Тошкентдаги тунги клуб ва жинсий зўравонликдан Оскар номзодлигигача: Нодиранинг ҳикояси Dunyo Yangiliklar

Нодира Мюррей "Ғолиблар" филмида бош ролни ижро этган болалар билан.

Сурат манбаси, NADIRA MURRAY

Сурат тагсўзи, Нодира Мюррей "Ғолиблар" филмида бош ролни ижро этган болалар билан.
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонлик продюсер Нодира Мюррей ишлаган "Ғолиблар" (Winners) филми Британия томонидан "Энг яхши хорижий бадиий филм" таснифида Оскар мукофотига номзод дея илгари сурилди.

Филм Оскар мукофоти ҳайъатининг саралаш босқичидан ўта олмаган бўлса-да, режиссёр Ҳассан Назер ва продюсер Нодира Мюррей учун бу катта ютуқ дея баҳоланмоқда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Ғолиблар" режиссёрнинг она ватани бўлмиш Эронда суратга олинди. Унда отасиз ўсаётган камбағал болакай - Яҳёнинг ҳаётидан ҳикоя қилинади.

Ахлат титкилаб пластик териб сотадиган Яҳё кино кўришни жуда севади ва бир кун Эроннинг машҳур режиссёрлари билан ишлашни орзу қилади.

Эрон жаҳон кинематографиясида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Эронлик режиссёрлар Аббос Киаростами, Ашғар Фарҳади, Мажид Мажиди, Жаъфар Панаҳи ва бошқалар ўз асарлари учун Голливуд, Венеция, Берлин ва Канн кинофестивалларининг энг нуфузли халқаро мукофотларига сазовор топилганлар.

Аммо, Эронда улар турли босимларга учраганлар. "Ғолиблар" филмида кўриниш берадиган Жаъфар Панаҳи "тизимга қарши тарғибот"да айбланиб олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва бу йил февралида очлик эълон қилиши ортидан шартли озод этилганди.

"Бу филмимиз ана шу режиссёрларга ёзилган севги хати эди", - дейди Нодира Мюррей.

Нодира Мюррей (ўнгдан биринчи) "Ғолиблар" фильми ижодкорлари билан.

Сурат манбаси, Dave J Hogan/Getty Images

Сурат тагсўзи, Нодира Мюррей (ўнгдан биринчи) "Ғолиблар" фильми ижодкорлари билан.

Мюррейнинг айтишича, Эронда бадиий комиссиядан ўтиш ва цензура идоралари розилигини олиш осон бўлмади, аммо музокаралар иш берди. Шунга қарамай, филм дунё экранларида намойиш этилса-да, Эронда кўрсатилмайди.

"Филм ижодкорларида дин ва сиёсатга тегмаслик тавсия қилинади", - дейди Мюррей. "Улар ҳаммадан шубҳаланади. Мен рўмол ўраб ё қалпоқ кийиб юрдим, лекин аҳлоқ полицияси менинг ортимдан ҳам тушди, чунки улар исталмаган жойга киришимни ёки кимнидир суҳбатга тортишимни исташмайди."

Шунга қарамай, унинг айтишича, Эрон халқи жуда очиқ. Филм саноати маданиятининг катта қисми ҳисобланган мамлакатда одамлар филмга чуқур таҳлилий нигоҳ ва муҳаббат билан қарашади.

Нодира бу филмдаги продюсерлик иши учун BIFA (Британия мустақил филмлар мукофоти)нинг "продюсер дебюти" мукофотига сазовор топилди.

BBC

Аммо, унинг бу муваффақиятгача босиб ўтган йўли осон кечмади.

Жиззахда театр актёрлари оиласида туғилган Нодира мустақилликнинг илк йилларида етишмовчиликлар ичра катта бўлди. Ўз билими билан Жаҳон тиллари университетига киргач, у ўзини молиялаш учун Тошкентдаги тунги клублардан бирида раққосалик қила бошлади.

Ўша даврда Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси бўлган Крейг Мюррей Нодирага ошиқ бўлиб, унга уйланади. Жаноб Мюррей зиддиятли шаҳс эди. Унинг ўзбекистонлик диндор маҳбусларнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги кураши Ўзбекистон ва Британия ҳукумати ўртасида дипломатик можаро ва ниҳоят унинг дипломатик карьераси тугатилишига сабаб бўлди.

Икковлон Ўзбекистонни тарк этдилар.

Британияда Нодира актёрлик мактабида таълим олди ва 2007 йилда ўзининг "Британия элчисининг раққосаси" спектаклини намойиш қилди. Аввалига Лондон шарқидаги кичик театрда намойиш қилинган спектакль матбуотдаги шовшув ва чипталар тўлиқ сотилиши ортидан Лондон марказидаги Артс театрига кўчирилди.

"Британия элчисининг раққосаси" спектакли британ матбуотида шовшувга сабаб бўлганди.
Сурат тагсўзи, "Британия элчисининг раққосаси" спектакли британ матбуотида шовшувга сабаб бўлганди.

Ўзи муаллифлик қилган спектаклда Нодира, хусусан, Жиззахдаги қийин болалиги, Тошкентда жинсий зўрланиши ва элчи билан қандай танишгани ҳақида ҳикоя қилган. "Мен атайин бутун қалбимни очдим ўша спектаклда. Атайин провокатив кийиндим. Чунки ўз бошимдан кечирганларимдан ва ўз танамдан жирканмайман, буни қабул қиламан деган муждани беришни истадим", - дейди у.

Спектакль муваффақиятли бўлса-да, Британия кинематографиясида Нодирага ўз ўрнини топиш қийин бўлди, чунки уни бу саноат тамғалаб улгурганди.

"Кастингга тайёрланиб борардим, шу ролни қандай ижро этсам экан деб. Улар эса мени кўришлари билан "экзотик" сўзини ишлатишарди. Шу сўзни жуда ёмон кўраман. Бўйим баланд, бўйним узун, ёноқларим бўртиб чиққани уларга экзотик ва чиройли кўринган", - дейди Нодира.

"Жинсий тегажоқликлар ҳам бўлди, режиссёрлар томонидан. Турли саволлар, гап-сўзлар бўлиши билан билардим бу нима билан тугашини. Шунинг учун секин-секин актёрликдан йироқлашдим ва ўзимни ёзувчилик, режиссёрлик ва продюсерликда синаб кўра бошладим. Ҳозир ўзим энг яхши кўрган ишни қиляпман. Эркинман", - дейди у.

Нодира Мюррей Ўзбекистонни қарийб 20 йил аввал тарк этганидан бери ватанга қайтмаган. Аммо, унинг энг катта орзуси - Ўзбекистонда филм олиш ва ўзбек ижодкорларига ўз билимини улашиш.

"Қарздорлик ҳисси бор, бўйнимда нимадир турибди. Ота-онам ҳам актёрлар бўлишган, улар қилмаган ишни мен қилишни, Ўзбекистонга бу соҳада ёрдамим тегишини истайман", - дейди у.

"Ғолиблар" (Winners) Британия кинотеатрларида 17 мартдан намойиш этила бошлайди.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002