Тожикистон Евросиё иқтисодий иттифоқига “йўқ” деди. Ўзбекистон-чи? - Янгиликлар

Сергей Лавров ва Имомали Раҳмон

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Сергей Лавров ва Имомали Раҳмон

Тожикистон ҳукумати ҳозирда Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлишни режаламаяпти. Бу ҳақида ТАСС Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот бўлими раҳбари Шоҳин Самадига таяниб хабар тарқатди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сешанба куни Тожикистондаги 201-ҳарбий базага ташриф буюрар экан, Тожикистон "яқинда ўзи учун ЕОИИга қўшилишнинг манфаатларини аниқлаб олиш"ига умид қилганини айтганди.

Алоқадор мавзулар

Аммо, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозимининг билдиришича, Тожикистоннинг ЕОИИга кириш масаласи на Президент Имомали Раҳмон билан учрашувда, ё на Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан музокараларда кўтарилган.

ТАСС Шоҳин Самадининг қуйидаги иқтисобини тарқатди:

"Тожикистоннинг ЕОИИга қўшилиши масаласи кун тартибида йўқ. Душанбедаги учрашувларда асосий эътибор фақат савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликларни ошириш, минтақавий хавфсизлик ва икки давлатларнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқаларига қаратилди."

Лавров Тожикистонга расмий сафарини 5 июнда Душанбедаги Россия ҳарбий базасидан бошлади. У базада ҳарбийлар билан учрашар экан, уларни Украинадаги "махсус операция" борасида хабардор қилган. Эртасига у Президент Раҳмон ва тожик ҳамкасби билан учрашган.

Жаноб Муҳриддиннинг айтишича, томонлар Россияда ишлаётган Тожикистон фуқароларига бўлаётган муносабатни ҳам муҳокама қилишган.

"Тожик тарафи миграцион жараёнларни тартиблаштириш бўйича Россия давлат идоралари олиб бораётган режалаштирилган ва режадан ташқари тадбирларда Россия ҳудудида бўлиб турган Тожикистон фуқароларининг базавий ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилиниши кераклигини урғулади. Бу аснода, давлатнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари орқали Россия томонига расмий мурожаат йўлланган ва бизнинг фуқароларимизга бўлаётган бундай муносабатнинг қанчалар қонуний ва маъқул эканини текшириш сўралган", - деди Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Мирзиёев 25 майда бўлиб ўтган ЕОИИ видеоанжуманида яқин иқтисодий ва транспорт алоқалари ўрнатилишига чақирди.

Сурат манбаси, Press office of President of Uzbekistan

Сурат тагсўзи, Мирзиёев 25 майда бўлиб ўтган ЕОИИ видеоанжуманида яқин иқтисодий ва транспорт алоқалари ўрнатилишига чақирди.

Лавров эса икки йил аввал Россия ўз ҳудудидан депортация қилинган бир неча минг тожикистонликни "авф" этганини айтган.

Аммо, охирги ҳафталарда Россияда полиция юзлаб марказий осиёлик мигрантларни қўлга олиши ва дўппослаши акс этган видео ва суратлар тарқалди. Охирги рейдларда нафақат муҳожир ишчилар, балки талабалар ҳам нишонга олинган.

Радио Озоди хабар қилишича, Комсомольск-на-Амуреда ўқиётган юзлаб талабаларни ОМОН зобитлари ҳеч қандай изоҳсиз калтаклаганлар.

Таркибига Россия, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон ва Қозоғистон кирувчи ЕОИИга Тожикистоннинг қўшилиш масаласи 2015 йилдан бери муҳокама қилинади. Бу давлатлар биргаликда Тожикистоннинг энг йирик тижорий ҳамкори ҳисобланса-да, Душанбе иттифоққа қўшилишни ваъда қилишдан бош тортиб келади.

2020 йилдан бери ЕОИИда кузатувчи мақомида иштирок этиб келаётган Ўзбекистоннинг ҳам иттифоққа тўлақонли аъзолиги тез-тез муҳокама қилинади.

Ҳозирча аъзо бўлмаса-да, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иттифоқ билан яқин ҳамкорликка эътибор қаратяпти.

ЕОИИ Олий иқтисодий кенгашининг 25 майда бўлиб ўтган видеоанжуманида Президент Мирзиёев Ўзбекистонда "ЕОИИ плюс" форматида қишлоқ хўжалиги форумини ўтказишни таклиф қилди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.