Ўзбекистон, #befarqemasman: Машҳурлар Янги Конституцияни дастаклашга чақирмоқда – муносабатлар эса у қадар илиқ эмас - янгиликлар

cons

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Конституцияни ўзгартириш бўйича умумхалқ овоз бериши 30 апрелга белгиланган.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Янги Конституция бўйича умумхалқ референдуми арафасида бир қанча таниқли шахслар #befarqemasman ҳештеги остида видеочиқишлар қилиб, ўзбекистонликларни конституциявий ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга чақирган. Улар орасида таниқли диний фаол Мубашшир Аҳмад ва тадбиркор Зафар Ҳошимов бор.

Олий Мажлис Қуйи палатаси мамлакат Бош қомусини ўзгартиришга оид умумхалқ референдумини 30-апрель куни ўтказиш бўйича қарор қабул қилди.

Маълум қилинишича, яқинлашиб келаётган умумхалқ овоз беришида "Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми", деган савол қўйилади.

Ўтган бир йилга яқин вақт давомида ҳукумат асосий қонунни ўзгартириш мамлакат ривожи учун қанчалик муҳим эканини тарғиб қилиб келди, аммо кўпчилик ўзбекистонликлар наздида бу сиёсий қадамлардан асосий мақсад муддати тугаб бораётган амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг яна ҳокимиятда қолишига замин яратишга қаратилган.

Мамлакатда баҳслар авж олган бир манзарада бир қатор кўзга кўринган шахсларнинг конституциявий ўзгаришларни дастаклашга чақирилган видеомурожаатлари эълон қилинган.

Мазкур тарғибот мурожаатларнинг асосий мазмуни билан сизни таништирамиз.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Машҳурлар чиқиши

cons

Сурат манбаси, Screenshot/Telegram

Сурат тагсўзи, Ўндан зиёд таниқли инсонлар одамларни конституциявий ўзгаришларни дастаклашга чақирган. Суратда машҳур фотограф Муҳиддин Али.

# befarqemasman ҳештеги остидаги челленж кенг омма фойдаланадиган ижтимоий тармоқларда бошлангани кузатилмаган, аммо машҳур инсонларнинг бу челленж доирасида кетма-кет чиқишлар қилгани эътиборни тортган.

Ҳозиргача бу челленжда "Заковат" асосчиси Абдурасул Абдуллаев, "Корзинка" супермаркетлар эгаси Зафар Ҳошимов, диний фаол Мубашшир Аҳмад, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов каби ўндан зиёд таниқлилар қатнашгани кўзга ташланган.

Видеомурожаатларнинг асосий мазмуни - фуқароларни Конституцияни ўзгартириш бўйича умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга чорлаш.

Мурожаатлар муаллифлари сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш ва янгиланаётган Бош қомус мамлакат ривожини кафолатлаши каби важларни бундай чақириққа асос ўлароқ келтирганлар.

Шунингдек, улар фуқароларни мазкур челленжда кенгроқ иштирок этишга даъват этганлар.

Алоқадор мавзулар:

"Сиз ҳам бефарқ бўлманг"

cons

# befarqemasman ҳештеги остида биринчилардан чиқиш қилган "Заковат интеллектуал клуби" ННТ президенти Абдурасул Абдуллаев "Заковат" янги ҳукумат даврида умумхалқ ўйинига айлангани ва бу кунларни 20 йил кутгани ҳақида гапиради.

"Худди тушга ўхшайди. Худди саробга ўхшайди. Аммо бу ҳақиқат", дейди у ўз мурожаатида.

Абдуллаев мамлакатда муаммолар етарли экани, уларнинг ечимини фақат таълим ва илмда кўришини таъкидлайди.

"Таълим устуворлигини қонунларда қатъий белгилаб қўйишимиз керак. Ҳуқуқий асосини яратиб олишимиз зарур. Айниқса, ҳозир Ўзбекистон Конституцияси янгиланаётган пайтдан фойдаланиб қолмоғимиз зарур", сўзлайди у фикри якунида.

Айниқса, диний фаол, Azon.uz лойиҳаси асосчиси Мубашшир Аҳмаднинг челленжда иштирок этгани кўплаб ўзбекистонликлар эътиборини тортган.

Мурожаатида Мубашшир Аҳмад, асосан, иккинчи ҳукумат даврида диний эркинлик билан боғлиқ вазият сезиларли яхшиланганини таъкидлаган.

"Ҳаммамизнинг эсимизда, 2016 йилгача масжидларимиздаги ҳолатни биламиз, жума намозига беркиниб келинган ҳолатлар, бошқа назмозларга ёш болаларни масжидларга киришдан ман қилишлик ҳолатлари ёки фақатгина иймони бақувват, таваккал қилган мусулмонларгина масжидларда намоз ўқишга журъат қиладиган пайтларни ҳам бошдан кечирдик. Алҳамдулиллаҳ, бу кунлар ортда қолди. Ҳозир масжидларимиз одатий намозларда ҳам тўлиб тошмоқда", дейди диний фаол қарийб 3 дақиқалик видеода.

Шунингдек, у Ҳаж ва Умра зиёратларини амалга ошириш эркинлашганига урғу бериб, янги Конституция диний эркинликларни таъминлашига ишонч билдирган.

"Корзинка" супермаркетлар тармоғи асосчи Зафар Ҳошимов ҳам челленж доирасидаги мурожаатида ўхшаш мазмунда - фақат ўз соҳаси бўлмиш тадбиркорлик бўйича - гапириб, Мирзиёев ҳукуматидан олдинги даврда таҳликалар "ҳаддан ташқари кўп бўлган"и ҳақида гапирган.

cons

Сурат манбаси, Instagram: @rasul_abdullaev

Сурат тагсўзи, "Заковат" асосчиси Абдурасул Абдуллаев муаммоларни ҳал этиб олиш конституциявий ўзгаришлардан фойланиб қолиш зарурлигини таъкидлаган.

"Шундай даврлар бўлди, таҳликалар ҳаддан ташқари кўп бўлди. Тадбиркорлар ҳар куни қўрқиб ишлади. Бу на мамлакат иқтисодиёти, на халқ учун манфаатли бўлди. Эслайман, эрталаб "бисмиллоҳ" деб уйдан чиқаётганда, ишқилиб, тинчлик бўлсин, ухлаётган болаларимизга қараб, бирор нарса бўлса, булар нима бўлади, кечқурун эсон-омон уйга қайтай, деган қўрқувда яшадик", дея ўз хотиралари билан ўртоқлашган Ҳошимов.

У иккинчи ҳукумат бошлаган ислоҳотлар муҳокамаларида иштирок этгани, муаммоларни танқидга тутганини билдирган.

"Ўшанда баъзи танишларимиз орасида "қўрқмайсанми, орқага қайтиб қолса, нима бўлади", деганлар бўлди. Аммо бу ислоҳотлар давом этишини, имкониятлар, ҳақ-ҳуқуқларни кафолатлаш даври келди. Мен бефарқ эмасман. Сиз ҳам бефарқ бўлманг", мурожаатини якунлаган йирик тадбиркор.

Челленжда "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова, блогер Хушнудбек Худойбердиев ва бошқалар ҳам қатнашиб, ўхшаш мазмундаги фикрларини илгари сурган.

Таниқли фотограф Муҳиддин Али авваллари расм ёки видеога олиш ҳуқуқи қайсидир мулозимнинг кайфиятига қараб белгиланганини эслатиб ўтиб, бундай давр такрорланмаслиги учун референдумга бефарқ эмаслигини айтган.

"Сиз ҳақингизда бошқача фикрда эдим"

pre

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Кўплаб ўзбекистонликлар Бош қонун муддати тугаётган президент Мирзиёевнинг ҳокимиятда қолишига имкон яратиш йўлида ўзгартирилаётганини ишонишини айтади.

Бир қатор фаоллар дохил кўплаб ўзбекистонликлар Конституцияни ўзгартиришдан асосий мақсад президент Мирзиёевнинг ҳокимиятда узоқроқ муддат қолишига имкон яратиш, деб ҳисоблашини очиқ билдираётган бир пайтда таниқли шахсларнинг бу каби чиқишлари у қадар илиқ қабул қилинмаган.

Айниқса, Мубашшир Аҳмаднинг мурожаатини айримлар жиддий танқид билан кутиб олган.

"Келгусида хокимиятнинг ўзини тутиши халққа жабр бўлса, охиратда сиз хам шерик сифатида жавоб берасизми?", дея у саволга тутилади мурожаат остида қолдирилган изоҳлардан бирида.

Изоҳ қолдирганларнинг бир қисми фаол ҳақидаги фикри бу мурожаатдан кейин ўзгарганини таъкидлаган.

"Фикрингизни тушунмадим, сиз хам сарой мулласига айландингизми? Ноллаштиришга каршимисиз ё тарафдормисиз? Ман каршиман. Аниқ фикрим конституцияни ўзгартириш керакмас", дейилади диний фаолга қаратилган яна бир изоҳда.

Бошқаларнинг мурожаатларига билдирилган фикрларнинг ҳам салмоқли қисми салбий экани кўринган.

Фикр билдирганларнинг аксарияти Конституциянинг янги таҳририда президентлик муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилаётганини эсга олиб, даъват мурожаатлари эълон қилганларни президент Мирзиёев ҳокимияти даври узайишига ёрдам беришда айблаган.

"Ишламай келган конституция ўзгариб ишлаб қолармиди. Аввал ҳам мазмуни бор бўлган сўзлар кенгроқ ёзилиши бу ўзгариш дегани эмас. Диктатура бўлишига қаршиман деган челленжни бошлаш керак. 5 йилдан 7 йилга ўтишига қаршиман", дея фикр қолдирган Facebook фойдаланувчиси.

Баъзи кузатувчилар даъват мурожаатлари оммавий эмас, балки Президент Администрацияга алоқадор кўрилган каналлар орқали марказлашган ҳолда тарқатилаётганига эътибор қаратган.

Шу сабабдан айримлар ҳукумат ижтимоий кайфиятнинг салмоқли қисми некбин бўлмаган бир пайтда, машҳурлар орқали референдумни қўллаб-қувватлашга ундаш йўлида тарғибот-ташвиқот ишларини бошлади қабилидаги фаразларни илгари сурган.

"Бирон катта бизнесмен ёки нуфузли лавозим эгаси ё "нуфузли" одам бўлмасликни дивиденди бор экан — "котта болла" бирон таклиф билан чиққанда бемалол "узр" дея оласиз. Акс ҳолда бу "рад қилиб бўлмас таклиф"га айланади…", фикрини билдирган журналист Шокир Шарипов.

Аммо, ҳозирча, Би-би-си ихтиёрида бу марказлашган ҳолда бошқарилаётган тарғибот кампанияси эканини тасдиқловчи маълумотлар мавжуд эмас.

Би-би-си ўтган йилнинг июль-август ойларида ҳам ўндан зиёд таниқли блогерлар конституциявий ўзгаришларни ёқловчи мазмунан ўхшаш постларни мунтазам эълон қилиб борганига эътибор қаратганди.

Ўшанда Би-би-си шундай постлар қўйилган каналлар муаллифларига "Бу ўз ташаббусингизми ёки иккинчи томон таклифи асосида ёзяпсизми?" деган савол билан юзланган ва суҳбатга тортилган блогерларнинг бари мазкур постлар ўз шахсий ташаббуси билан ёзилганини таъкидлаганди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.