Ўзбекистон: Мухолифлик эълон қилган партия етакчиси ҳужумга учраганини айтмоқда. Нималар маълум?, видео - янгиликлар

Сурат манбаси, Skrinshot/Youtube: Xalq partiyasi
Ўзини амалдаги ҳукуматга мухолиф деб эълон қилган "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик демократик партияси" (ҲТБДП) фаоллари Андижон шаҳрида ҳужумга учраганини айтмоқда.
Тарқалган видеоларда ҳолат шаҳардаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида, партия фаоллари имзо йиғаётган вақт юз бергани кўринади.
20 май куни содир бўлган зиддиятли ҳолат деярли тўлиқ жонли эфирга узатилган.
Партия етакчиси Хидирназар Аллақулов ва унинг тарафдорлари ўзларига нисбатан ҳужум, дея атаган воқеа юз беришидан аввал боғ майдонида имзо йиғаётган партия фаоллари ёнига номаълум эркаклар ва аёллар яқинлашиб, турли саволлар бера бошлаган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Олтинчи партия бизга керакмас!"
Фаолларни сўроққа тутган номаълум фуқаролар асосан ҳали рўйхатга олинмаган партиядан келажакда мамлакат ва жамиятга не наф бўлиши ҳақида сўрагани қулоққа чалинади.
Қалтис мулоқот бир соатдан кўпроқ давом этган, бу вақт ичида атрофга анча одам йиғилган.
"Ҳақиқий қизиққанлар 10-15 дақиқа саволлар бериб, домла билан расмга тушиб, тезда тарқаб кетишди. Улар эса кетма-кет саволлар бериб, жавобни кутиб ҳам ўтирмай, иккинчиси, учинчиси савол бераверди. Шундан кейин улар фитна чиқармоқчи эканини сездик", сўзлайди воқеага бевосита гувоҳ бўлган ҲТБДП фаоли Лобар Каримова Би-би-си билан суҳбатда.
Савол-жавобда фаол бўлган фуқаролар, асосан, партиянинг мақсади, ғоялари аниқ эмаслигини таъкидлаб, мамлакатда янги сиёсий куч учун эҳтиёж йўқлигини иддао қилган.
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, Skrinshot/Youtube: Xalq partiyasi
"Беш партия бор, фақат сайловлар пайти пайдо бўлиб қолади. Ҳафсаламизни жуда пир қилган. Сизлар нима қилиб бермоқчисизлар? Ўзбекистонга олтинчи партияни кераги йўқ", дея бақиради йиғилганлар орасидаги бир эркак.
Томонлар ўртасидаги мулоқот қизиб борар экан, Хидирназар Аллақулов ўз тарафдорларини илмоқли саволларга жавоб қайтармаслик, вазиятга аралашмасликка чақиргани эшитилади.
Жонли узатилган тасвирларда бирмунча вақтдан сўнг зиддият кучайиб, партия фаоллари ўтирган стол атрофида ур-тўполон бошланиб кетгани ва Аллақулов ҳам жанжал ичида қолиб кетгани кўринади.
Партия фаоли Лобар Каримованинг Би-би-сига айтишича, тўполон фаолларни сўроқлаётган шахслардан бири жараённи тасвирга олаётган йигитнинг қўлидан камерани олиб қўйишга уриниши ортидан бошланиб кетган.
"Шу ҳаракатдан кейин улар стол-стулларимизни ағдариб отишни бошлашди", қўшимча қилади Каримова.
Кейинроқ ҳолатга ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари аралашган.
Жонли эфир давомида Хидирназар Аллақулов оёғидан лат егани ҳақида гапирилган.

"Домланинг оёғи қайрилиб, шилиниб кетди. Тез ёрдам чақирилди, келиб оғриқ қолдирувчи укол қилиб кетишди. Ажратаётган пайтим ўзимнинг ҳам учта бармоғим қайрилиб кетди. Ҳозир ручка ҳам ушлолмаяпман", сўзлайди Лобар Каримова.
Фаоллар прокуратура, ички ишлар бўлимларига бориб ҳолат юзасидан арз қилиш ниятини билдирган.
Лобар Каримованинг айтишича, ариза оғзаки шаклда берилган.
Жонли эфирлардан бирида Аллақуловнинг ўзи юз берган воқеа ортида куч ишлатар тизимлар турганига ишонишини таъкидлаган.
"Мен бир йил Андижонда яшаб, бу халқнинг нон-тузини еганман. Бу халқ бешикдаги боласини ҳам сизлайди. Бугунги ҳолатда Андижон халқининг зиғирча алоқаси йўқ. Бу прокуратура, ички ишлар, ДХХнинг иши", даъво қилади у эфир давомида.
Собиқ матбуот котиби
21 май куни Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси истироҳат боғида юз берган ҳолат ўрганилаётганини маълум қилган.
Андижонда юз берган воқеа эса ижтимоий тармоқда кенг муҳокама қилинган.
Аксарият фикр билдирувчилар партия фаолларини сўроққа тутиб, зиддият келтириб чиқарган номаълум фуқаролар мустақил равишда ҳаракат қилганига ишонмаслиги ҳақида ёзган.
Бир вақтнинг ўзида зиддиятнинг асосий иштирокчилари бўлган фуқароларнинг шахсига оид тасдиқланмаган маълумотлар ҳам тарқалган.
Бундай маълумотларда уларнинг аксари давлат тизимидаги қатор ташкилотларда турли лавозимларда ишлаши иддао қилинади.
Би-би-си шахсига ойдинлик киритилган икки фуқаро билан боғланишга ҳаракат қилди, аммо бундан бирор натижа чиқмади.
Бироқ улардан бири - муқаддам Андижон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматида ишлаган Гулшаной Қўчқорова ижтимоий тармоқда бир неча чиқишлар қилиб, мустақил блогер ўлароқ имзо йиғаётган партия фаолларидан ўзини қизиқтирган саволларни сўраш учун истироҳат боғига боргани ҳақида гапирган.
Ички ишлар вазирлигининг Би-би-сига маълум қилишича, ҳозирча бу ҳолат бўйича қўшимча ахборот мавжуд эмас ва зиддиятни келтириб чиқарган фуқароларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Аммо тармоқ фаоллари видео тасвирларга тушиб қолган бу шахслар ҳозиргача ўз иш жойида бемалол ишлаётганига оид норасмий хабарларни тарқатган.
Янги сиёсий куч?
Андижондаги воқеадан аввал партия фаоллари Фарғона водийси вилоятлари бўйлаб имзо йиғиш кампанияси олиб борилаётгани ҳақида мунтазам хабарлар бериб турган эди.
Партия матбуот котиби Абдували Ниёзов Андижондаги ҳолат ортидан фаоллар Тошкентга қайтиб келгани ҳамда Хидирназар Аллақулов ва сафдошларининг саломатлиги яхши ҳолатда эканини маълум қилган.

Сурат манбаси, Skrinshot/Youtube: Xalq partiyasi
Апрель ойи ўртасида тузилгани эълон қилинган "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик демократик партияси" фаоллари амалдаги президент Шавкат Мирзиёевга ўз муддатини ноллаштириш имконини берган Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича умумхалқ референдуми арафасида партияни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарурий бўлган 20 минг имзони йиғиш кампаниясини бошлаган.
30 апрель куни Би-би-си билан суҳбатлашган партия фаоллари имзолар йиғишда деярли босим ва тазйиқларга учрамаётгани ҳақида гапирган эди.
Бироқ кейинроқ партия учун имзо бераётган ўзбекистонликлар маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан сўроққа тутилиб, имзо беришдан воз кечишга ундалаётганига оид хабарлар, аудиоёзувлар тарқалган.
Бир вақтнинг ўзида мазкур мустақил сиёсий партияни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатлари 9 июлга белгиланган муддатидан илгари президент сайлови арафасида кечмоқда.
Партия ва унинг фаолияти маҳаллий матбуотда деярли ёритилмаётгани эса кузатувчилар эътиборини тортган.
Бундан аввал Би-би-си билан суҳбатлашган бир неча маҳаллий блогер ва журналистлар умумхалқ референдуми, президент сайлови арафасида бундай сиёсий мавзуларни ёритмай туриш тавсияси олингани ҳақида гапирган.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














