Хоразмда зўрланган етим қизлар можароси – ЮНИСЕФ болалар ҳимояси вазирлигини очишни таклиф қилди - Ўзбекистон Yangiliklar

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўзбекистонда болалар ҳимояси баҳсларга сабаб бўлмоқда. (Иллюстратив сурат).

Би-би-си сўровига жавобан, БМТнинг ЮНИСЕФ ташкилоти Хоразмдаги болалар уйида жинсий зўрлангани айтилган қизлар ишига муносабат билдирди. Ташкилотга кўра, у меҳрибонлик уйларидаги аҳволни текшириш ваколатига эга эмас.

ЮНИСЕФ 190дан ошиқ давлатда болаларни ҳимоя қилиш ишлари бўйича ҳукуматлар билан иш олиб боради.

Хоразм вилоятидаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлгани учун судланган вилоят Адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Айбек Машарипов ҳамда Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ раҳбари Анвар Курязовга нисбатан чиқарилган ҳукм устидан Олий Судга протест келиб тушган. Протестда Хоразм вилояти прокуратураси суддан Машарипов ва Қурязовга нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилишни ва ишни апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқишни сўраган.

Мазкур иш 6 апрель куни ёпиқ тарзда Олий судда кўриб чиқилиши билдирилган.

Хоразм вилоятида оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган уч нафар тарбияланувчиси вилоят адлия бошқармаси ва туман ФВВ раҳбарлари билан жинсий алоқа қилишга мажбурлангани жамоатчилик орасида кескин танқидларга сабаб бўлди. Меҳрибонлик уйи раҳбари 5 йилу 6 ойга қамалган, мансабдор шахсларнинг эса озодлиги чекланиб, қўйиб юборилгани маълум бўлган.

Мазкур ҳодиса Ўзбекистондаги меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг қандай ҳимоя қилинаётгани борасидаги саволлар ва хавотирларни ўртага чиқарди.

Би-би-сининг "ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги меҳрибонлик уйларида текширувлар олиб борадими" деган саволига жавобан, ЮНИСЕФнинг Болалар ҳимояси бўлими раҳбари Антония Луедеке ўз ташкилоти бу каби болалар уйларини текшириш ваколатига эга эмаслигини айтди.

"Шунга қарамай, биз Ўзбекистон ҳукуматига болаларга муқобил ғамхўрлик бўйича минимум мезонларни ўрнатиш ва муқобил ғамхўрликнинг барча турлари устидан кузатувни кенгайтиришни тавсия қилдик. Бола ҳуқуқлари конвенцияси ва Болаларга муқобил ғамхўрлик бўйича БМТ кўрсатмаларига мувофиқликда, давлатлар болалар ҳуқуқлари ҳимоя қилишга, ҳамда, қариндошлар қўлидаги ғамхўрлик, вақтинчалик ғамхўрлик, ёки ғамхўрликнинг оилавий ёки болалар уйларидаги турларига масъулдирлар", - дейди Луедеке хоним.

"Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли, ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди." - "Миллий тикланиш" партиясининг собиқ раиси Сарвар Отамуродов.

Сурат манбаси, kun.uz

Сурат тагсўзи, "Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли, ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди." - "Миллий тикланиш" партиясининг собиқ раиси Сарвар Отамуродов.

Унинг айтишича, бу вазифалар фақат профессионалларга юклатилиши керак.

"Ўзбекистон ота-она қарамоғисиз қолган болалар ва ҳар қандай зўравонлик хавфи остидаги болаларга дастак беришга ихтисослашган, ижтимоий ҳимоя ва болалар ҳимояси бўйича якка вазирлик ёки статут агентлигини тузса, энг мукаммал вариант бўларди", - дейди ЮНИСЕФ вакили.

Ўзбекистонда ота-она ёки яқинлари қарамоғисиз болаларга ғамхўрлик яқин ўтмишда ҳам танқидларга сабаб бўлган.

2019 йилда Ўзбекистон Бош прокурори бўлиб хизмат қилган Отабек Муродов Самарқанд, Қўқон шаҳарлари, Чиноз ва Сирдарё туманларида тарбияси оғир болалар учун мўлжалланган муассасаларда қонунчилик ижроси ўрганилиб, салбий ҳолатларга дуч келинганини билдирганди.

«Самарқанддаги ўғил болаларга ихтисослаштирилган интернат директори Садинов, тарбиячи Очилов ва Салимов ҳимоясиз болаларга раҳмсиз муомалада бўлиб, уларни доимий дўппослаб, қийнагани учун суд ҳукми билан жавобгарликка тортилди. Қўқон махсус коллежида эса бюджет пулларини талон-тарож қилиш, ўқувчиларга нисбатан қонунга зид ҳаракатларни амалга ошириш ҳолатлари аниқланиб, алоқадор шахслар жавобгарликка тортилди», - деб айтганди у.

Ундан бироз аввал эса «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродов тарбияси оғир болалар учун мўлжалланган тўртта махсус мактабдаги вазиятни кескин қоралаган.

«Аҳвол криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талон-торож. Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли, ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди. Мактабни битираман, деб турган ёшлар ҳарф танимайди, ўз исмини ҳам ёза олмайди. Бу жуда ачинарли, вазиятни ўрганиб бошимиз қотиб қолди. Қани бу ерда Халқ таълим вазирлигининг масъулияти, нега бу муаммоларга етиб боришмаяпти? Бу саволларга жавоб сўрайдиган вақт ҳам келди" - деб айтганди Отамуродов.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.