Ўзбекистон: Блогерлар нега Конституция ўзгаришларини ёқлашга тушиб кетишди? O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Охирги вақтда ўзбекистонлик бир қатор таниқли блогерлар Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг аҳамияти тўғрисида ўхшаш постлар эълон қилиб бораётгани кўзга ташланган.
Бир-бирига муқояса қилинганда, ушбу постларнинг ёзилиш услуби деярли бир хил мазмунни ўзида мужассам қилгани ўқувчилар эътиборини тортган.
Бу ҳолат Конституциявий ўзгаришлар турли қарашлар баҳсини келтириб чиқараётган бир пайтда айрим саволларнинг ўртага ташланишига сабаб бўлган.
Ўзаро тафаккур, ўқувчилар рангбаранглиги ва қалтис масалаларда эркин фикр билдира олиши билан ажралиб турувчи таниқли блогерлар нега айнан Конституциявий ўзгаришлар мавзусида қарийб ҳамнафас постлар қолдирмоқда?
Мазкур постлар блогерларнинг ўз ташаббуси маҳсулими ёки остонада турган умумхалқ референдуми манзарасида улар "сафарбар этилмоқдами"?
Алоқадор мазвулар:
"Агар бу ўзгаришлар Конституцияда акс этса…"

Сурат манбаси, Xalqaro islom akademiyasi
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган "Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича таклифларни қабул қилиш 1 август куни тўхтатилган.
Шу куни Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари келиб тушган таклифларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва қонун лойиҳасини такомилига етказиш борасидаги фаолиятини давом эттириши хабар қилинган.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси давомида фуқаролардан 150 мингдан зиёд таклифлар келиб тушгани билдирилган.
Расмийлар фуқаролар асосан ижтимоий ҳимояни кучайтириш, суд-ҳуқуқ ва солиқ тизимини ислоҳ этиш, коррупцияга қарши курашни жадаллаштириш юзасидан таклифлар илгари сурганини маълум қилган.

Сурат манбаси, Screenshot
Умумхалқ муҳокамаси давомида ўнга яқин таниқли блогерларнинг ўз Telegram каналларида Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар қўллаб-қувватланган постлар эълон қилишгани кўзга ташланган.
Услуб ва мазмун жиҳатидан бир-бирига яқин постлар "Мухбир Далиев", "Баҳодир Аҳмедов", "Зафарбек Солижонов", "Давлетовуз", "Alimoff", "Сафар", "Наблюдения под чинарами" каби қарийб ҳар бири ўн мингдан зиёд ўқувчига эга Telegram каналларида эълон қилингани кузатилган.
Ушбу постларнинг асосий мазмуни шундай:
Муаллифлар умумий ёки алоҳида бирон муаммони олиб чиқишади ва Конституцияда акс этиши таклиф этилган тегишли ўзгартириш ҳамда қўшимчалар ушбу муаммога ечим бўла олишини таъкидлашади.
Масалан, "Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар лойиҳасида суд қарорисиз фуқарони 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш тақиқланишига оид қоида киритилмоқда. Кимдир бу талаб Жиноят процессуал кодексида мавжудлигини айтиши мумкин. Лекин ўтган даврларда бу нормага кимдир амал қилди, кимдир йўқ. Неччи марталаб фуқароларнинг ҳуқуқ тартибот идораларига чақирилиб, кейин йўқолиб қолгани ҳақида эшитганмиз, ўқиганмиз. Битта мисол, бир неча йил олдин Андижон вилоятида ИИБга чақирилган 20 ёшли йигит уйига қайтиб келмаган, сўраб боришса йўқ деворилган. Бунақа мисолларни кўп санаш мумкин эди", дейилади, асосан, одамлардан келган мурожаатлар қўйиб борилувчи "Мухбир Далиев" каналида 29 июль куни эълон қилинган постда.
Муаллиф ушбу норманинг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилиши мавжуд нохуш ҳолатларга чек қўйишини таъкидлайди.
"Агар мана шу ўзгаришлар конституцияда акс этса, юқорида эслаган ҳолатларимизга ҳеч ким қўл ура олмаса керак", фикр билдирилади пост якунида.
Мамлакат жамиятида юз бераётган ижтимоий ҳодисаларга реал вақт режимида ўз муносабатларини билдириб борилиши билан танилган "Alimoff" каналида 26 июль куни қолдирилган пост эса Бош қомуснинг ўзгартириш киритилиши таклиф этилган бир неча моддаларига эътибор қаратади.
"…қонун лойиҳасининг 14-моддасига "Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ҳамда жамиятнинг барқарор ривожланишини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади" - деган норма киритилиши таклиф этилмоқда. Бу таклифнинг асосий ғояси "Инсон қадри учун" тамойилига йўналтирилган бўлиб, унинг асосида аҳолини барча тоифаларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларга жамиятда тенг имкониятлар яратиш масъулиятини давлат ўз зиммасига олади", ёзади муаллиф.

Сурат манбаси, Screenshot
Канал муаллифи ушбу постда ўзининг қочиримларга бой машҳур услубидан чекинган ҳолда бу сафарги ёзувларига расмий тус берган.
"Хулоса сифатида амалдаги конституцияга ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечишга қаратилган нормаларни киритилиши биринчи навбатда ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ҳамда ногиронлиги бор шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалаларининг ҳал этилишини таъминласа, иккинчидан, ишсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал этилишига, аҳоли даромадларини ортишига ҳамда эҳтиёжмандларни арзон уй-жойлар билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамланишига замин яратади", дейилади пост якунида.
9 мингдан зиёд ўқувчига эга "Сафар" каналида июль ойида айни услубдаги иккита пост эълон қилинган.
Масалан, каналда 22 июль куни пайдо бўлган постда Асосий қонунга киритилиши таклиф этилган Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилмаслиги ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги норма заруриятига урғу берилади.
Ўз фуқаросини бошқа давлатга бермаслик амалиёти кўплаб давлатларда қўлланилишини таъкидлаган муаллиф ушбу ўзгаришни олқишлашини билдирган.
"…ушлаб берилиши талаб қилинаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаросини ушлаб бериши ёки топширилиши рад этилишини Конституция даражасида мустаҳкамлаш инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туришига яққол мисол деб айтсак бўлади", дейилади "Сафар" канали постида.
Таниқли ҳуқуқшунос-блогер Зафарбек Солижонов эса июль ойи давомида Конституциявий ўзгаришлар аҳамияти урғуланган бир қатор постларни ўқувчилари билан улашган.
28 июль куни эълон қилган постида Солижонов журналистлик фаолияти давомида "снос" (уй бузилиши) муаммосига дуч келган одамларни учратгани, эндиликда, Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар билан бу муаммо барҳам топажагини ёзган.

Сурат манбаси, Screenshot
"Конституция лойиҳасида ушбу қисм мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Унда "ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши ҳам мумкин". Шартлар ва тартиблар ишлаб чиқилса, бу жуда катта қадам бўлади. Хусусий мулки дахлсиз бўлган, уйини четлаб автомагистраллар ўтган бир қанча хориж видеолари бор. Мулк дахлсизлигини кўриб одам ҳавас қилади", фикр билдирган 28 мингдан зиёд ўқувчига эга ҳуқуқшунос-блогер.
"Ҳеч қандай инструкция йўқ"
Таниқли блогерларнинг Конституциявий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб ёзган услубан ўхшаш постлари умумхалқ муҳокамаси якуни арафасида кетма-кет эълон қилингани эътиборни ўзига тортган.
Би-би-си шундай постлар қўйилган каналлар муаллифларига "Бу ўз ташаббусингизми ёки иккинчи томон таклифи асосида ёзяпсизми?" деган савол билан юзланди.
Суҳбатга тортилган блогерларнинг бари мазкур постлар ўз шахсий ташаббуси билан ёзилганини таъкидлади.
"Менга, масалан, қанақадир инструкция йўқ. Менинг блогим ҳуқуқий бўлгани учун бу масалада доим фикр бериб турибман", деди ҳуқуқшунос-блогер Баҳодир Аҳмедов.
Ҳуқуқшунос-блогер Зафарбек Солижонов Конституциявий ўзгаришлар дастакланган постларини ўз ихтиёри билан ёзаётганини билдирди.
"Шахсий ташаббус, олдинги даврдан ҳам хабардорман, солиштира оламан. Аввалги тузумдан ҳозиргиси ҳозирча барибир яхши".
"Андижон воқеаларидан кейин ОАВ ва фаол жамоатчиликка қарши қандай қирғинлар қилинганидан кўпчилигимиз хабардормиз", дея жавоб берди Солижонов.
Нега йўналиши, аудиторияси, қарашлари бир-биридан фарқли каналлар муаллифлари деярли бир вақтда услубан ўхшаш постлар қўймоқда, деган саволга блогерлардан бири шундай жавоб берди:
"Ҳеч қандай инструкция йўқ. Қолганлар бир-биридан кўчириб босаётган бўлса керак".
Баҳодир Аҳмедовнинг фикрича, мавзунинг муҳимлиги блогерлар қарашларини бирлаштирган бўлиши мумкин.
"Тренддаги мавзу. Актуаллиги ортидан ёзишяпти шекиллида ҳамма".
Ҳуқуқий масалаларни у қадар ёритмайдиган, асосан, одамлардан келган мурожаатлар эълон қилиб бориладиган ёки ижтимоий-маиший масалаларда фикрлар билдириладиган каналлар муаллифларидан мавзу бўйича саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади.
Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнига май ойининг ўртасида старт берилган.
Конституциявий комиссия Бош қомусга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳасини бир ойдан камроқ муддатда тайёрлаган.
Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси доирасида фуқаролардан кенг кўламда таклифлар олинган бўлсада, таклифларни инобатга олиш, уларни қайта ишлаш жараёни қанчалик шаффоф кечиши борасида саволлар йўқ эмас.
Илгари сурилган конституциявий ўзгаришлар Қорақалпоғистонда кенг норозилик намойишлари бошланиб кетишига туртки берган.
Блогерлар ва, ҳатто, шоу-бизнес вакиллари Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг аҳамиятини тарғиб қилишса-да, янги қиёфага кираётган Бош қомусда ҳокимият бўлиниши тамойиллари, ўзаро тийиб туриш механизмлари каби муҳим нормалар у қадар мустаҳкамлаб қўйилмаётгани ҳам таъкидланган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














