Тошкент: Ўзбекистонда нималар бўлаяпти ё бу ҳали бошланишими? Dunyo O‘zbekiston iqlim o‘zgarishi yangiliklar

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Ўзбекистон пойтахтида кузатилган ғайриоддий чанг-қумли туман мамлакат ичкариси ва ташқарисида бир саволни пайдо қилган: Ўзбекистонда нималар бўлаяпти?
Ҳатто маҳаллий нашрларнинг ўзлари ҳам бунақаси яқин йиллар ичида кузатилмагани ҳақида ёзишган.
Хабарларга кўра, туманни мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли кучли шамол пайдо қилган.
Шу соатларда маҳаллий вақт билан ярим тунда бошланган шамол тинган эса-да, ҳавода чанг ҳануз сақланиб қолаётгани айтилади.
Маълум бўлишича, бир кеча-кундузнинг ўзида пойтахт Тошкент кўчалари сариқ рангга бурканиб бўлган.
Шаҳар пайшанба куни чанг-қумли туман ичида қоларкан, чанг ҳаммаёққа, ҳатто, одамларнинг кийимларига ўтириб қолгани, деразалари ёпиқ биноларнинг ичигача сизиб киргани сезилгани айтилмоқда.
Вазиятга масъул идораларнинг ҳам эътибор қаратишгани кўрилган, ғайриодатий туманга оид хабарлар манзарасида Ўзгидромет атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланганидан 5 баробарга ошганини расман маълум қилган.
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Табиий офат глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.
Ўзбекистонда ҳам ҳануз коронавирус ва пневмония ҳоллари қайд этилаётган бир манзарада кузатилган.
Шу соатларда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам расмий билдиришнома билан чиққан.
Вазирлик бир куннинг ўзида "Тез ёрдам" хизматига бўлган жаъми чақириқлар сони бир неча юзтага ортиб кетгани, етти юзга яқин киши нафас қисишидан шикоят қилганини маълум қилган.
Аҳолига расман чангли ҳавода ниқоб тақиш, аллергик ва астма касаллиги бор беморларга ташқарига чиқмасликни расман тавсия қилган.
Алоқадор мавзулар

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати марказининг расман билдиришича, ғайриоддий чанг-қумли туманга шамолнинг кучайиши натижасида тупроқнинг жуда қуриб қолган устки қатламининг кўтарилиши сабаб бўлган.
"Ўзбекистоннинг қатор туманларида кўринувчанлик 500-1000 м гача пасайиб, чанг-қумли ғубор ҳолатини келтириб чиқарган".
Сўнгги йилларда, айниқса, пойтахт Тошкентда чанг бўронларининг кучаяётгани кузатилади.
Мавжуд ҳолат мутахассисларнинг жиддий хавотирлари ва мамлакатдаги нашрларнинг ўзларида ҳам қатор танқидий чиқишларга сабаб бўлиб улгурган.
Улар Ўзбекистондаги чанг бўронларига энг аввало дарахтларнинг аёвсиз кесилиши сабаб бўлаётганини айтишган.
Бутун мамлакат бўйлаб дарахтларнинг кесилиб кетаётгани сўнгги йилларда Ўзбекистондаги энг оғриқли муаммолардан бирига айланган.
Мамлакатда саҳролашишнинг кучайишига олиб келишига оид жиддий хавотирларни пайдо қилган.
Мутахассислар, фаоллар ва жамоатчиликнинг кескин танқидлари остида ҳукумат яқинда бунга вақтинчалик мораторий жорий этишга ҳам мажбур бўлган.
Бўшаб қолган Орол денгизи ҳавзасидан заҳарли тузлар, қум-чангларнинг кўтарилиши эҳтимоли ҳам ҳозирда глобал аҳамиятга молик муаммолардан бири бўлади.
Халқаро метеорологлар Марказий Осиёни дунёдаги чанг-қум бўронларига нишон бўлажак янги минтақа сифатида тилга олишади.
24 октябрь куни иккинчи муддатга қайта президент этиб сайланган Шавкат Мирзиёевнинг сайловдан кейинги илк видеоселектор йиғишларидан бири ҳам экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш масаласига ҳам қаратилган.
Йиғилиш чоғида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини бошлаш масаласи ўртага ташланган.
Расмий хабарларга кўра, мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган.
Кечаётган ҳафтада Шотландиянинг Глазго шаҳрида бошланган ва дунё тақдири учун муҳим, деб билинган иқлим саммитида эса, Марказий Осиё президентилари орасидан ёлғиз Қирғизистон раҳбари Садир Жапаровнинг иштирок этаётгани расман хабар берилган.
Ўзбекистон ва глобал иқлим ўзгариши

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM/ILLYUSTRATIVTASVIR
Жаҳон ва Осиё Тараққиёт Банкининг маълумотларига таянилса, глобал иқлим ўзгариши оқибатлари Ўзбекистон учун ҳам жиддий бўлиши мумкин.
Жорий эмиссия даражаси давом этган тақдирда, 2090 йилга қадар Ўзбекистондаги ўртача ҳароратнинг 4.8°C га қадар кўтарилиши эҳтимоли бор.
Асрнинг охирига бориб, оғир қурғоқчилик эҳтимоли ҳам ортади.
Минтақада музликларнинг шиддат билан эриб кетиши келаси 20-30 йил ичида Амударё ва Сирдарё бўйлаб кескин сув танқислигига олиб келиши мумкин.
Ҳароратнинг кўтарилиши, шунингдек, ичбуруғ каби касалликлар ҳамда безгакнинг қайта бош кўтариши хавфи орқали саломатликни ҳам хатар остига қўяди.

Сурат манбаси, dimaqayum/courtesy
Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг йирик давлати бўлади.
Биргина расмий рақамларнинг ўзидаёқ фуқаролари сони ҳозир 35 миллиондан ортади.
Мамлакат иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган ва аҳолисининг аксарият қисми ҳам чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда газ ва электр таъминотидаги тақчилликлар жиддий ва сурункали тус олган.
Мавжуд ҳолат эса, айниқса, қишлоқ жойларида кўмир, ўтин ва тезак истеъмолини кескин кўпайтирган, уларни аксарият одам учун ягона энергия манбасига айлантирган.
Чорасизлик ҳатто мевали дарахтларнинг кесилиб кетишига ҳам сабаб бўлаётгани ижтимоий тармоқларда энг ташвишли постлардан бирига айланаётгани ҳам кўрилган.
Ўзбекистон минтақанинг йирик саноат корхоналарига ҳам бой мамлакатларидан бири бўлади.
Глобал иқлим ўзгариши натижасида минтақадаги музликларнинг эриши, аҳоли сони ва сўғориладиган экин майдонларининг купайиши сув ва энергия тақчиллигига сабаб бўлиши, буларнинг барчаси ижтимоий ва иқтисодий муаммолар қаторида одамларни оммавий миграцияга ундовчи янги факторларга айланишига оид жиддий хавотирлар ҳам бор.
Яқинда эълон қилинган айрим халқаро ҳисоб-китобларга кўра, Марказий Осиёда сув танқислигининг олдини олиш ва бутун минтақанинг энергия тизимини модернизация қилиш учун камида 90 миллиардча доллар керак.
Бу - Марказий Осиё учун бу жуда катта миқдор, деганидир.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















