Ўзбекистон: Аёл ўғил туғмагани учун ўз жонига қасд қилдими? O'zbekiston dunyo yangiliklar

Навоий

Сурат манбаси, official

Ўзи билан бирга бирваракайига уч қизини ўлдирмоқчи бўлган навоийлик аёл ҳодисаси Ўзбекистондаги гендер тенглик муаммосининг ҳануз қанчалик долзарб эканини ўзига хос тарзда яна кун тартибига олиб чиққан.

21 март кунги суиқасд воқеасида 31 ёшли аёлнинг ўзи ҳаётдан кўз юмган, бир қизи оғир тан жароҳати олган, қолган икки нафарининг "бахтли тасодиф туфайли омон" қолгани айтилган. Қизлари 3, 5 ва 8 ёшда экани маълум бўлган.

Ўзбек аёлининг бу қадар саъй-ҳаракати қанчалик ғайриодатий экани билан ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.

Кейинчалик англашилишича, Навоий вилоятининг Кармана туманида юз берган мазкур ҳолатни Ўзбекистон Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик қўмитаси ўз назорати остига олган.

Дастлаб суиқасд ҳодисаси юзасидан вилоят прокуратураси ва Ички ишлар бошқармаси томонидан текширув ишлари бошлангани айтилган эса-да, бунинг сабаблари юзасидан куни-кеча Сенат ахборот хизмати расман маълумот берган.

Худди шу хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, аёл нега ўз фарзандларининг жонига қасд қилгани саволи қўмита раисини бефарқ қолдирмаган, шахсан Малика Қодирхонованинг ўзи Навоий вилоят ҳокимлигига хат билан чиққани маълум бўлган.

Аниқланишича, аёл оила аъзолари ёки бошқа шахслар билан келишмовчиликка бормаган, руҳий жиҳатдан соғлом бўлган, яқин қариндошлари орасида ҳам руҳий касаллик белгилари мавжудлари бўлмаган.

Оиласидаги келишмовчиликлар юзасидан бирор маротаба масъул идораларга ҳам мурожаат қилмаган.

Оилавий шароити ҳам моддий жиҳатдан ўртаҳол бўлган.

Аммо, маълум бўлишича, сўнгги вақтларда эри, "сен ўғил фарзанд туғмайсан", деб, аёл билан жанжаллашиб юрган, "унинг руҳиятида ўзгаришлар бўлган".

Аёл, ҳатто, тўртинчи бор ҳомиладор бўлганида "қиз эканлигини билгач, ҳомиласини ўз хоҳиши билан олдириб ташлаган"и ҳам аниқланган.

Саида Мирзиёева

Сурат манбаси, facebook/screenshot

Орадан саноқли кунлар ўтиб, таъбир жоиз, ўғил ва қиз фарзанд муаммосига Ўзбекистонда Гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси бўлган Саида Мирзиёева ҳам алоҳида тўхталиб ўтгани кўрилган.

Саида Мирзиёева "Заковат"нинг Самарқанддаги кастингида сўзлаган нутқини бир маънода худди шу мавзуга бағишлаган.

"Илмли ўғил - ота-онасига тиргак бўлса, илмли қиз - бутун миллат таянчи" эканини хосан таъкидларкан, ўз нутқида, "Қанийди, қиз фарзанд дунёга келган хонадонда афсус билан, "майли, кейингиси ўғил бўлар...", деган сўзлар тилга олинмаса, қизларнинг қадри ҳеч қачон ерга урилмаса", дея умид қилиб қолган.

"Миллатнинг қудратли бўлишида аёллар ўрни ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Юрт тараққиёти, цивилизация ривожи хотин-қизларга боғлиқ эканини-чи?", - деркан, "ҳар қандай эркакни шакллантирадиган - аёл, она!", эканини хосан таъкидлаган.

Саида Мирзиёева бунга ҳатто ўзининг марҳума бувисини ҳам мисол қилиб келтирган.

"Оиланинг эркаклари билан қанчалик ғурурлансак, хотин-қизларимиз билан ҳам шунчалик фахрланса арзийди", дея таъкидлаган.

Самарқандда туғилган қиз чақалоқларни назарда тутаркан, Саида Мирзиёева, "миллатимиз келажагининг 114 нафар умид юлдузчалари дунёга келди. Эртага яна ўнлаб, юзлаб бундай юлдузлар порлайди. Ҳаммаси бир бўлиб, юртимизни нурли манзилларга етаклайди. Мен бунга ишонаман!", - дея ўз нутқига якун ясаган.

Мирзиёеванинг сўзларига кўра, 15 мингдан ортиқ заковатчидан бор-йўғи 3,5 минг нафари, яъни чорак қисми - аёл-қизлар.

Унинг Самарқандда қилган бу нутқи ҳам маълум маънода, таъбир жоиз, "ўғил ва қиз фарзанд масаласи"нинг бугунги кўлами ва миқёсини яна бир бор очиб берган.

Саида Мирзиёеванинг бу нутқи ўтган тўрт куннинг ичида қарийб уч минг бор ёқтирилган, юзлаб коментларга сабаб бўлган, тўрт юз мартадан ортиқ улашилгани кўрилган.

Заковат

Сурат манбаси, facebook/screenshot

Комент қолдирганлардан бири, "Молодец, зўр чиқиш бўлибди...Хотин-қизлар учун зўр мотивация бўлди!", - деб ёзган бўлса, бошқаси, "Аёлларнинг қадрига етган эркаклар кам бўлмайди", - дея фикр қолдирган.

Таъбир жоиз, Ўзбекистондаги эркак ва аёл масаласи Гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси сифатида Саида Мирзиёева сўнгги йилларда каттаю кичик минбарлардан алоҳида эътибор қаратиб келаётган мавзулардан бири бўлади.

У бундан аввал эрининг тўхтовсиз хўрликлари боис, "уч маротаба ўз жонига қасд қилгани"ни айтган самарқандлик Мустаҳкам воқеасига ҳам эътибор қаратган.

Саида Мирзиёева ҳеч кимдан алоҳида ном тутмаган эса-да, аммо, "саккиз йиллик хўрлик остида яшаганларни ярашув билан "жазолаш" мумкин эмас"лигини айтган.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлатидир.

Сўнгги эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, мамлакат аҳолисининг сони ҳозир расман 34500 миллион кишидан ортади.

Хотин-қизлар мамлакат аҳолисининг тенг ярмига яқинини ташкил этади.

Маиший зўравонлик ҳоллари ҳали-ҳануз улар тўқнаш келиб турган энг долзарб муаммолардан бири бўлади, жамиятнинг қанчалик анъанадорлиги воқеълиги ҳам бунда озмунча ўрин тутмаслиги таъкидланади.

Собиқ Шўро давлатлари, айниқса, Марказий Осиёда жамиятлар "эркаклар устивор жамият" саналишади.

Ўғилнинг нега қиз фаразанддан устун қўйилиши сабаби ҳақида сўз кетганда, кўпинча бунинг сабаби "эркакларнинг қудратли жамият" қадриятлари билан изоҳланади.

26 февраль куни Ўзбекистон президенти яна хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича махсус видеоселектор йиғилишини ўтказган.

"Энг оғир, мураккаб масалаларимиз аёллар бўйича. Халқимизнинг талаби ўсиб бораяпти. Биз шу талабларга муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Буни чуқур ҳис қилмаган одам раҳбар бўлиб ишлолмайди", - деб айтган.

Шавкат Мирзиёевнинг, айниқса, сўнгги йилларда юз минглаб хотин-қизларни ишли қилиш, яна юз минглаб ўзбекистонликни камбағалликдан чиқариш, мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш режаси ва саъй-ҳаракатида экани кўрилади.

Энди Ўзбекистонда зўрлик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази ташкил этилиши мумкинлиги ҳам маълум бўлган.

Куни-кеча президентнинг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Агар, 2019 йилги расмий маълумотларга таянилса, Ўзбекистонда кунига учдан зиёд одам ўзини ўлдиради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek