Ўзбекистон - кеча ва бугун: Президентнинг узоқ муддат лавозимда ўтириши нимага олиб келади? Гап муддатдами ёки ваколатда? Янгиликлар - видео

Mirziyoyev

Сурат манбаси, President.uz

Ўқилиш вақти: 6 дақ

Конституцияга ўзгаришлар референдум орқали қабул қилинса, Президент Шавкат Мирзиёев 2040 йилгача қудратда қолишга ҳуқуқий замин яратилиши айтилмоқда. Конституцияни ўзгартириб ҳокимиятда қолиш имтиёзидан Президент Каримов ҳам фойдаланган ва ўлимига қадар Ўзбекистонни бошқарганди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Конституциявий суд қарорида Конституциянинг янги таҳрири мансабдор шахсларга қандай қўлланилиши тушунтирилди.

Ундан маълум бўлишича, Ўзбекистондаги мансабдор шахслар мазкур Конституциявий қонун кучга кирган пайтда кўрсатилган лавозимларни эгаллаганлиги ва (ёки) эгаллаб келаётганлигининг сурункали муддатлари сонидан қатъи назар бошқа фуқаролар билан тенг равишда Конституция, шу жумладан ушбу Конституциявий қонун таҳриридаги Конституция, талабларига мувофиқ ушбу лавозимларга сайланиш (тайинланиш) ҳуқуқига эга бўлиши белгиланган.

Ўзбекистон Сенат раҳбарининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўтган йили июн ойида мамлакат конституциясига киритилган ўзгартиришлар амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг аввалги президентлик муддатини "нолга тенглаштириши"ни тасдиқлаганди.

Би-би-си ушбу ўзгаришлар ва унинг ортидан Мирзиёевнинг президентлик лавозимида икки муддат ортиқроқ қолиши Ўзбекистон учун нимани англатишини сўраб, бир неча мутахассисларга мурожаат қилди.

Short presentational grey line

Жамшид Муслимов, таҳлилчи:

"Ўзбекистон Республика бўларкан, жумҳуриятчилик йўлида тураркан… энди республикачилик принципларига риоя қилиш керак,. Биринчидан, қонунларга, қоидаларга, процедураларга риоя қилиши керак. Ҳокимият бўғинларининг бир-биридан мустақиллиги ва бир-бирини мутаносибликда ушлаб туриши, у ёки бу ҳокимият бўғинининг узурпациясига йўл қўймаслик каби принципларга риоя қилиниши керак.

Ана энди "ноллаштириш" амалиёти амалга ошириларкан савол туғилади. Агарки, мамлакатнинг энг юқори бошқарув бўғинининг ўзи қоидаларга риоя қилмаса, қанақа ислоҳот ҳақида гапириш мумкин?

Тўғри, энди расмий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, ёлланилган эксперт юристларнинг талқинларига эътибор берадиган бўлсак, қоида бузилмаётгандек. Аммо моҳиятан ёндашадиган бўлсак, бу нарса кўриниб турибди. Бу ерда айнан процедураларга хилоф иш тутиляпти.

Jamshid Muslimov

Ноллаштиришдан кейин ислоҳотлар амалга ошади деган нарсага мен мутлоқо ишонмайман. Чунки буларнинг ниятида жиддий реформалар ўтказиш йўқ. Асосий мақсад битта ҳокимиятни кўпроқ қўлда ушлаб қолиш. Ҳокимиятни қўлда ушлаб қолишдан мақсад Ўзбекистонни жиддий равишда ривожланишини таъминлаб бериш устида ҳаракат эмас. Бу нарса, албатта, ўз-ўзидан йўл-йўлакай қилинади, деб ўйлашади. Лекин восита мақсадга айланиб қолган. Агар ватанпарвар сиёсатчи бўладиган бўлса, у ҳокимиятга чиқиш ва ҳокимиятни ушлаш у учун восита, мақсад эса ватанига хизмат қилиш. Ватанга хизмат қилиш бунақа бўлмайди, демоқчиман. Яъни агар чин дилдан ватанига хизмат қилмоқчи бўладиган элита бўлса , у ҳолда улар биринчи галда ўзлари ибрат қилиб , мана шу қонун-қоида, процедураларга риоя қилаётганини кўрсатиб беришарди. Афсуски, унақа бўлмаётганини кўряпмиз.

Яна бу ерда муҳим масала, ноллаштириш амалга ошганидан кейин чала қолган ишлар давом этилади, деган тасаввур бор. Лекин анча вақт берилди. Бу вақт ичида қилинган ишларни қилинмагани, ваъда берилган ва қилингани билан солиштирадиган бўлсак вақт ўтган сари ўзгариш темпи сустлашиб боряпти. Ҳатто баъзи бир соҳаларда тўхтаб қолиш ва орқага юриш ҳам бошланди. Бундан буён фақат жойида туриш, камида турғунлик ҳолати вужудга келади, деб ўйлайман. Чунки ҳозирги президент ва унинг атрофидаги одамлар маҳкам ўрнашиб олишди.

Уларнинг асосий мақсади одамларга яхши кўринишга интилиш эмас. Уларнинг мақсади, қандайдир жиддий реформалар олиб боришмас, балки жойларига маҳкам ўрнашиб олиш ва буни ҳеч кимга ҳеч қачон бериб қўймаслик. Бундай ёндашув албатта, республикачиар ғоясига зид келади. Ўзбекистон ўзини республика деб номлагани билан республика эмаслигини, балки "банан республикаси" даражасига тушиб қолаётганлигидан далолат бу нарсалар.

Айтаманки, жиддий ислоҳотлар ва реформалар олиб бориш салоҳияти ҳозирги раҳбариятда мавжуд эмас деб ўйлайман. Салоҳият ҳам йўқ, бунга сиёсий ирода ҳам йўқ. Мақсад шу жойда қотиб туриш, вазиятни ўзларининг фойдаларига, шахсий манфаатларига солаб ушлаб туриш. Бўлди бошқа нарса йўқ".

Short presentational grey line

Жаҳонгир Муҳаммад, журналист ва собиқ депутат:

"Албатта, бу энди конституциявий ислоҳот деб тақдим қилинмоқда. Конституциявий ислоҳот бўлганида бутун дунёдаги, ривожланган мамлакатлардаги конституцияларда мужассам бўлган асосий принциплар Ўзбекистон конституциясида ҳам бўлиши керак эди. Масалан, шундай принциплардан бири президентга ишончсизлик билдириш, яъни импичмент ҳолати.

Jahongir Muhammad

Мана шу ичпичмент ҳолати йўқ. Бу дегани мамлакат бундай кейин ҳам диктатура йўли билан бошқарилади дегани. Қонундан устун одам бор дегани. Ҳамма ўшанга қулоқ солади. У истаса жиноят қилиши мумкин, истаса хатоларини яшириши мумкин. Истаса қонунларни бузиши мумкин, конституцияни оёқ ости қилиши мумкин. Бунга ҳеч қандай чора йўқ. Бу эса диктатура дегани. Мана шу нарса киритилмади.

Одамлар таклиф қилишдики, ҳаттоки майли Мирзиёевга ишламаса ҳам ундан кейингиларга ишлайди-ку. Конституция 1 йилга ё 20 йилга эмас, узоқ йилларга мўлжалланган бўлади, деган гапларни айтишди, ёзишди. Аммо лекин инобатга олинмади. Яъни халқнинг фикри инобатга олинмади. Халқ ўша дунёни кўриб, дунёни билиб туриб, ўзининг фарзандлари, зиёлилари орқали шу фикрни ўртага ташлади. Инобатга олинмади.

Ёки яна бир принцип. Ҳатто Мирзиёевнинг ўзи ҳам ҳокимиятга келган пайтлари бот-бот такрорлади - ҳокимларни сайлаш. Одамлар бунга ишонди. Кейинчалик биз сайлолмаймиз, деган гапни айтди. Энди сайлолмаймиз бўладиган бўлса, бу айни пайтда президентнинг ўзини ҳам легитим президент эмаслигини кўрсатади. Агар халқ сайлолмайдиган бўлса, бу сайловлар нега керак эди? Нима керак мана шунча даҳмаза?

Агарки, вилоят ҳокимлари сайланмас экан, Ўзбекистонда сиёсат, умуман режим умуман ўзгармайди. Сабаби ўша битта одам буларни ишга қўяди, ишдан олади. Улар ўша битта одамга содиқ бўлади. Халққа эмас, ўша битта одам учун хизмат қилади. Агар конституцияга киритилиб бу нарса аста-секин амалга оша бошлаганда, демакки, сиёсий ўзгаришлар бўляпти, ҳақиқатдан ҳам конституциявий ўзгариш бўлган экан дейиш мумкин. Мана шундай бир нечта принципиал қоидалар йўқ бу ҳужжатда.

Шундай экан бу ўша Россия конституциясининг нусхаси дейиш мумкин. Чунки Путин ўзининг олдинги муддатларини ноллаштириш, йўққа чиқариш учун янги конституция қабул қилдирди. Умрининг охиригача давом этиши учун асос яратди. Ҳудди шу нарсани энди Ўзбекистонда ҳам қилинди мана. Ва бу очиқ-ойдин ҳам айтилди. Ҳатто сенат раисининг собиқ ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам бир суҳбатида буни очиқ айтди. Бу ноллаштириш бўлади, деб.

Мана яқинда конституция суд ҳам айтди. Референдумдан кейин Президент 26 июлда муддати тугайди. Конституция бўйича икки муддатдан ортиқ президент бўлиши керак эмас. Лекин айтиладики, янги конституция қабул қилинди. Янги конституция орқага юрмайди, олдингга боради дейилади ва президент яна сайланиши мумкин. Энг қизиғи беш йилдан 7 йилга узайтирилди бу муддат. Демак, 7 йил, 7 йил - 14 йил. Худо умр берса 2040 йилгача битта одам Ўзбекистонни бошқаради. Битта одамнинг бошқариш даври бу турғунлик даври бўлади. Худди шу нарсани мана Каримов даврида ҳам кўрдик. Каримовнинг охирги муддатлари турғунлик даври бўлди. Умуман мамлакат ривожланмади, қаерда турган бўлса ўша ерда тураверди. Шундай экан, катта пиар кампаниялари ўтказиляпти, лекин одамлар, кўпчилик мамнун эмас. Дунёни кўрган, қонун қоидаларни тушунадиган одамлар бугун англаб туришибди. Бу нарса президентнинг келажагини ўйлаб қилинаётган нарсадир, яъни бу конституциявий ислоҳот эмас".

Short presentational grey line

Референдум ва конституцияга ўзгаришларни олқишлаётганлар оз эмас

Ўзбекистонда айрим фаоллар конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар халқ манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлаб #befarqemasman ҳештеги остида видеочиқишлар қилмоқда.

Расмийлар ва бу каби фаолларнинг чиқишида президент муддати ноллаштирилишига ҳозирча муносабат билдирилгани йўқ.

"Конституцияда ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтиришни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Мен бу таклифни қўллаб-қувватлайман. Мен бефарқ эмасман", дейди Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова.

Олий Мажлис спикер ўринбосари Одилжон Тожиев ўзгартиришларнинг ҳар бир моддаси ҳаётий тажрибаларга асосланганини айтади.

Gulnora Mahmudova

"Янгиланаётган Конституциянинг ҳар бир моддаси ҳаётий тажрибаларга асосланган ва ҳал қилиниши керак бўлган муаммоларни ечими сифатида лойиҳада ўз аксини топган. Сиз ҳам бефарқ бўлманг", дейди у.

" Конституция лойиҳасида мухолифатчи шахслар ҳуқуқларининг мустаҳкамланиши келгусида Ўзбекистон сиёсий ҳаёти ва бошқарувида янги демократик ислоҳотлар бошланишига ишора бермоқда. Бу фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари борасида муҳим қадам бўлади", дейди собиқ депутат Расул Кушербаев.

"Ўзбекистоннинг дунёвий ва ҳуқуқий давлат эканлигини янгиланаётган Конституцияда мустаҳкамлаш зарур, деб ҳисоблайман. Мен бефарқ эмасман!

Барчангизни "Мен бефарқ эмасман" челленжида қатнашишга чорлайман!" дейди Юксалиш умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов.

Short presentational grey line

Гап муддатдами ёки ваколатда?

Блогер Сардор Салим гап муддатда эмас, балки бир шахсга бериладиган ваколатлар ҳақида эканлигини айтади.

Сардор Салим, блогер:

"Янги Конституциянинг илк моддасида сиёсий оқибатлари оламшумул бўлиши мумкин бўлган бир ўзгариш таклиф қилинмоқда. Яъни, Ўзбекистон - бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги белгиланмоқда. Бу ерда энг муҳим жумла, фикримча, ўзбек давлатчилиги «республика шаклига эга» бўлганлигидир. Давлатчиликнинг энг асосий принципларни белгилаб берган Конституциянинг преамбуласи ва илк бўлими одатда қолган барча бўлимларга маёқ сифатида хизмат қилади. Биринчи боб, биринчи моддада Ўзбекистон бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган давлат эканлиги белгиландими, демак қолган барча моддалар шу моддага мувофиқ бўлиши лозим. Аслида ҳам шундайми?

Лотинчадан олинган Respublica атамаси (Res- «нарса, иш», Publica- «умум, уммат, жумҳур») уммат, жамоа биргаликда (уюшиб, бамаслаҳат) амалга оширадиган ишлар, амалларни англатади.

Ҳар қандай сиёсий ғоя ёки сиёсий фалсафа амалдаги ёки тақдим этилаётган қонун ва қарорлар, институтлар ёки юргизилаётган сиёсатга баҳо бериш учун фойдаланадиган нисбатан яхлит норматив тамойиллар мажмуасидир.

Республикачилик фалсафасида ҳам сиёсий воқеликни баҳолаётганда фойдаланадиган ўзига хос тамойиллар мавжуд. Республикачиликнинг энг асосий ва муҳим тамойили таҳаккумсизлик (non-domination, недоминирование) тамойилидир, яъни қонун-қоидалар ишлаб чиқилаётганда, сиёсий институтлар режалаштирилаётганда, ҳуллас, сиёсат юргизилаётганда энг устивор вазифа доимо таҳаккумга йўл қўймаслик, ёки камида, таҳаккумни жиловлаш, камайтириш шартидир.

Конституция ислоҳоти атрофидаги муҳокамаларда асосий эътибор президентлик муддати беш йилдан ети йилга ўзгараётгани, ва бу ўзгариш амалдаги президентга яъна икки муддат, яъни 14 йил ҳокимиятда қолиш ҳуқуқини бераётганига қаратилмоқда.

Аслида, республикачилик нуқтаи назаридан, муаммо президентни яна қанчадир муддатга сайланаётгани эмас, Ғарбий демократияларнинг баъзиларида, ҳусусан, АҚШ ва Германияда президентлик муддати расман муддатлар билан чекланмаган. Асл муаммо Конституцияда президент ваколатлари деярли чекланмаганлигида, яъни президентлик институти ижроия (Вазирлар Маҳкамаси), суд тизими ва қонун чиқарувчи (Олий Мажлис) ҳокимиятларга нисбатан ўта кучли эканлигидадир. Ҳусусан, Президент давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши ҳақидаги 105-модда республикачилик тамойилларига мутлақо зид бўлиб, мансаб суистеъмолига, қолган ҳокимиятлар ишига аралашишига олиб келиши мумкин.

Муаммо, демак, президент узоқ муддат ҳукмдорлик қилишида эмас, президентнинг ваколати ҳеч нарса билан чекланмаганликда".

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002