Ўзбекистон, Самарқанд: Эри памперс едирган Мустаҳкам тақдирига Саида Мирзиёева эътибор қаратдими? - Mirziyoyev, O'zbekiston, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, video

Ўзбекистон, Самарқанд: Эри памперс едирган Мустаҳкам тақдирига Саида Мирзиёева эътибор қаратдими? - Саида Мирзиёева ҳеч кимдан алоҳида ном тутмаган, аммо, "саккиз йиллик хўрлик остида яшаганларни ярашув билан "жазолаш" мумкин эмас"лигини айтган.

Таниқли блогер Ақида хоним яқинда (4 сентябрь куни) ўзининг Facebook акаунтида уюштирган жонли суҳбати тафсилотларидан ҳозир икки фарзанди билан ҳимоя остида бўлган Мустаҳкам исмли ёш аёлнинг "саккиз йил хўрликлар остида яшаб келгани" маълум бўлган.

Худди шу суҳбат тафсилотларидан эри Мустаҳкамга ҳатто "боланинг ишлатилган уч кунлик ахлатли эски памперсини едиришгача борган"и ҳам англашилган.

Кенг жамоатчиликка ошкор бўлган бу каби зўравонлик тафсилотлари эса, мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмагани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Мустаҳкам ўшанда эрининг тўхтовсиз хўрликлари боис, ҳатто уч маротаба ўз жонига қасд қилганини ҳам айтган.

Саккиз йиллик турмуши давомида эри томонидан мунтазам калтакланиб, таҳқирланиб келган бу аёлнинг 22 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган видеоси баробарида блогер кўмагида уюштирилган ана шу жонли суҳбат-иқрори ҳам кибер фазода кескин акс-садо берган, қизғин баҳсу мунозараларга замин яратган.

Кибер фазодаги кўпчилик унинг тақдирига масъулларнинг эътиборини янада жиддийроқ қаратишга уринишган, блогер Ақида хонимнинг Facebook акаунтидаги постлари ва чиқишларидан Мустаҳкам ўзини эри билан яраштириш ҳаракатида эканликларидан хавотирда эканлиги ҳам англашилганди.

Куни-кеча Мустаҳкам билан боғлиқ ҳолат Сенат назоратига олингани маълум бўлган.

Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати расман хабар берган.

Хабарда, "мазкур ҳолат Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олингани" айтилган.

"Тегишли идораларга ушбу масала қонуний кўриб чиқилиши юзасидан кўрсатмалар берилган"и илова қилинганди.

Мустаҳкамнинг ўзига илк видеоси чиқиб кетиши ортидан, Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан ҳимоя ордери берилган.

Фарзандлари билан бирга махсус марказга жойлаштирилган, унга соғлигини тиклаш учун ёрдам кўрсатилаётгани, психологлар ҳам кўмак бераётгани айтилган.

Турмуш ўртоғига нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум бўлган.

Жабрланувчининг блогер билан ёзишмаларидан "нега эрига нисбатан фақат шу модда билан жиноят иши қўзғатилгани"дан таажжубда экани англашилган.

Блогернинг ҳам "зўравон" эрга нисбатан "Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103 (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) ва 110- моддалари (қийнаш) бўйича жиноят иши очилмагани"дан тушунмовчиликда экани кўрилган.

Ақида хоним орада эрининг яқинлари "яраштириш мақсадида" Мустаҳкамни "қидиришаётгани"дан ҳам ўз ташвишларини билдириб, акаунтида постлар қолдирган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш комиссияси аъзоси бўлади.

O'zbekiston

Сурат манбаси, facebook/saidamirziyoyeva

Саида Мирзиёева шу соатларда ўзининг Facebook даги шахсий акаунтида янги пост қўйган, постнинг мазмунидан унинг яқинда Шавкат исмли яна бир ўғил фарзандли бўлгани англашилган.

Айни шу хабарни улашиш баробарида Саида Мирзиёева хотин-қизлар ва журналистларга бўлаётган босимлар масаласига тўхталган.

"Ҳозир ўғлим билан эртаклар эмас, балки янгиликлар садоси остида ухлаяпмиз", - деркан, " Хотин-қизлар ва журналистларга нисбатан судлов механизми тезкор ва шиддатли бўлиб, бор кучи билан ишлаётганини кўриш" ўзи учун "оғир" эканини айтган.

"Эркаклар ва амалдорларга келганда бу тизим кўпинча тўхтаб қолади. Бир вақтнинг ўзида ҳақоратларга муносиб жавоб учун озодликдан маҳрум қилиш ва саккиз йиллик хўрлик остида яшаганларни ярашув билан «жазолаш» мумкин эмас", - деган.

Саида Мирзиёеванинг ёзишича, "Қиз болага ожиза ва итоаткор бўлгани учунгина буюмдек қараш, дили оғриган-оғримаганини унинг учун ҳал қилиш мумкин эмас. Шахсий фикри учун таъқиб қилиш мумкин эмас".

"Агар биз адолат тарафдори бўлсак, қонун иккала томон учун бир хил ишласин. Агар биз бахтли мамлакатда яшашни истасак, аёлларни эркаклар приоритетларидан, журналистларни эса босимдан ҳимоя қилишимиз керак", - деб айтган у.

Саида Мирзиёева Ўзбекистондаги Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари ҳам бўлади.

"Тўрт йил олдин Президентимиз сўз эркинлигини ёқлаб чиқди, мамлакатимиз бундан буён тоқат қилмас эканмиз, сукут сақлаб ўтирмаймиз, деган хулосага келди. Шуни ёдда тутишимиз керакки, эндиликда ҳар бир нохуш ҳолат жамоатчиликка ошкор бўлмоқда: биз кичик жиноятлар учун ҳам барча мумкин бўлган моддалар билан оғир жазони қўллаш ҳолатларига гувоҳ бўляпмиз. Агар кимларгадир бунинг акси керак бўлса, жазо юмшайди ва енгиллашади. Одамлар буни кўриб турибди, муҳокама қилишяпти ва адолатга ишонмай қўйишяпти", - дея ўз постида давом этган Саида Мирзиёева.

У " журналист ва блогерлар сукут сақламаслиги ва бошланган ислоҳотларни давом эттириш йўлида ҳисса қўшиши, жамоатчилик фикрининг кучи ва ўзларини "олдинда яхши кунлар кутаётганига ишониши"ни таъкидлаган.

Саида Мирзиёеванинг айтишича, "Агар ҳар ким ўз обрўини сақлаган ҳолда одамлар билан ҳисоблашса, ҳамма иш адолатли ва тўғри бўлади".

Унинг сўнгги пости тафсилотларидан маълум бўлишича, президент Шавкат Мирзиёев "топшириғига кўра, айни кунларда туҳматни декриминаллаштириш ҳамда журналистлар фаолиятига тўсқинлик учун жавобгарликка оид икки муҳим қонун ҳужжати ишлаб чиқиш арафасида".

Саида Мирзиёевага кўра, "Бу ошкора жамият сари ташланган яна икки катта қадам бўлади".

У ўз пости якунида барчани "буни биргаликда амалга ошириш"га даъват этиб қолган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek