Янгиликлар: "Бизларга ҳам насиб қилсин": Оддий йўловчи самолётда учган Президент кун мавзуси

Сингапур президенти Тошкентга эл қатори оддий йўловчи самолётда келган

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Сингапур президенти Тошкентга эл қатори оддий йўловчи самолётда келган
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Сингапур президентининг Тошкентга давлат ташрифи билан оддий йўловчи самолётда келиши ижтимоий тармоқнинг асосий мавзусига айланди. Фикр билдираётганлар "бизнинг халққа ҳам шундай бошқарувчилар насиб қилсин" демоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб 23 май куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди.

21-23 май кунлари Қозоғистонга давлат ташрифини амалга оширган Ҳалима Яқуб 23 май куни Uzbekistan Airways'нинг доимий рейси (HY722) билан, бошқа йўловчилар қатори Остонадан Тошкентга етиб келган.

Дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирининг раҳбари оддий йўловчи самолётда келиши ўзбекистонликлар учун ноодатий ҳодиса бўлган ва диққат марказига тушган.

Алоқадор мавзулар:

"Ҳалима Ёқуб бугунги кунда ўзбекистонликлар диққат марказида. Оддий либосларда, рўмол ўраган, ортиқча пардозларсиз ва майин жилмайиш билан одамларни мафтун этаётган аёлга қараб у бадавлат мамлакатлардан бирининг президенти эканига ҳам ишониш қийин", деб ёзади kun.uz нашри.

Иқтисодчи Барногул Санакулова оддий самолётда учиб келиши ҳам ибрат бўлганини айтади.

"Оддий учиб келишлари ҳам бутун бир ибрат бўлиш даражасида.... Бизни халққа ҳам насиб этсин!", дейди у.

"Бундай одамлар қизларини ёки куёвларини ҳатто ўзларини ҳам ўйламайди, фақат халқни тушунади. Мана адолат, мана эркинлик", дейди Cesur Taç.

"Сингапур Президенти Ҳалима Ёқуб давлат ташрифи билан Узбекистон ҳаво йўлларининг авиакомпаниямизнинг одатий навбатдаги рейси билан Ўзбекистонга учиб келди. Унинг мамлакатининг ЯИМ йилига 397 миллиард долларни ташкил этади...#ибрат", дейди Aziza Umarova.

Блогер Sanjar Xo'ja икки давлат ўртасидаги иқтисодий тавофутни солиштирган.

"Фарқимиз… Сингапур - дунёдаги энг бой давлатлардан бири. Ўзбекистон иқтисодиётидан 50 баравар кучли давлатнинг Президенти юртимизга келди. Фақат, қандай келди? "Ўзбекистон Ҳаво Йўллари"га тегишли оддий йўловчи самалётида. Эл қатори рейсда келди! Президентлар қаерга борса, йўл пули халқ чўнтагидан кетади. Халқ тўлаган солиқлардан, жарималардан кетади. Шунинг учун Сингапур халқи назорат қилади. "Майли у муслима, яхши гумонда бўлайлик", демайди. Назорат қилишни ношукурлик, хоинлик, негативлик деб атамайди. Буни олий бурч ва вазифа деб ҳисоблайди. Сингарпур халқи шундай", дейди у.

Блогер Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг январ ойида Сингапурга қилган ташрифини солтирган.

"Ўзбекистон халқи пулидан бир нечта янги самалётлар олинди. Юқори даражада жиҳозлангани фақат Шавкат Мирзиёев учун. Шундай иккита самалётда Шавкат Мирзиёев январ ойида Сингапурга борди. Бирига ўзи ўтирди, иккинчисига амалдорларни ўтқазди. Нега борди? Сингапурдан инвестиция - қарз сўраб! Қарз берадиган давлат раҳбари эса эл қатори оддий рейсда Ўзбекистонга келди!", дейди Sanjar Xo'ja.

"Сингапур раҳбарияти оддий ҳавошкани рейси билан кепти. Тошкентда эса уни кутиб оламиз деб, улкан пробкалар ҳосил қилишган. Уялинглар", деди @NozimjonSafarov.

Ўтказиб юборинг X пост
X контентига рухсат бериш

Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири X пост

Сингапур президенти Тошкентга оддий Тошкент-Остона доимий рейси билан ўчиб келибди! Дунёнинг энг бой мамлакати давлат пулини шундай тежайди! Қойилмисизлар?", дейди @SarvarKato.

"Иккитадан самолиёти борлар. Халқи мардикорликда", деб ёзади Йўлчи Муҳаммад.

Сингапур Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторлари сафига кирди

daraht

Сурат манбаси, Rasmiy

24 май куни, "Кўксарой" қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Сингапур президенти Ҳалима Яқубнинг музокаралари бўлиб ўтди.

Расмий хабарда айтилишича, ушбу олий даражадаги ташриф икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 25 йил ичида биринчиси экани таъкидланди.

"Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил январь ойида Сингапурга амалга оширган ташрифи якунида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича эришилган барча келишувлар изчил амалга оширилаётгани қайд этилди", дейилади хабарда.

Президент матбуот хизмати хабарида айтилишича, шу йил бошидан буён ўзаро савдо кўрсаткичлари бир неча баробар ошнае. Сингапур Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторлари сафига кирди.

"Бугунги кунда Сингапурнинг "Indorama", "Meinhardt Group", "Franklin Templeton", "Enercon", "PSA", "Changi Airport" ва бошқа етакчи компаниялари билан биргаликда кимё ва тўқимачилик саноати, транспорт ва логистика, шаҳарсозлик, таълим хизматлари, хусусийлаштириш соҳаларида 3,8 миллиард долларлик лойиҳаларнинг амалга оширилиши фаол паллага кирган", дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларининг Сингапур бозорига етказиб берилишини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилган.

Сингапур дунёдаги иқтисодий энг ривожланган давлатлар қаторига киради.

1991 йилги ислоҳтларга қадар ушбу давлатда Президент лавозими рамзий аҳамиятга эга бўлган. Бироқ ислоҳотлардан сўнг Президент давлат раҳбари мақомини олган ва унга молиявий ҳамда кадрлар тайинлаш ваколатлари берилган.

Ҳалима Яқуб 2017 йилдан бери Сингапур президенти вазифасини бажариб келмоқда.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002