Ўзбекистон – Россия: ‘Ўзгаришлардан хабарим бор, овоз бераман’, ‘Буйруқ бўлди, келдик’ ёки баҳонада Ислом Каримов ҳайкалини зиёрат O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, TAQDIM
Россиядаги ўзбекистонликлар Ўзбекистон конституциясининг таҳрири референдумига муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида қатнашишди.
Муҳожирлар референдум ҳақида қандай фикрда?
Москвадаги "Тонг жаҳони" халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассиси Жалолиддин Рустамов Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасидаги 30-референдум участкасида бўлиб, муҳожирлар билан суҳбатлашган.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар: Ўзбекистон, Марказий Осиёда Россияни танламаслик имкони борми?
- Танг аҳволда қолган Россия меҳнат бозорига Ўзбекистонликларни жалб қилмоқчи
- Россия - Ўзбекистон: Путин нега мигрантларга бағрикенг бўлиб қолди? Янги ўзгаришлар
- Янгиликлар. Россия ва Ўзбекистон: Энди Россияга бориш, ишлаш қийинлашадими - Россия яна миграция сиёсатини ўзгартирмоқчи
"Билмайману қўллайман"
"Референдумдан мақсад нималигини биласизми", деган саволга Ўктам исмли муҳожир "йўқ, билмайман" деб жавоб берган. Шунга қарамай, муҳожир Ўзбекистон Конституциясининг янгиланиши учун овоз берган.
Азизбек исмли меҳнат муҳожири эса референдум ҳақида тушунчаси борлигини билдирган.
Ўзбекистон Конституцияси учун овоз беришга келдим. Халқимизга ва давлатимиз учун яхши ўзгаришлар бўлади, деб ўйлайман, - дейди Азизбек.
Референдум ўтказишдан мақсад - Ўзбекистонга янги қонунлар киргизиш, қонунларни янгилаш. Биз шунинг учун овоз бердик, - дейди Шуҳрат исмли мигрант.
Муҳожир конституцияда айнан қандай ўзгаришлар бўлиши кутилаётганидан бехабарлиги, шундай бўлса-да, ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ўзини Неъматилло деб таништирган муҳожир Конституция янгиланганидан кейин бўладиган ўзгаришлардан хабари борлигини, шу сабаб ихтиёрий овоз беришга келганини айтди.
"Буйруқ бўлди, келдик"
Мигрантлар ҳуқуқ фаолларига муддатидан олдин овоз бериш жараёнларига Москва шаҳри ва атрофидаги ўзбекистонликларни иш жойларидан оммавий равишда мажбурий келтирилгани ҳақида ҳам маълум қилишди.
Жалолиддин Рустамов билан суҳбатлашган мигрантларнинг баъзилари бу маълумотни тасдиқлади.
Бизга "приказ" бўлди, келдик. "ГБУ"да (уй-жой коммунал хизматлари ширкати) ишлаймиз. Овоз беринглар дейишмади, чақиришаяпти деди холос, - дейди бир муҳожир.
Москвада фаррош бўлиб ишловчи Гулчеҳра Акбарова эса Би-би-си билан суҳбатда аввалига референдумда иштирок этмаслигини билдирганди.
Интервьюнинг эртаси куни эса Москвадаги элчихонада ташкил этилган овоз бериш пунктидан жонли эфирга чиқиб, Конституция янгиланишини қўллаб-қувватлашини Facebook даги саҳифасида эълон қилди.
"Мигрантлар ўйин-кулгу қилмайдими?"
Гулчеҳра ҳар куни ишга велосипедда қатнашда элчихона ёнидан ўтиши, Москвадаги референдумнинг муддатидан олдин овоз бериш жараёнида муҳожирлар қатнашаётганини кўрганини айтди.
Элчихонадан кўп мигрантлар чиқиб келишаяпти. Велосипеддан тушиб, шу кўчада ишлаётган бир ҳовли супурувчи болани ёнига бордим. "Элчихонамизда нима бўлаяпти, хабарингиз борми", десам, "йўқ" деди. "Референдум бўлаяпти. Референдум нималигини биласизми" десам, билмаслигини айтди. "Мен ҳам билмайман", дедим-да, велосипедга ўтириб кетдим.
Гулчеҳранинг айтишича, элчихонадаги референдум сокин тарзда ўтган.
Интернетда, телевизорларда кўрганимиздек, данғир-дунғирли "меники, сеники, бизники" деб бақириш, шунга ўхшаш нарсалар йўқ, тинчгина ўтаяпти. Элчихонани эшиги очиқ турибди, расмийлардан бир кишидан нима бўлаётганини сўрадим. Референдумлигини айтишди. "Қани, бизга концерт бўлмайдими?", деб ҳазиллашсам, йўқ, дейишди. Мигрантлар ўйин-кулгу қилмайдими, деб кулиб ўтиб кетдим.
Гулчеҳра Акбарова референдумда иштирок этмаслиги сабабини бу борада маълумоти йўқлиги билан изоҳлаганди.
"Билмаган нарсамга кириб-чиқиш... билмадим. Мен қатори, ўша ерда йиғилганларнинг кўпчилиги ҳам билмаса керак", деганди муҳожир аёл.
Шунингдек, унинг атрофидаги муҳожирлар ҳам иш билан бандлиги, тирикчилик учун пул топиш ишдан қолмасликларини билдирганди.
"Ҳар бир муҳожирнинг қалбида оғриқли нуқтаси бор. Ўзбекистонда ишлашсин, фарзандларини ўқитишсин, оиласининг бағрида бўлишсин", деди Гулчеҳра умид билан.
Ушбу интервьюнинг эртаси куни "Мен ҳам Ўзбекистонимиз Конституциясига бефарқ эмасман, фарзандларим келажагига бефарқ эмасман", дея чиқиш қилди Facebook даги саҳифасида.
Москвадаги элчихонада ташкил этилган сайлов участкаси манзарасида "Конституция меники, сизники, барчамизники" шиорини таъкидлади.

Хориждаги энг кўп пункт
Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳузурида 55 референдум участкалари ташкил этилган. Улардан энг кўп қисми Россия давлатига тўғри ккелади.
Россия ўзбекистонликлар энг кўп меҳнат муҳожирлигига чиқувчи мамлакат бўлиб, бу ерда расман 2 млн га яқин Ўзбекистон фуқаролари борлиги маълум қилинган.
Ўзбекистонликлар учун Россиянинг 49 та ҳудудида кўчма овоз бериш пуктлари ташкил этилган.
Москвадаги референдумда иштирок этиш учун келган мигрантлар элчихонага яқин майдонда жойлашган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкалини ҳам зиёрат қилиб, расмларга тушишган.
26 апрел куни Россияда Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўзгартириш бўйича умумхалқ референдумига муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари якунланди.
Референдуминг асосий кунида овоз бериш жараёнлари Москвадаги элчихона ҳудуди, шунингдек, Владивосток, Екатеринбург, Қозон, Новосибирск, Ростов-Дон ва Санкт-Петербургдаги бош консулликлардаги жами еттита сайлов участкасида ўтказилади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















