Марказий Осиё президентларидан фақат Садир Жапаров Глазгода. Глазго саммити нега муҳим? Dunyo iqlim o‘zgarishi yangiliklar

Қирғизистон президенти

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Садир Жапаров Глазго саммитидаги иштироки расман тасдиқланган ҳозирча ягона Марказий Осиё давлати президенти бўлиб турибди

Глазгода глобал иқлим ўзгаришига бағишланган йиллик йирик анжуман бошланмоқда. Унда дунёнинг 200 га яқин давлати вакиллари иштирок этишади. Бу галги саммитга том маънода дунёнинг тақдири боғлиқ экани айтилмоқда.

Саммитда Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг иштироки расман тасдиқланган.

Ўзбекистон илова қолган бирор бир минтақа давлатидан ҳозирча бунга ўхшаш расмий хабар олинмаган.

Глобал иқлим ўзгаришининг Марказий Осиёга ҳам таъсири аллақачон жиддий хавотирларга сабаб бўлиб улгурган.

Музликларнинг эриши минтақа аҳолиси ва суғорилувчи экин майдонларининг кўпайиши билан бирга Марказий Осиёда сув тақчиллигига сабаб бўлиши, сув танқислиги муқаррар равишда бутун минтақанинг энергия хавфсизлигига хавф солиши, бу эса, ўз навбатида, яна оммавий миграцияга олиб келиши мумкинлигига оид башоратлар ва қўрқувлар бор.

Марказий Осиё шундоқ ҳам дунёнинг, йилларки, миллионлаб фуқароси четда меҳнат муҳожирлигида банд, иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган, ишсизлик ва камбағаллик ҳануз кенг илдиз отган минтақаларидан бири бўлиб келади.

Сизнинг қурилмангиз бу тасвирни очмайди

Саммит билан боғлиқ қисқа савол-жавоб

Нега айнан Глазго саммити бунча муҳим?

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ иллюстратив тасвир

Сурат манбаси, Gettyimages/BBC

Бу галги саммитда Париж шартномаси имзоланган сўнгги олти йил ичида иқлим инқирозидан чиқиш бўйича қилинган ва қилинмаган ишларнинг дастлабки натижалари сарҳисоб қилинади.

Париж шартномаси дунёнинг 175 давлати томонидан маъқулланган, унда инсониятнинг глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳалокатнинг олдини олишга қаратилган стратегияси ўзининг ифодасини топган.

Бу давлатлар барчасининг бирдек эътироф этишича, агар глобал исиш давом этса ва Ер сайёрасининг ўртача ҳарорати саноатлашувдан аввалги кўрсаткичларга нисбатан 1,5 даражага кўтарилса, "қайтиб бўлмас нуқтага" етилади: иқлимдаги сўнгги бир неча ўн йиллик ўзгаришларни тузатиб бўлмайди.

Париж шартномасида кўзда тутилган стратегия иш бериши учун унга амал қилиш керак бўлади.

Айнан COP26 мазкур ҳужжатнинг ижросини назорат этиб боради.

Худди шу боис ҳам, саммитни тактик қарорлар муҳокама этиладиган ва барча томон бу масалада ўз ҳиссасини қўшишига эришишга қаратилган бутун дунё вакиллари иштирокидаги съездга қиёслаш мумкин бўлади.

Глазгода нимага эришилмоқчи?

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ иллюстратив тасвир

Сурат манбаси, Getty Images/BBC

Саммит қарийб икки ҳафта давом этади.

Чунки ҳар бир иштирокчи давлат глобал иқлим инқирозини ҳал этиш масаласида ўз қарашларига эга. Умуман олганда, бу хусусда режалар ҳам кўп.

Яна сўнгги Мадрид саммитида ўз ечимини топмай қолиб кетган кўплаб муаммолар ҳам бор.

Швециялик ёш фаол Грета Тунбергнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги шов-шувли чиқиши ҳам айнан Мадрид саммити билан бир пайтга тўғри келган.

У дунё лидерларини ҳаракат қилмаётганликда айблаган, ўз авлоди амалда келажагидан мосуво этилганини баён қилган.

Аммо бунинг ҳам таъсири кам бўлган, дунё давлатлари барибир кўп масалалар юзасидан бир тўхтамга кела олишмаган.

Чунки глобал иқлим ўзгаришининг таъсири энг аввало ривожланаётган орол давлатлар сезишади.

Денгиз сатҳининг кўтарилиши билан уларнинг ҳудудларини аста-секин сув босади, қурғоқчилик ва давомий иссиқ об-ҳаво натижасида эса, ҳосил бўлмайди.

Иқлим ўзгариши билан боғлиқ иллюстратив тасвир

Сурат манбаси, Getty Images/BBC

Глазго саммити арафасида дунёнинг 100 дан ортиқ ривожланаётган давлати ўз талабларини илгари суришди:

  • Қабул қилинган барча қарорларнинг ижроси учун ўзларига маблағни нисбатан бой ривожланган давлатлар ажратиши шарт - яъни, глобал иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унга мослашишга қаратилган чора-тадбирларнинг барчаси айнан улар томонидан тўлиғича молиялаштирилиши керак.
  • Худди шу давлатлар глобал иқлим ўзгариши натижасида иқтисодларига етказилган зиён учун дунёнинг ривожланаётган мамлакатларига товон пули ҳам тўлашлари лозим.
  • Ўзларининг "яшил иқтисод"га ўтиш жараёнлари ҳам, барибир, айнан дунёнинг ривожланган бой давлатлари томонидан молияланиши керак.

Энди ўзингизни худди шу каби бадавлат давлатдан бирининг ўрнига қўйиб кўринг.

Сиз ўз ҳамкасбларингиз билан бирга 2020 йилгача бу муаммоларнинг ечими учун жами 100 миллиард АҚШ доллари миқдорида пул ажратишга ваъда қиласиз.

Аммо ҳатто 2021 йилга келиб ҳам ваъда қилинган маблағнинг бор-йўғи 79 миллиард долларини йиға оласиз, холос.

Бундан ташқари, бу пулларнинг аксарияти беғараз ёрдам - грант эмас, қарз шаклида берилади.

Шундай экан, ривожланаётган давлатлар вақти келиб уни қайтаришлари керак бўлади.

Шу боис ҳам, ривожланаётган давлатларда глобал иқлим ўзгаришига қарши кураш - Шотландиянинг Глазгосидаги саммитда энг муҳим масалалардан бири бўлиши мумкин.

Марказий Осиё мамлакатларининг барчаси эса, бирдек дунёнинг иқтисоди ривожланаётган давлатлари сирасига киришади.

Глазгодаги саммит Ўзбекистондаги президент сайловидан ҳафта ўтиб иш бошламоқда.

Сайловда мамлакатнинг амалдаги раҳбари Шавкат Мирзиёев ютиб чиққан, иккинчи муддатга қайта сайланган, аммо ҳалича Ўзбекистоннинг янги президенти ўлароқ расман қасамёд келтирмаган.

Би-би-си Рус хизмати Илм-фан масалалари бўйича мухбири Николай Ворониннинг махсус мақоласи асосида тайёрланди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek