Ўзбекистон: Қўқон бозоридаги ёнғин, Каримов беваси ва ўғлининг суди, президентликка номзодларнинг ваъдалари - Янгиликлар. Видео

kun.uz

Сурат манбаси, kun.uz

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Қўқон бозори

Машҳур Қўқон бозорида йирик ёнғин содир бўлди. Бозор ёнаётгани ҳақидаги илк хабарлар 12 июн куни соат 19.00 атрофида чиққан. Ижтимоий тармоқда тарқалган тасвирлардан ёнғин кўлами анчайин йирик бўлганини кўриш мумкин.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги илк хабар келиб тушганидан саккиз дақиқа ўтиб, ёнғин-қутқарув экипажлари савдо комплексига етиб боргани, бир соат ичида ёнғин қуршаб олингани ва ярим тунда фалокат бартараф этилганини маълум қилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Маҳаллий расмийлар таҳминан 500 квадрат метр майдонга тенг кийим-кечак расталари олов ичида қолгани, фалокат кўлами йириклигидан воқеа жойига етиб келган 20 та ўт ўчирув машиналарига қўшимча тарзда қўшни Намангандан ҳам яна 5 та ўт ўчириш машинаси чақирилганини билдирган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин оқибатида инсоний талафотлар тўғрисида хабарлар келиб тушмагани ҳамда айни вақтда ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва зарар миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилган. Бош прокуратура ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

13 июн кун давомида бозордаги вазият тасвирланган видеолар тарқалишда давом этган. Уларда жойидан айрилган тадбиркорлар очиқ жойларда савдо қила бошлагани, бўш жойларни зудликда эгаллаб олишга уринаётгани кўринади. Шундай манзарада Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров билан бирга савдогарлар билан учрашган Қўқон шаҳар ҳокими барча дўконларни тиклаб беришга ваъда берган.

Қўқон бозори номи билан машҳур Буюк Ипак Йўли савдо комплексидаги фалокат куннинг энг муҳим мавзусига айланган, фаоллар масъулларни ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтиришга, бозорлардаги бетартиб вазият билан жиддий шуғулланишга чақирган. Қўқон бозори нафақат Фарғона водийси, балки республикадаги энг йирик улгуржи кийим-кечак ва маиший-хўжалик товарлари сотиладиган бозорлардан бири ҳисобланади. Шу сабабдан айрим фикр билдирувчилар ёнғин паст ва ўрта даромадли аҳоли учун нархларнинг жиддий ошиб кетишига сабаб бўлишидан хавотир билдирган.

Каримовлар

Татяна Каримова марҳум президент билан Японияга расмий сафарда, 2011 йил.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Татяна Каримова марҳум президент билан Японияга расмий сафарда, 2011 йил.

Марҳум Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримов Ўзбекистоннинг собиқ биринчи хонимини судга берди. Тошкент шаҳар суди эълон қилган маълумотда собиқ президентнинг биринчи никоҳидан туғилган фарзанди ворислик ҳуқуқига доир низолар юзасидан Татяна Каримова устидан судга арз қилгани кўринади.

Айни вақтда низога доир бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган, фақат даъво аризаси 26 июн куни фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида кўриб чиқилиши кўрсатилган.

1969 йилда туғилган Пётр Каримов узоқ йиллар матбуот томонидан Ислом Каримовнинг ягона ўғли ўлароқ кўриб келинган. Расмий таржимаи ҳолида фақат икки қизи борлиги кўрсатилган марҳум президентнинг учинчи фарзанди тўғрисидаги илк расмий маълумот фақат унинг ўлимидан сўнг очиқланган.

Сайловолди кампанияси

Адолат СДПдан президентликка номзод Робахон Маҳмудова.

Сурат манбаси, Adolat SDP

Сурат тагсўзи, Адолат СДПдан президентликка номзод Робахон Маҳмудова.

Бир вақтнинг ўзида 9 июлдаги президент сайловида ўзаро беллашиши кутилаётган номзодларнинг сайловолди кампанияси жонлангани кузатилган. ЎзЛиДеП номзоди, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури билан таништиришни Қорақалпоғистондан бошлаган. Қорақалпоғистонлик сайловчилар олдида чиқиш қилган Мирзиёев мактаб автобуслари қатнови биринчи бор айнан шу ҳудудда жорий этилиши, Тошкент-Нукус ўртасида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилиши, 2030 йилга қадар Қорақалпоғистонда боғча муаммоси қолмаслиги, Тошкентда мавжуд замонавий тиббий хизматлар Нукусда ҳам бўлишига ваъда берган.

13 июн куни Мирзиёев сайловолди кампанияси билан Хоразмга борди. У ерда у уй-жойга бўлган талабни қондириш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш ҳақида гапирган.

12 июн куни Адолат СДПдан президентликка номзод Робахон Маҳмудова сурхондарёлик сайловчилар билан учрашган, уларни ўз сайловолди дастуридаги 9 та устивор йўналиш билан таништирган.

13 июн куни Экологик партия номзоди Абдушукур Хамзаев "Яшил тараққиёт учун!" шиори остидаги сайловолди дастури билан Навоий вилоятига борган, шаҳарсозлик фаолияти устидан жамоатчилик назорати кучайтирилиши, ноқонуний қурилишлар олди олиниши ҳақида гапирган.

Халқ демократик партияси номзоди Улуғбек Иноятов ҳам сайлов пойгасида четда қолмаган - у душанба куни Самарқандга борган, йиғилганларни асосий мақсади демократик ижтимоий давлат барпо этиш бўлган сайловолди дастури билан таништирган.

Эслатиб ўтамиз, президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига 7 июн куни старт берилган эди. Жараённи кузатиб бораётган айрим фаоллар сайловолди пойгаси апрелда ўтган умумхалқ референдуми арафасида кузатилган тарғибот ишларидек қизғин кечмаётганини қайд этган. Уларнинг киноя қилишича, ўзлари учун июл ойида ўтадиган муҳим сиёсий жараёндан кўра, май ойида Туркияда бўлиб ўтган президент сайлови анчайин қизиқ туйилган.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.