Ўзбекистон: Мирзиёев қўшхотинлиликни йўқотолмади, йўқотолмайдими?

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистон: Мирзиёев қўшхотинлиликни йўқотолмади, йўқотолмайдими? - ноқонуний никоҳлар, қўшхотинлилик сўнгги ҳафталарда Ўзбекистон ва Россияда яна кун тартибига чиққан, яна қизғин муҳокамаларга замин бўлган мавзулардан бирига айланган.

Ўзбекистонлик масъуллар мазкур муаммога ечим топа олмаётган кўринган пайтда, Россияда масала, таъбир жоиз, кўндаланг - қўшхотинлилик қонунийлаштирилиши керак қабилида қўйилган.

Бу каби таклиф яна Россия ва Москва Бош муфтийлари томонидан илгари сурилган, ҳатто, бунинг нега кераклиги рақамлар ва фактларда бирма-бир санаб ҳам ўтилган.

Ўзбекистонда эса, йилига бир туманга юзта ноқонуний никоҳ ҳоллари тўғри келиши айтиларкан, баъзида ким томонидан ўқилгани ҳам номаълум бўлган айрим шаърий никоҳлар ажримлар сони ошишига таъсир қилаётгани алоҳида урғуланган.

Аммо сўз қай бир ёки нечанчи никоҳ ҳолати ҳақида кетаётгани тафсилотлари очиқланмаган.

Қўшхотинлилик, кўпхотинлилик Ўзбекистонда президент даражасида эътибор қаратилган мавзулардан бири бўлади.

Шавкат Мирзиёев қудратга келишидан саноқли ойлар ўтиб, 2017 йил ўрталарида мавжуд воқеъликка эътибор қаратган, махсус видеоселектор ўтказган.

Кўпхотинли эркаклар, айниқса, мулозимларни кескин танқид қилган ва тез орада бунга барҳам берилиши билан огоҳлантирган.

Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўпхотинлиликка қарши курашни кучайтириш мақсадида иккинчи, учинчи ёки тўртинчи хотинга никоҳ ўқийдиган имомларни жазолашга оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқаётгани ҳам билдирилганди.

Кўпхотинлилик Ўзбекистонда қонун билан тақиқланган: Жиноят Кодексининг 126-моддасига мувофиқ, кўпхотинлилик учун 3 йилгача қамоқ жазоси ва энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 100 баробарига қадар жарима белгиланган.

Шундай экан, ноқонуний никоҳ ҳолларининг Ўзбекистонда қайта кун тартибига чиқиши нимани англатади? Қўшхотинлилик ҳоллари муаммоми ёки ечим? Бугунги замонавий дунёда унга ёндашув қандай бўлмоғи керак?

Биз бу ҳафталик мулоқотимизга Лондондан гендер тенглик масалалари бўйича эксперт Ҳафиза Бўронова, Москвадан фаол ва ҳуқуқшунос Зарнигор Омонуллаева, иқтисодий-сиёсий эксперт Жамшид Муслимовларни чорладик.

Бу ҳафталик жонли мулоқтимизни назардан қочирманг. Кўринг ва сиз ҳам ўз фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашинг:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Марказий Осиё ва кўпхотинлилик

Бу каби фикрлар бунгача аксарият Марказий Осиё давлатларида ҳам янграган.

Мамлакатларидаги демографик аҳвол, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволлари талқинида собиқ муфтийлар, айрим таниқли олимлар ҳам бу каби таклиф билан чиқишган.

Дейлик, қозоғистонлик академик Макаш Татимов мамлакатда кўпхотинлиликни тақиқлаш эмас, балки рағбатлантириш кераклигини айтган.

Бунинг учун Қозоғистонда кўпхотинлилик тўғрисида махсус қонун қабул қилиш шарт эмаслигини таъкидлаган.

"Замонавий жамият кўпхотинлиликни қабул қилмайди. Бунинг учун миллий ва диний анъаналар ўзининг кифоя қилиши"ни айтган.

Орада Қозоғистонда ўтказилган сўров натижалари Қозоғистонда эркакларнинг 40 фоизи кўпхотинлиликни қўллаб-қувватлашини кўрсатган.

Аксарият Марказий Осиё давлатларида ҳам кўпхотинлилик учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Аммо жазоланиш ҳолларига оид хабарлар деярли кўзга ташланмаслиги билан йилларки эътибор тортиб келган.

Бу каби никоҳлар ҳам аёл ва ҳам эркак томонидан бирдек яширилиши бунинг омили сифатида кўрсатилган.

Мазкур воқеълик шуниси билан ҳам фаолларнинг хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Айниқса, бу каби оилаларда туғилувчи болаларнинг ҳуқуқий-ижтимоий ҳолати, мавқеи ва келажаги алоҳида ташвишга лойиқ нуқта бўлади.

Акс-садолар

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, official

Айни шу мавзу, йилларки, Би-би-си Ўзбек хизматининг ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам энг кўп муҳокамаларга сабаб мавзулардан бири бўлади.

Кўпхотинлилик атрофида билдирилган фикрларни бир-бирини мутлақо инкор этган икки қутбга бўлиш мумкин: кўпхотинликни қўллаб-қувватлаганлар ва кўпхотинликка қарши чиққанлар.

Жумладан, Собир: "Қонуний қилса ҳам, қилмаса ҳам, эркаклар, битта, иккита, учта ва тўрттагача уйланишаверади. Қонуний йўл билан бунга қарши чиқиш қийин. Лекин, рухсат берилса, уйланиш осонроқ бўлади. Яширишлар камаяди. Умумуман олганда, эркаклар икки-учтадан уйланишса, эрсиз хотинлар камайиб, бузғунчиликлар анча камайган бўларди. Жамият фаҳш ишлардан тозаланар эди. Ҳаммага маълум, аёллар сони эркакларга нисбатан анча кўп, битта эркакка учта-тўрттадан аёл тўғри келади", - деб ёзган.

Бошқа бир фолловеримиз эса, "Агар, ҳалоллик йўли билан никоҳлаб олса, эркак ва аёлнинг шахсий иши, бу нарсага сиёсий тус бериб, давлат раҳбари даражасида аралашадиган иш эмас. Давлат диндан ажратилган конституцияда, демак, бошқаларнинг шахсий ишига ҳеч кимнинг аралашишга ҳаққи йўқ".

Яна бирларининг фикрича, "Қонунийлаштириш яхши албатта. Аммо ўша қонунда иккита хотинни эплашга қодир бўлганларга рухсат берилсин, деб белгилаб қўйилсин. Акс-ҳолда, баъзи эркаклар иккинчисига уйланиб, биринчисини хор қилиб қўйиши мумкин".

Полигамияни дастаклаганларнинг аксари эркаклар бўлса, унга қарши чиққанларнинг аксарини аёллар ташкил этган.

Жумладан, Диёра, "Бўлмаган гап", деган.

Хадича эса, "Қизи борлар қизингизга шу кунни раво кўрасизларми? Менинг қизим бор, қизимнинг бошига бундай кун тушишини асло тасаввур ҳам қила олмайман. И тушмасин ҳам бу бемаънигарчилик. Ёмон аёлларга келсак, агар, ёмон бўлишни истаса, тўрт девор ичида ҳам бўлади. Инсофни ҳамманинг ўзига берсин", - деб ёзган.

Зарина эса, "Яхши бўлади. Хоҳлаган аёл эридан ажрашиб, бошқа эр қилади. Хоҳлаган эркак хотинини қўйиб, бошқа хотин қилади. Аёлларнинг иккита, учтадан эри бўлади. Эркакларнинг икки, учтадан хотини бўлади. Ўртада кундош болалар бир-бирининг гўштини ейди. Жудаям ақлли фикр", дея киноя қилган.

Ди-жей-честер номи остида комент қолдирган фолловеримизга кўра, "Аллоҳ рухсат бериб қўйган ҳаққимизни ҳеч ким тақиқлашга ҳаққи йўқ. Қолган гаплар ҳаммаси баҳона. Аёлларнинг нафсидан келиб чиққан гаплар"...

Кўпхотинлилик тарафдори бўлганлар кўпхотинлик фаҳш ва зинони, демографик муаммоларни ҳал қилишига ишонч билдирганлар.

Унга қарши бўлганлар эса полигамия аёллар ҳуқуқларини поймол этишига эътибор қаратганлар.

Ижтимоий тармоқларда қолдирилган фикрлар орасида, таъбир жоиз, ноанъанавий қарашлар ҳам бор.

"Биродарлар, ҳозирда кўпхотинлилик эркаклар бир ёқда қолиб, кўпэрлик аёллар кўпайиб кетаётгани, менимча, ҳеч кимга сир эмас...," - деб ёзади Тошкентдан Орифжон Маматқулов.

Россия ва кўпхотинлилик

Мигрантлар

Сурат манбаси, BBCuzbek

Куни-кеча эса, Россияда ҳатто кўпхотинлиликни қонунийлаштиришга оид таклифлар ҳам ошкора янграган.

Россия Бош муфтийси, Мусулмонлар Диний идораси раҳбари Равиль Гайнутдин ортидан, Москва муфтийси ҳам худди шундай даъват билан чиққан.

Сўз бутун Россия бўйлаб кўпхотинлиликни қонунийлаштириш ҳақида кетган.

Жумладан, муфтий Ильдар Алаутдинов, агар шундай қилинса, бу - эркакларнинг аёлларга нисбатан камлиги туфайли юзага келган қатор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга ёрдам берарди, деб айтган.

Россияда қўшхотинлилик кўлами бўйича аниқ рақамлар йўқ. Россия қонунчилигида қўш хотинлилик маън этилган бўлсада, бироқ жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

Қўшхотинлилик муаммоси россияликлар қатори, Россияга ишлаш учун келаётган Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари учун ҳам долзарб масала ҳисобланади.

Ўзбекистонлик энг катта сондаги меҳнат муҳожирлари эса, айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Аммо бу каби таклифлар экспертлар орасида ҳам қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган.

Буни ортга - Ўрта асрларга қайтиш, дея баҳоловчилар ҳам кўрилган.

Улар бунинг ўрнига воқеъликнинг ижтимоий-иқтисодий илдизларига эътибор қаратишга ундашган.

Аёлларни яхши маошли иш билан таъминлаш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш шартлигини урғулашган.

Сиз-чи, сиз нима дейсиз? - Қўшхотинлилик бугунги замонавий дунёда муаммоми ёки ечим?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek