Янгиланди, Ўзбекистон: Аллақулов қўйиб юборилди - аввал у милиция ходимларига тан жароҳати етказишда айбланган эди, O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

party

Сурат манбаси, Skrinshot/Youtube

Ўзини амалдаги ҳукуматга мухолиф деб эълон қилган "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик демократик партияси" (ҲТБДП) асосчиси Хидирназар Аллақулов бирмунча ушлаб туришдан сўнг қўйиб юборилган. Бу ҳақда Би-би-сига партия матбуот котиби хабар қилди. 

Маълум қилинишича, Аллақулов 7 июнь куни тунда қўйиб юборилган ва шу куниёқ Тошкентдаги яшаш хонадонига қайтиб келган. 

"Домла ҳозир ўз уйида дам оляпти", деди партия матбуот котиби Абдували Ниёзов.

Бироқ у расмийлар айтган икки ходимга тан жароҳати етказиш бўйича Аллақуловга нисбатан бирор иш очилгани ёки йўқлигидан хабардор эмаслигини билдирди. 

"Фаолларнинг телефонларидаги муаммолар туфайли Фарғонадан хабарлар жуда кечикиб келди. Шу сабабдан аниқ бир нарса деёлмайман. Бу борада тушдан сўнг домланинг ўзлари видеобаёнот беришлари кутилмоқда".

7 июнь куни Фарғона вилояти ИИБ партия асосчиси Хидирназар Аллақулов Фарғона шаҳрида ички ишлар ходимлари қонуний талабларига бўйсунмагани, икки милиция ходимига тан жароҳати етказгани ҳақида хабар тарқатган эди.

"Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик демократик партияси" фаоллари ҳозир фирқани қонунан рўйхатдан ўтказиш мақсадида республика бўйлаб имзо йиғишни бошлаганлар.

Ана шундай имзо тўплаш тадбирлари Фарғона водийси вилоятлари бўйлаб кечмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати шундай хабар тарқатди:

"2023 йилнинг 7 июнь куни соат 09:10 да Фарғона шаҳридаги "И.Каримов" номидаги санъат саройи ҳудудида фуқаро Аллақулов Х. "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик" деб номланган партиясини тузиш мақсадида имзо тўплаш жараёнида шу ердаги бир нечта (шахси аниқланмоқда) фуқаролар билан низоли ҳолат юзага келган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Аллақулов Х.нинг Фарғона шаҳар ИИО ФМБга мурожаати ички ишлар ходимлари томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган.

Шунингдек, ИИО ФМБ биносининг ташқарисида фуқаро Аллақулов Х. фуқаро 1971 й.т. М.У. билан ўзаро тушунмовчилик натижасида жанжаллашиб, гўёки унинг имзо йиғиш жараёнига ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан аралашув бўлаётганлигини асоссиз важ қилиб, шаҳар ИИО ФМБ ҳудудига қайтиб кириб, ички ишлар органлари ходимлари билан жанжал уюштирган.

ИИО ходимларининг қонуний талабига бўйсунмасдан, фуқаро Аллақулов Х. ўз тарафдорлари А.Ш. ва Т.Ш. билан фаол қаршилик кўрсатиб, хизмат вазифасини бажараётган икки нафар ички ишлар ходимига тан жароҳати етказишган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда".

ҲТБДП тарафдорлари YouTube каналида партия фаолларининг суҳбати аудиосини эълон қилдилар, унда мухолифатчиларга қарши ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан провокация уюштирилгани айтилади.

Партия фаолларининг айтишича, партия асосчиси Хидирназар Аллақулов ва бошқалар милиция идорасига олиб кетилганлар, қўлларига кишан солинган.

Май ойидаги Андижондаги имзо йиғиш пайтида ҳам ҲТБДП аъзоларига қарши провокациялар уюштирилгани видеоси тарқалган эди.

Апрель ойи ўртасида тузилгани эълон қилинган "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик демократик партияси" фаоллари амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевга ўз муддатини ноллаштириш имконини берган Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича умумхалқ референдуми арафасида партияни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарурий бўлган 20 минг имзони йиғиш кампаниясини бошлаган.

30 апрель куни Би-би-си билан суҳбатлашган партия фаоллари имзолар йиғишда деярли босим ва тазйиқларга учрамаётгани ҳақида гапирган эди.

Бироқ кейинроқ партия учун имзо бераётган ўзбекистонликлар маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан сўроққа тутилиб, имзо беришдан воз кечишга ундалаётганига оид хабарлар, аудиоёзувлар тарқалган.

Бир вақтнинг ўзида мазкур мустақил сиёсий партияни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатлари 9 июлга белгиланган муддатидан илгари президент сайлови арафасида кечмоқда.

Партия ва унинг фаолияти маҳаллий матбуотда деярли ёритилмаётгани эса кузатувчилар эътиборини тортган.

Бундан аввал Би-би-си билан суҳбатлашган бир неча маҳаллий блогер ва журналистлар умумхалқ референдуми, президент сайлови арафасида бундай сиёсий мавзуларни ёритмай туриш тавсияси олингани ҳақида гапирганлар.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.