Ўзбекистон референдуми жаҳон оммавий ахборот воситаларида O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Президент Мирзиёев

Сурат манбаси, Гардиан рўзномаси

Хорижда фаолият юритадиган оммавий ахборот воситаларининг аксари Ўзбекистондаги референдум президент ваколатини узайтиришига эътибор қаратдилар.

Буюк Британияда нашр этиладиган Гардиан газетаси "Ўзбекистон президент бошқарувини 2040 йилгача узайтирадиган банд учун овоз бераяпти" деб ёзди.

"Конституцион ўзгаришлар президентлик муддатини беш йилдан етти йилга узайтиради, президентга яна икки муддат хизмат қилиш ва ҳокимиятдаги вақтини 2040 йилгача узайтиришга изн беради.

Алоқадор мавзулар:

"Авторитар ислоҳотчи пойтахт Тошкентда оиласи билан бирга овоз берди.

"Медиа қаттиқ назорат қилинаётган мамлакатда ўзгартиришлар қабул қилинишига шубҳа йўқ", дейилади Guardian 30 апрель куни босган мақолада.

Президент Мирзиёев

Сурат манбаси, Al jazeera

"Ўзбеклар Президент Мирзиёевнинг ислоҳотлар таклифларини қўллаб-қувватладилар" деб сарлавҳа қўйди Қатардаги "Ал-Жазира" телеканали.

"Дастлабки натижалар кўрсатишича, Ўзбекистондаги овоз берувчилар Президент Шавкат Мирзиёевга 2040 йилгача қудратда қолишига изн берадиган конституциявий ўзгаришларни аксар овозлар билан дастаклаганлар", деб ёзилади телеканал эълон қилган мақолада.

"Сайлов комиссиясининг душанба куни эълон қилишича, Марказий Осиёдаги мамлакат сайловчиларининг 90 фоизи ислоҳотларни қўллаб-қувватлаганлар. Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳукуматнинг авторитар бошқаруви ўзгача фикрни чеклайди дейдиган собиқ Совет мамлакатида давомат 85 ни ташкил этган", деб ёзди Ал-Жазира.

Аксар нашрлар Ўзбекистоннинг Ғарбдаги ҳамкорлари Мирзиёевнинг президентлик муддати узайтирилишини маъқуллашлари даргумон, деб ёзадилар.

"Ғарб Украинадаги уруш туфайли Россияни яккалаб қўйиш ҳаракатларида собиқ совет давлатларидан мадад излаётганини ҳисобга олсак, бу Ўзбекистон учун унчалик хавф туғдирмайди", деб ёзди Қатар телевидениеси.

Референдум

Сурат манбаси, dw.com

"Ўзбеклар президентнинг ҳокимиятдаги муддатини узайтирадиган конституциявий ўзгаришларга овоз бердилар" деб ёзди Франциянинг France 24 канали.

"Якшанба куни бутун Ўзбекистон бўйлаб овоз бериш участкалари ёпилди. Бу кун Марказий Осиёдаги мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёевга 2040 йилгача ҳокимиятда қолишига имконият берадиган конституционал референдумда овоз беришнинг охирги куни эди", дейилади мақолада.

"65 ёшли Мирзиёев 2016 йили диктатор Ислом Каримов ўлимидан кейин президент бўлди.

У конституцияни ўзгартириш бошқарувни яхшилайди, ҳуқуқлари узоқ вақт қаттиқ чекланган 35 миллионлик аҳолиси бор, ҳар томондан денгизга чиқиши чекланган Марказий Осиё мамлакатида ҳаёт сифатини яхшилайди, деб таъкидлайди.

"Бироқ кузатувчиларнинг айтишича, аҳолисининг аксари мусулмон бўлган мамлакатда бу ўзгаришлардан энг кўп наф кўрадиган Мирзиёев бўлади деб кутилмоқда", дейилади France 24 мақоласида.

"Ўзбекистон референдуми президентнинг ваколати муддатини узайтиради" деб ёзди Германиянинг "Дойче Велле"си.

"Ўзбек раҳбари қудратини кенгайтирадиган референдумни енгди" деган сарлавҳа қўйди ўз мақоласига Рейтерс ахборот агентлиги.

"Ўзбекистондаги референдум президентнинг 2040 йилгача қудратда қолишига етаклаши мумкин" деб ёзди Евроньюс.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002