Янгиликлар: Ўзбекистон, Марказий Осиёда Россияни танламаслик имкони борми? Уёғи-чи? O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Америка Қўшма Штатларининг Тожикистондаги янги элчиси шу кунларда матбуот анжумани берди. Бутун Марказий Осиёни нималар кутиши мумкинлигини очиқлади.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Бугун Путинга "Йўқ", дейиш хавфлими? Россия ва Марказий Осиё
- Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Ташқи таҳдидга қандай қарши туриш мумкин, Қозоғистон Россиядан қўрқмайдими ва Россия Марказий Осиёни ким сифатида кўради?
- Ўзбекистон. Кун саволи: Россия ва Хитой гегемонлиги қаршисида бугун Туркий давлатлар нима қила олади?
Элчи нималар деди?

Сурат манбаси, Asia-Plus
Мануэл Микаллернинг айтишича, Россия Ғарб ва Американинг санкцияларини Марказий Осиё давлатлари орқали четлаб ўтишга уринмоқда, шу боис, Тожикистонга ҳам санкциялар қўлланиши эҳтимоли бор.
"Бу санкциялар уларга нисбатан қўлланилиши ёки қўлланилмаслигини Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Тожикистоннинг ҳам ўзи танлай олади", - дея баён қилган АҚШ элчиси.
Тожикистондаги етакчи Asia-Plus нашрининг ёзишича, элчи Мануэл Микаллер биргина шу сўзларни айтишнинг ўзи билан кифояланмаган.
У матбуот анжумани чоғида Тожикистон ҳукумати ва тожикистонлик ишбилармонларни кенг жамоатчиликка имконли бўлган санкциялар рўйхати билан танишишга ҳам таклиф қилган.
АҚШ Тожикистоннинг "энг йирик донори" эканлигини ҳам эслатган, шу яқин йилларда ўзларининг кўмакларини янада ошириш режасида эканликларини ҳам қайд этиб ўтган.
Нутқининг аввалида эса, элчи Мануэл Микаллер АҚШнинг Тожикистондаги учта асосий мақсадини очиқлаб, санаб ўтган:
- Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва ривожлантириш
- Тожикистон суверенитети ва чегараларининг хавфсизлигини мустаҳкамлаш
- Масъулиятли ва самарали бошқарув институтларини ривожлантиришга кўмаклашишни шулар сирасида санаб ўтган.
Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг мамлакатлар иқтисодига таъсири ҳақидаги саволга жавоб бераркан, АҚШ элчиси бу ҳолат озиқ-овқат нархлари ошган Тожикистонга салбий таъсир кўрсатганлигини айтган.
"Россия Марказий Осиё давлатларига таъсир қилишнинг барча воситаларига эга. Биз бу мамлакатларга ўз йўлини танлашига имкон беришимиз керак", - дея баён қилган Мануэл Микаллер.
Бежавоб саволлар

Сурат манбаси, ROSSIYA ELCHIXONASI/ARXIV
Аммо, маълум бўлишича, АҚШ элчиси Asia-Plus нашрининг Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг яқинда қилган баёнотига саволини бежавоб қолдирган.
Россия Ташқи ишлар вазири Ғарб Марказий Осиё давлатларидан Москва билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишларини талаб қилаётганини даъво қилиб чиққан.
"Ғарб Марказий Осиё давлатларига босим ўтказиб, уларнинг Россияга қарши санкцияларга қўшилишларини истаётганлиги"ни баён қилган.
Бунинг ортидан эса, Россия Ташқи ишлар вазири минтақа давлатларини Ғарбга нисбатан эҳтиёткор бўлишга чақирганди.
Айнан Марказий Осиё ҳозир Украина уруши боис, Ғарбнинг мислсиз санкциялари остида қолган Россия ва Путин ҳар томонлама алоқаларини мустаҳкамлаш истаги, режаси ва ҳаракатида бўлган, шу йўл билан халқаро ихотадан чиқиш, жазо чоралари оқибатларини юмшатиш илинжида экани кўрилган минтақа бўлади.
Нашрнинг ёзишича, яна, "АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Остонага расмий ташрифи чоғида ваъда қилган $25 миллион доллар Марказий Осиё давлатларига қачон берилиши ва қандай тақсимланиши"га оид саволи ҳам бежавоб қолган.
Ўзбекистон, Марказий Осиё кимни ва ёки нимани танлайди?

Сурат манбаси, .
Нейтрал Туркманистон илова беш мустақил Марказий Осиё давлати ҳали-ҳануз Россиянинг анъанавий иттифоқчилари сифатида кўрилишади.
Россия уларнинг асосий стратегик шериги, яқин иттифоқчиси, энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори бўлади.
Айнан Россия, йилларки, Марказий Осиёнинг миллионлаб сондаги аҳолиси учун энг катта меҳнат бозори вазифасини ҳам бажариб келади.
Марказий Осиё давлатларининг аксарияти Россия шамсияси остидаги ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий ташкилоту иттифоқларга ҳам аъзо.
Аммо уларнинг ҳеч бири шу пайтгача Россиянинг Украинага босқинини на-да ошкора қўллаган ва на-да қоралаган.
Ғарбнинг Россияга қарши халқаро санкциялари масаласида ҳам уларнинг бунга ошкора эътироз билдириб чиқишгани ҳалича кўрилмаган.
Ҳозир ҳам расман ўзларининг кўпқутбли ташқи сиёсат тарафдори эканликлари мавқеида собит…
Марказий Осиё Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган минтақа бўлади.
Минтақа Россиянинг энг кўп ҳарбий иншоотларига эга ҳудудлардан бири ҳам бўлади.

Сурат манбаси, .
Сўнгги пайтларда Европа Иттифоқи юқори мартабали вакилларининг ҳам Марказий Осиё давлатларига ташрифлари ўта фаоллашган.
Европа Иттифоқи АҚШ билан бирга Украина уруши боис Россияга энг кўп санкция киритаётганларнинг олд сафларида бўлади.
Европа Кенгаши президенти яқинда пойтахт Остонага қилган ташрифи чоғида иттифоқ учун келажакда ўз таъминот занжирларини турфалаштиришнинг муҳимлигини ҳам таъкидлаган.
Шарль Мишель бу масалада Қозоғистон ва бутун минтақа Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори бўлиши мумкинлигини қайд этган.
Россиянинг худди шу каби баёнотлари манзарасида АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятининг илк юқори мартабали расмийси ҳам Марказий Осиёга сафар қилган.
Энтони Блинкен минтақанинг энг йирик икки давлати - Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган, пойтахт Остонада Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари билан қўшма саммитда ҳам иштирок этган.
АҚШ Давлат котиби ўз ташрифи давомида минтақа давлатларини Россия тажовузидан огоҳлантирган, мамлакати улар барчасининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш тарафдори эканлигини таъкидлаган.
Энтони Блинкен, "ўз қўшнилари чегараларини куч билан йўқ қилишга уринаётган қудратли давлатнинг" кейинги қадамини ҳам бемалол қўйиши мумкинлиги хавфига хосан тўхталиб ўтган.
АҚШ Давлат котиби шунинг учун ҳам кўплаб давлатларнинг Россия тажовузига қарши чиқиши жуда муҳим бўлганини таъкидлаган.
Ташқи таҳдидга қарши тура олишлари учун минтақа давлатларига ўз хавфсизлиги, иқтисодий фаровонлиги ва жамиятлари барқарорлигини кучайтиришда турли йўллар билан кўмак қилаётганликларини айтган.
АҚШ Давлат котибининг минтақага ташрифидан яна бир асосий мақсад уларни Ғарб санкцияларини четлаб ўтишида Россияга кўмак бермасликлари билан огоҳлантириш экани ҳам таъкидланган.
Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутилмаган баёнот билан чиққан.
"Ўзбекистон ким томон?", деган "оғир савол"га шахсан ўзи жавоб берган.
Ўзбекистон президенти "замон жуда мураккаб" экани ва ҳозир"катта, катта давлатлар" томонидан худди шу каби савол қаршисида қолганликларини айтган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ўз томонларига ўтишга "қаттиқ, қаттиқ даъват қилаётган" мамлакатлар номига тўхталмаган.
Аммо Сурхондарё вилоятида берган ана шу баёнотида ҳозир ўзлари ортиқ "нейтрал бўлмаслик", аниқ "у ёки бу томонга ўтиш"га "қаттиқ" даъват этилишаётганини маълум қилган.
Аммо Ўзбекистон президенти бу саволга жавоб фақат «битта» эканини таъкидлаган.
"Бир томонман - миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бериши"ни баён қилган.
Минтақавий кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон президенти ўзининг айни мазмундаги жавоби билан "тараф талашаётган" қудратларга нисбатан ташқи сиёсатда ўзларининг миллий манфаатларига содиқ қолишлари муждасини берган.
Ўшанда Шавкат Мирзиёевнинг мазкур баёнотига у назарда тутган қудратлар муносабати ноаёнлигича қолганди.
Ҳозир эса, Европа Иттифоқи ва АҚШнинг кейинги қадами Россиянинг ўзига қарши санкциялар эмас, балки унга жазо чораларини чеклаб ўтишга ёрдам берадиган давлатларга босим ўтказиш бўлади, деган қарашлар бор.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













