпхотинлиликка рухсат?.. Тўрт эркак бир аёлни зўрладими?

Сурат манбаси, .
Ўзбекистонда гап...
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Украина Ўзбекистондаги ҳамма рақибларини уриб ташладими?
- Янгиликлар. Ўзбекистон: И-е, сомсанинг пиёзи қани ёки топган гул, топмаган бир боғ пиёз - нарх ошиши қанчалик жиддий?
- Ўзбекистон: Мирзиёев қўшхотинлиликни йўқотолмади, йўқотолмайдими?
- Хоразмда зўрланган етим қизлар можароси - ЮНИСЕФ болалар ҳимояси вазирлигини очишни таклиф қилди
Янги бозор?..
Тонналаб Ўзбек пиёзи Европа Иттифоқи бозорида.
EastFruit халқаро лойиҳаси яна ўзининг эътиборини Ўзбекистонга қаратди.
Халқаро лойиҳа экспертларига кўра, пиёз экспортига қўйилган тақиқ бекор бўлгач, Ўзбекистон ўтган ой охиригача Латвия бозорига 3.3 тоннадан зиёд пиёз чиқарган.
Рига бозорида бир кило Ўзбек пиёзи 1,29 еврога сотилган.
Бу - 16,689 Ўзбек сўмига тенг, дейди EastFruit.
Халқаро лойиҳанинг ёзишича, Ўзбекистонда пиёзнинг улгуржи нархи ҳозирда барқарор, бир килосининг қиймати тахминан 2500 сўм ёки 0,19 еврони ташкил этади.
Яъни, бошқача сўз билан айтганда, Ўзбек пиёзининг нархи Ўзбекистонда сотилгандан бошлаб Латвия супермаркетларига етиб боргунча олти баробардан кўпроққа ошади.
Агар, EastFruit нинг ҳисоб-китобларига таянилса, кечаётган йилда Ўзбекистондан пиёз экспорти барча рекордларни урган.
Халқаро лойиҳага кўра, бунга дунёнинг қатор минтақалари, шу жумладан, Европада ҳам пиёз тақчиллиги сабаб бўлган.
Ўзбек пиёзи Латвия мисолида Европа Иттифоқи бозорига етиб бориши учун узоқ - 4 минг чақиримча йўл босиб ўтиши лозим бўлади.
EastFruit нинг ўз ўрнида қайд этишича, юқори транспорт харажатларини ҳисобга олган ҳолда пиёз, одатда, музлатгичсиз уловда ташилади.
Бу эса, уларнинг сифат параметрларига салбий таъсир қилади, музлатгичли уловдан фойдаланилган тақдирда эса, харажати ошиб кетади, Европа Иттифоқи маҳсулотлари билан беллаша олмайди, дейди халқаро лойиҳа.
Ўзбекистон президенти шу йил июнь ойида Қирғизистоннинг Чўлпонотасида бўлиб ўтган "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" форматидаги сўнгги саммитда хос эътибор қаратган масалалардан бири ҳам савдо бўлган.
Шавкат Мирзиёев ўшанда Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан савдо муносабатларини тубдан кенгайтириш, энг аввало, барқарор савдо-логистика занжирлари ва ўзаро маҳсулот етказиб беришни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратишдан манфаатдор эканлигини таъкидлаган.
Ўзбекистон президенти экспортчилари Европа бозорига умумий қиймати 4 миллиард евро бўлган 500 номдаги саноат товарларини ҳам етказиб беришга тайёр эканини қайд этганди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий бозорларидан бири саналувчи Россия эса, Украина уруши боис жорий пайтда Ғарбнинг устма-уст санкциялари остида.
Украина урушининг ўзи эса, дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қиймати ва таъминотига ҳам жиддий таъсир қилмай қўймаган.
Худди шу манзарада Европа Иттифоқи ҳам ўзининг таъминот занжирларини турфалаштириш, Марказий Осиё давлатларига ҳам ҳар томонлама яқинлашиш, минтақани ўзининг асосий ҳамкорига айлантириш ҳаракатига тушиб қолган.
Тўрт эркак бир аёлни зўрладими?

Сурат манбаси, kun.uz
Фарғонада тўрт эркак бир аёлни дўппослаб, зўрлагани айтилмоқда.
Хабар Ўзбекистондаги етакчи нашрларда бўй кўрсатган.
Маълум бўлишича, вилоятнинг Бешариқ туманида оилали, икки болали аёлнинг тўрт нафар эркак томонидан зўрланганига оид видеохабар аввал ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Бунинг ортидан видеохабар Фарғона вилояти Ички Ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилган.
Бошқарманинг расман маълум қилишича, зўравонлик ҳодисаси тўрт ой бурун - 21 март куни юз берган.
Фуқаро А.Й. танишлари И.Ю, Ж.С ва Б.С лар билан фуқаро Д.У ни мажбурлаб, Бешариқ туманидаги ташландиқ шийпонга олиб борган, сўнгра зўрлик ишлатиб, уни уриб, дўппослашган.
Сўнгра Б.С билан жинсий алоқада бўлган ҳолатини видеотасвирга олиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, Д.У нинг эркига қарши унинг номусига тегиб, жинсий эҳтиёжларини қондирган, дейилади бошқарма хабарида.
Расман маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 118-моддаси 2-қисми "в" банди бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчилар ушланиб, уларга нисбатан "қамоққа олиш" тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
29 июнь куни тергов ҳаракатлари якунланиб, тегишлилиги бўйича судлов органига юборилган.
Сўнгги ойларда вояга етмаганлари илова хотин-қизларга қарши жинсий зўравонликларга оид хабарларнинг сони мамлакатда салмоқли даражада ортган.
Худди шу каби хабарлар манзарасида Ўзбекистонда узоқ кутилган зўравонликка тўсиқ бўлувчи қонун ҳам кучга кирган.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда 156 та, 2021 йил 243 та номусга тегиш жинояти содир қилинган бўлса, 2020 йилда 154 та, 2021 йил 208 та жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жинояти содир этилган.
Айтилишича, худди шу каби ҳолатлар мамлакатда қонунчиликни такомиллаштириш заруратини юзага чиқарган.
Кўпхотинлиликка рухсат?

Сурат манбаси, Getty Images
Мавзу шу кунларда Ўзбекистонда яна сарлавҳаларга чиққан.
Маълум бўлишича, бу каби хабарларнинг бўй кўрсатишига ижтимоий тармоқларда кўпхотинлиликни тарғиб қилувчи видеоларнинг тарқалиши сабаб бўлган.
Жумладан, uznews.uz нашрининг ёзишича, 4 июль куни интернетда қарийб $170 000 доллар турувчи BMW русумидаги автомобиль акс этган видео пайдо бўлган.
Машина ҳадя тасмалари ва "02 ХОТИНИМГА" дейилган давлат рақами билан безатилганди, дейди нашр.
Аён бўлишича, бундан мақсад эркаклар кийимлари бутикини реклама қилиш бўлган.
Нашрга кўра, куни-кеча худди шу трендни бошқа бир ўзбекистонлик такрорлаган.
Интернетда қиймати $60000 доллардан ошиқ Tesla автомобили йўлда кетаётгани акс этган видео бўй кўрсатган.
У ҳам ҳадя тасмалари билан ўралган ва "02 ХОТИНИМГА" давлат рақами билан белгили эди.
Эҳтимол, бу машиналарга одамлар эътиборини тортишнинг бир маркетинг усулидир. Аммо кўпхотинлилик бизнинг қонунчилигимизга зид, дейди нашр.
Нашрнинг ёзишича, видеолар кўнгилочар тарзда тақдим этилган бўлса ҳам, улар катта зиён етказиши мумкин: кўплаб одамлар "иккинчи хотинлар"га оид бундай маълумотни одатий ҳолат, воқеълик ва шундай қилиш учун сабаб сифатида қабул қилишлари мумкин.
Қўшхотинлилик, кўпхотинлилик Ўзбекистонда президент даражасида эътибор топган мавзулардан бири бўлади.
Шавкат Мирзиёев қудратга келишидан саноқли ойлар ўтиб, 2017 йил ўрталарида мавжуд воқеъликка эътибор қаратган, махсус видеоселектор ўтказган.
Кўпхотинли эркаклар, айниқса, мулозимларни кескин танқид қилган ва тез орада бунга барҳам берилиши билан огоҳлантирган.
Ўшанда Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўпхотинлиликка қарши курашни кучайтириш мақсадида иккинчи, учинчи ёки тўртинчи хотинга никоҳ ўқийдиган имомларни жазолашга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқаётгани ҳам айтилган.
Кўпхотинлилик Ўзбекистонда қонун билан тақиқланган: Жиноят Кодексининг 126-моддасига мувофиқ, кўпхотинлилик учун 3 йилгача қамоқ жазоси, энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 100 баробарига қадар жарима ёки ахлоқ тузатиш ишлари кўзда тутилади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002












