Ўзбекистон, янгиликлар: Ким президент бўлмоқчи? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Ўзбекистон президентлигига номзод Робахон Маҳмудова

Сурат манбаси, Telegram/davletovuz

12 май куни Ўзбекистондаги рўйхатдан ўтган уч сиёсий партия президентликка ўз номзодларини эълон қилди.

Ўзбекистон Экологик партиясидан партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев номзодини илгари суришга қарор қилинди.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон Халқ Демократик партияси Улуғбек Иноятов номзодини президентликка номзод сифатида партиянинг қурултойида кўриб чиқиш учун маъқулланади.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, Адолат Социал Демократик партияси Робахон Маҳмудова номзодини партия қурултойида маъқуллашга қарор қилган.

Абдушукур Ҳамзаев Экопартиядан президентликка номзод этиб илгари сурилди

Сурат манбаси, Telegram\Zafarbek Solijonov

Мамлакатда рўйхатдан ўтган "Миллий Тикланиш" ва ЎзЛидеп партиялари учун ҳам ўз номзодларини илгари суришга бир кун фурсат қолди - Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси 10 майдан президентлик учун сайлов кампанияси бошланишини эълон қилди, сиёсий партияларга ўз номзодларини рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилишларига 3 кун муддат берилди.

2021 йилдаги президентлик сайловида "Миллий тикланиш" Алишер Қодиров номзодини, ЎзЛидеп Шавкат Мирзиёев номзодини қўйган эдилар.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президентлигига номзодлар муҳокамаси ҳам бошланди.

"Социал-демократлар Робахон Маҳмудова номзодини президент сайловида илгари суришмоқчи. У Олий суд раиси биринчи ўринбосари", деб ёзди davletovuz.

Davr 24 Телеграм канали ХДП раҳбари Улуғбек Иноятовни бутун Ўзбекистонга танитган телевизион чиқишини эслатди, "Иноятов битта оилага ойига 2.5 млн сўм яшаш учун етади теоремаси муаллифи", деб ёзди.

Улуғбек Иноятов

Сурат манбаси, Telegram\Davr 24

"Экопартиядан Абдушукур Ҳамзаев ютқазади", деб ёзди Zafarbek Solijonov Телеграм канали.

Ўзбекистонда охирги президентлик сайлови 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтди.

Унда беш номзод илгари сурилган, Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Бу Президент Мирзиёевнинг иккинчи беш йиллик президентлик муддатининг бошланиши эди.

2023 йил 30 апрелида Ўзбекистон конституциясига ўзгартиришлар киритиш мақсадидаги референдум ўтказилди.

2021 йилги Ўзбекистон президентлиги сайловига номзоди илгари сурилган сиёсатчилар

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, 2021 йилги Ўзбекистон президентлиги сайловига номзоди илгари сурилган сиёсатчилар

Расмийлар овоз берувчиларнинг 90 фоиздан ортиғи конституцияни ўзгартиришни ёқлаб овоз берганини эълон қилдилар.

Президент Мирзиёев янги конституциядан келиб чиқиб Ўзбекистонда муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказиш ҳақидаги фармонни имзолаганини хабар қилди, 9 июл куни сайлов куни деб эълон қилинди.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти 30 апрелдаги референдумни "сиёсий рақобатсиз" ўтганини таъкидлади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002