Янгиликлар. Ўзбекистон: И-е, сомсанинг пиёзи қани ёки топган гул, топмаган бир боғ пиёз – нарх ошиши қанчалик жиддий? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Аваз Тоҳиров
- Role, Би-би-си, Тошкент
Бутун мамлакат фавқулодда қаҳратонни ўтказиш билан овора бир пайтда ижтимоий тармоқда бошқа бир хавотир - озиқ-овқат маҳсулотлари нархи, хусусан, пиёз кескин қимматлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, .
Қарийб бир ҳафта давомида кузатилган "аномал совуқ" нафақат энергетика бўҳрони, балки айрим бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари нархига ҳам жиддий таъсир қилган - ўтган йили арзонлиги туфайли экин майдонларида тракторда ҳайдаб юборилган пиёз нарх ошиши бўйича "лидер"га айланган.
Бозорларда ўртача нархи 3,500 - 5,000 сўм бўлган пиёз 10 январь - мамлакатга совуқ ҳаво массаси кириб келиши ортидан 9,000 - 12,000 сўмга қадар кўтарилган.
Йиллар давомида нархи деярли ҳамма вақт чўнтакбоп бўлган бу сабзавот тўсатдан қимматлаб кетгани одамларда умумий озиқ-овқат хавфсизлиги борасида маълум хавотирларни юзага келтирган.
Бир вақтнинг ўзида, сабзи, булғор қалампири каби маҳсулотлар нархи ҳам сезиларли ошган.
Ҳукумат барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси етарли эканини айтаётган бўлсада, кузатувчи экспертлар кундалик эҳтиёждаги зарурий маҳсулотлар таъминотида юзага келган бу муаммо олиб борилаётган давлат сиёсатига боғлиқ эканига ишора қилмоқда.
Тўрт баробарга қиммат

Бутун мамлакат фавқулодда қаҳратонни ўтказиш билан овора бир пайтда ижтимоий тармоқда бошқа бир хавотир - озиқ-овқат маҳсулотлари нархи, хусусан, пиёз кескин қимматлаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.
Агробизнес вакиллари орасида оммабоп бўлган EastFruit лойиҳаси 17 январь куни эълон қилган мақолада юзага келган вазиятнинг асосий сабаби захирага олинган пиёзнинг катта қисми совуқда музлаб қолгани экани тилга олинган.
"Бу совуқ кунлар бошлангандан бери "музлаб қолмаган" сўзи фермерлар ва трейдерлар томонидан реклама қилинган пиёзнинг асосий сифат хусусиятига айланди", дея ёзилади мақолада.
Тармоқ фойдаланувчилари бозорларда сотилаётган пиёзнинг аксар қисми ҳам музлаб қолгани ҳақида ёзганлар.
Турли ҳудудлардан олинган хабарларда маҳсулотнинг чакана нархи 10,000 сўмлик маррани кесиб ўтгани билдирилган.
EastFruit нашри 20 январь куни ўз таҳлилий кузатувлари натижаларини янгилаб, пиёзнинг ўртача улгуржи нархи бўйича рекорд янгиланганини маълум қилган.
"Бугун - 2023 йилнинг 20 январь куни ҳолатига кўра, пиёзнинг ўртача улгуржи нархи 8,000 сўмга етмоқда. Бу ўтган йилнинг айни даврида қайд этилган рекорд даражаданда тўрт баробарга қимматроқдир".
Расмий статистик маълумотларда ҳам пиёз нархи 10 январдан бери сезиларли қимматлагани қайд этилган.
Давлат статистика қўмитаси 18 январь ҳолатига кўра, республика бозорларида сотилаётгани пиёзнинг максимал чакана нархи 10,000 сўмга етганини хабар қилган.
Қўмитанинг 5 январга оид статистикасида маҳсулотнинг максимал чакана нархи 5,000 сўм бўлганини кўриш мумкин.
Сабаб фақат совуқми?

Сурат манбаси, official
Пиёз нархи ошиши ва эҳтимолий тақчиллик борасидаги аҳоли хавотирлари ортидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги республикада барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари "захираси мавжуд" эканини таъкидлаган.
"Бугунги кунда, жойлардаги захира қилинган пиёз маҳсулоти ҳолати ўрганилди. Жумладан, ҳудудларда захира миқдори 87 минг тонна ва аҳоли хонадонларида 232 минг тонна, жами 319 минг тонна пиёз маҳсулоти борлиги вилоятлар томонидан тасдиқланмоқда. Бу эса, жойларда пиёз захираси мавжудлигини кўрсатмоқда", билдирган вазирлик 20 январь куни эълон қилган баёнотида.
Бироқ, бир вақтнинг ўзида, расмийлар аҳоли истеъмоли учун қўшимча 26,5 минг тонна пиёз керак бўлаётгани ва маҳсулотни импорт қилиш бўйича хорижий давлатлар билан музокаралар олиб борилаётганини қўшимча қилган.
Шунингдек, Ўзбекистон нархларни арзонлаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида 1 январдан бошлаб 4 ойга пиёз экспортини вақтинча тўхтатаётганини хабар қилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги захира етарли эканини таъкидлаган бўлсада, бозорларда пиёз тақчиллиги юзага келганини қисман тан олган.
Фақат вазирлик бунга омборлардаги маҳсулотнинг музлаб қолиши эмас, балки "аномал совуқ" кунлари вужудга келган логистика тизимидаги муаммолар ҳамда пиёзнинг деҳқон бозорларидаги очиқ расталарда сақланганини сабаб қилиб келтирган.
"Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан, 2023 йилнинг 9 январида захирадаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини совуқдан асраш, асосий турдаги маҳсулотлар сифатини бузмай сақлаш мақсадида, соҳа олимлари ва мутахассисларининг тавсиялари мамлакатимизнинг ҳудудий бошқармаларига юборилган ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали ёритилган", дея вазирлик захира омборларида муаммо юзага келганини билвосита рад этган.
Аммо бир қатор кузатувчилар, хусусан, EastFruit лойиҳаси таҳлилчилари ўрганишлар натижасида пиёзнинг нест-нобуд бўлиши асосий сабабларидан бири айнан сақлаш омборларида етарли шароит яратилмагани экани ҳақида ёзган.
"Афсуски, пиёз Ўзбекистонда узоқ муддатга ва доим ҳам сифатни сақлаб қолишга мос шароитларда сақланмайди. Бу учун мослаштирилган омборлар нафақат ҳаво ҳароратини барқарор ушлаб турувчи ускуналар билан жиҳозланмаган, балки минимал иссиқлик изоляциясига ҳам эга эмас. Бундан ташқари, Ўзбекистонда пиёзнинг маълум қисми фақатгина ёмғирдан ҳимоя қилувчи шийпонлар остида сақлаб келинган".
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 20 январь кунги баёнотида 2022 йилда етиштирилган 1,9 миллион тонна пиёзнинг 228 минг тоннаси табиий йўқотишларга учраганини тилга олган, аммо бу йўқотишлар йилнинг қайси даврида қандай сабабларга кўра кўпроқ кузатилганига ойдинлик киритмаган.
Хoр бўлган азиз бўлди

Сурат манбаси, official
Пиёзнинг қимматлашиши ижтимоий тармоқда, асосан, ҳазил-мутойиба билан қабул қилинган бўлсада, айрим фикр билдирувчилар расмийларнинг вазиятни барқарорлаштириш йўлида қўл уриши мумкин бўлган амаллари бозорни янада фалажлаб қўйишидан хавотир билдирган.
Масалан, иқтисодчи Отабек Бакиров нархни маъмурий усулда арзонлаштиришга уриниш хато иш бўлишини таъкидлаган.
"Маҳаллий ҳокимликлар ўрганиб қолган одатларига кўра, пиёзнинг фалон сўмдан оширмайсан, ҳар туманда фалон тонна пиёзни арзонлаштириб сотасан, деган норасмий топшириқлар ва ҳаракатлар йўлидан борилса, хато иш бўлади. Бозорни ўзига қўйиб бериш керак. Нарх энг адолатли сигнал беради мувозанат учун. Маъмурий аралашув эса доим зиёнли ва аянчли оқибатлар яратади", дея ёзган у.
Айни вақтда расмийлар, хусусан, Бош прокуратура қатор ҳудудлар прокурорлари деҳқон бозорларидаги шароитни ўрганаётгани ҳамда нарх-наволар барқарорлигини таъминлаш борасида масъулларга тавсия ва кўрсатмалар бераётгани айтилган кўплаб хабарларни эълон қилган.
"Ярмаркада бошқа вилоятлардан арзонлаштирилган 26 тонна пиёз маҳсулоти олиб келиниши ва 4,500 сўмдан сотилиши таъминланмоқда. Ҳудудларда ҳам ташкил этилган ярмаркаларга қўшимча равишда вилоятлардан пиёз маҳсулотларини олиб келиш ишлари бошлаб юборилиб, ҳозиргача 175 тонна пиёз сотувга чиқарилди", дейилади БПнинг Қорақалпоғистон прокурори Эркабой Таджиев 21 январь куни Нукус деҳқон бозоридаги вазиятни ўргангани айтилган хабарида.
Шунингдек, одамлар 2021 йилнинг пишиқчилик мавсумида пиёзнинг улгуржи нархи 300 сўмга тушиб кетгани ва, оқибатда, тонналаб маҳсулот аҳлатга ташланганини эсга олиб, жорий қимматлашувдан кейин бу йил пиёз кўп экилиши, натижада, ўша ҳолат қайта такрорланишини тахмин қилган.
Кузатувчиларнинг фикрича, ҳозирда юзага келган вазият озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таҳдид солмасада, бу ҳукуматнинг соҳада олиб бораётган ишлари ислоҳ қилинишга муҳтож эканидан дарак бериши мумкин.
"Давлат озиқ-овқат соҳасида ўртакаш ролини ўйнаш керак. Деҳқон ва тадбиркорларни бирлаштириб турадиган тизим яратиш зарур. Бу тизим яхши йўлга қўйилса, масалан, деҳқонларга бу йил фалончи маҳсулотга бунча эҳтиёж бор ёки бу маҳсулотни бу йил бунчадан кўп экманглар, деган тавсиялар бериш мумкин. Экин майдони ва бозордаги аҳвол доимий кузатилиб, таҳлил қилинса, ҳар қандай 3 кунлик совуқ тўсатдан дефицитни келтириб чиқармайди", дейилади мавзуга оид қолдирилган изоҳлардан бирида.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















