Россия: Алимент тўламаса ҳам, тинч қўйса бўлди - мигрант аёл ҳикояси - O'zbekiston

Россия
Сурат тагсўзи, Боғотлик Сабоҳат Отамирзаева оиладаги зўравонлик сабаб биринчи турмушидан ажрашган
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида ишлаётган Сабоҳат Отамуротова Би-Би-Си Ўзбек хизмати билан боғланиб, ҳаёти хавф остида эканини билдирди.

"Собиқ эрим таъқиб қиляпти, ишга бориш-келишимда йўлимни пойлаяпти. Қора кепка, маска кийиб, ёнимга келиб, ўлдириш билан таҳдид қиляпти," - дейди 32 ёшли Сабоҳат.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Онамни ҳам дўппослаган"

Боғотлик Сабоҳат Отамуротовага кўра, 2007 йилда Обод маҳалласида яшовчи Арслон Авезовга турмушга чиққан. 4 йиллик биргаликдаги ҳаётидан 2 нафар фарзанд кўрган.

-Ўзи келишмай яшардик, иккинчи фарзандим ҳам қиз бўлганига жанжал-тўполон бўлиб, тепки еб, бир аҳволда туғруқхонага бориб туққанман. Сўнг ажрашиб кетдик, 6 йилдан кейин алиментга бердим.

Сабоҳатнинг айтишича, бу оилада ҳамиша жанжаллар бўлиб турган. Куёв ҳатто қайнонаси Ойгул Мирзаевани ҳам дўппослаганини билдирди.

-Алимент ундириш ҳақидаги суд қарори 2017 йил 2 ноябрдан кучга кирган. Собиқ эрим мен алиментга берганимдан кейин четга чиқиб кетди. Қозоғистон ва Россияда ишлади. Аммо алимент тўламади, фарзандларига қарашмади. Эшитишимча, ўтган йили Ўзбекистонга бориб Россияга келган, - суд-ижро идоралари фаолиятидан норозилигини билдирди Сабоҳат.

Аммо муҳожир аёлнинг таҳририятимизга мурожаати боиси фақат нафақа масаласида эмас. Унга кўра, собиқ эри уни муттасил таъқиб қилиб, ўлдириш билан таҳдид қилмоқда.

"Алимент тўламаса ҳам майли, мени тинч қўйса бўлди", - дейди Сабоҳат.

"Қора ниқобда келди"

-Алимент учун судга берганимдан кейин таҳдид кучайиб кетди. У ҳам Новгородга ишлашга келган. Ортимдан пойлаб юради. Бекатларда кўриб қолиши билан уриб-сўкиб, куракда турмас гаплар билан ҳақоратлайди, - гапириб берди муҳожира.

Сабоҳат Отамуротова икки қизини боқиш ва бошпанали бўлиш учун Россияга ишлашга келган. Шу ерда иккинчи бора турмушга чиқиб, фарзанд кўрган.

-Ҳозир қўлимда 11 ойлик болам бор. Оилам нотинч. Бу эрим фарзандимиз ва менинг ҳаётимдан хавотирда. Унинг телефонига тинмай турли шаънимни топтовчи ҳақорат, туҳмат ва таҳдидли хабарлар юборади. Ҳар-хил одамлар орқали бўлар-бўлмас гапларни етказади. Эрим менга ишонади, аммо тинч яшай олмаяпмиз, - дейди Сабоҳат.

Муҳожирага кўра, булар шунчаки таҳдид эмас, ҳаётига жиддий хавф бор.

-Қора кепка, маскада ёнимга келиб ўлдириш билан таҳдид қилаяпти. Юзи ёпиқ бўлса ҳам, танийман, собиқ эрим. Унинг қўлидан ҳар нарса келади. Ишга бориб-келишга қўрқиб қолдим. Таксида юрибман, аммо ҳадеб таксида юришга шароитимиз кўтармайди. Бошқа жойга ҳам ҳозирча кета олмаймиз, имконимиз йўқ, - йиғлайди Сабоҳат Отамуротова.

Нега полицияга бормайди?

Сабоҳат ва унинг оиласи бу таҳдидлар учун полицияга мурожаат қила олмаслиги сабабини миграция қонунчилиги бўйича ҳужжатлари жойида эмаслиги билан изоҳлайди.

-Миграция қайдимиз кўрсатилган жойда яшамаслигимиз учун ўзи бир неча марта ижара уйимизга полиция юборди (собиқ эрини назарда тутаяпти), бизни полиция, депорт қилдириш ҳам қўрқитади, - дейди муҳожир.

Сабоҳат ва унинг онаси Ойгул Мирзаева Арслон Авезовнинг таҳдидлари юзасидан Боғот тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилингани, аммо ҳануз бирон чора-тадбир кўрилмаётгани ҳақида гапиришди.

-У қўлидан ҳамма нарса келадиган одам, мен яшаганман у одам билан. Милицияга ҳам ариза бериб қўйибмиз. Бизга ҳеч қандай ёрдам бермади, "уни ҳеч ким сизларга бориб, қараб олиб келиб бермайди. У ерда бирор қонунбузарлик қилса, милицияга тушса, шундай вақтда чиқади", деди.

ИИБга ариза берилган

Би-Би-Си Ўзбек хизмати Хоразм вилоят Боғот тумани ИИБ бўлими билан боғланиб, вазиятга изоҳ олишга уринди. Аммо Хоразм вилояти ИИБ расмий сайтида кўрсатилган телефон рақамига уланишнинг имкони бўлмади.

Сабоҳат Отамуротова оила можаросидан Боғот тумани МИБ ходими Жасурбек Рўзметов яхши хабардорлиги, бу оилага Арслон Авезов собиқ аёлига ҳеч нима қилмаслиги, унинг ота-онаси билан гаплашганини айтиши, аммо ҳар гал ҳавф бўлган пайтда телефон қилишганида, қўнғироққа жавоб бермаслигини билдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати Жасур Рузметов билан телефон орқали боғланди. МИБ ходими бир ярим соат ичида вазиятни ўрганиб чиқиб, жавобини айтишини билдирди. Аммо шу билан телефонларимизга умуман жавоб бермади. Жасур Рузметов билан "IMO" орқали боғланишга уриндик, хабарнома унга хатимиз етиб борганлиги белгисини кўрсатди, аммо ходим жавоб ёзмади. Бир марта телефонни олиб, "алло, алло" деганича, ўчирди. Қайта боғланишга уринишларимиз зое кетди.

Сабоҳатнинг собиқ қайнотаси Худойберган ота ва онаси Гулсара опа билан ҳам телефон орқали боғланиб, юқоридаги вазият ҳақида сўрадик. Улар Сабоҳатнинг гапларини тасдиқлашди.

-Айтаверади, тегмайди унга. Нари юрибман, ёнига борганим йўқ, деди-ку, - деди Худойберган ота.

Гулсара опа эса маълум бир муддат Арсланнинг акаси унинг ёнида бўлганини айтди.

-Акаси кетганидан кейин яна бошлагандир-да, - деди Гулсара опа.

Сабоҳат Отамуротова нафақат қайноғаси, балки ўзининг онаси Ойгул Мирзаева ҳам хавотир олиб, Новгородга келиб, қизини кўриб кетганини билдирди.

-Кўзим -18, мажбурликдан тикувчиликда ишлайман. Иккинчи турмушим, эрим олдинги оиласига 3 та бола учун алимент тўлайди. Қўлимда 11 ойлик болам бор. Шунча ташвишимиз устига ҳар куни нотинч яшаётганимиз учун эрим олдида ҳам жуда ҳижолатман. Ахир менга уйлангани учун уни айби йўқку. Менга бир нарса бўлса, бирон нима қилиб қўйса, деб буям ҳавотирда яшаяпти. Ишга борсам келсам: "тинч бордингми, тинчмисан?" деб юрак ҳовучлаб яшаяпмиз, - дейди Сабоҳат Отамуротова.

Би-би-си Арслон Авезовнинг ўзи билан ҳам боғланишга ҳаракат қилди, аммо бунинг имкони бўлмади.

Унинг Россиядаги яқинларидан бири Би-би-си билан суҳбатда Сабоҳат Отамуротованинг даъволарини рад этди ва оилавий можарода унинг ўзини айблади.

Қонундан ташқаридаги зўравонлик

Ўзбекистон миллий қонунчилигида хотин-қизларга нисбатан зўравонликни кўрсатиб берувчи алоҳида қоида йўқ.

Жиноят кодекси оиладаги зўравонликни жиноят деб қарамайди.

Оила Кодекси ҳам мамлакатда кенг тарқалган маиший зўравонлик ҳолларига аниқлик киритмайди.

Сўнгги пайтларда бу борадаги қонунчилик ислоҳотга муҳтожлиги тан олинмоқда.

Ўтган йил мартида "Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган.

Қонун лойиҳаси аёлларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга, шунингдек тазйиқ ва зўравонлик қурбонларини ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга қаратилган.

Ўтган ой қонун лойиҳасини ишлаб чиққан Хотин-қизлар қўмитаси тугатилиб, Маҳалла ва оила вазирлигига киритилган.

Ҳозирда лойиҳанинг қайси босқичда экани маълум эмас.

Президент Мирзиёев ўз чиқишларида хотин-қизлар ҳаётидаги муаммоларга эътибори қаратиб келади.

Ўтган йил августида Сенат гендер тенглиги - "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги" қонунни маъқуллаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek