Иқлим подкастерлари: Сайёрани сақлаш бўйича 10 муҳим маслаҳат - Дунё, янгиликлар

iqlim

BBC News илм-фан мухбири Виктория Гил ва атроф муҳит бўйича мухбири Мэтт Макгрейд иқлим ўзгаришига қарши курашишда ўзларининг 10 услубини баҳам кўришди. Уларнинг ичида қизларга таълим бериб, туғилишнинг олдини олишдан тортиб, одам ўзини энергия билан таъминлашгача тавсиялар бор.

1. Чиқиндиларни қадрланг

chiqindi

Виктория: Мен учун бу ҳар бир материални қадрлашдир. Бу йил қанча пластикни ташлаб юборишимиз ҳақида ҳикоя ёзган эдим. Биз шунчаки ташлаб юборадиган пластик миқдори келаси 20 йилда 2 миллиард тоннадан ошиб кетиши мумкин.

Бу шунчаки чиқинди эмас, бу фойдали нарса. Менимча, унга қийматли нарса деб қарасак - бозорда баҳоси бор деб билсак, ундан бошқа бирор фойдали нарса қилиш ва яна қайта истеъмолга киритиш мумкин. Бу жудда катта ўзгаришга сабаб бўлади.

2. Углероднинг табиий ютувчиларини сақлаш

botqoq

Мэтт: Мен учун қилиниши керак бўлган энг оддий ва яққол нарса дунёдаги ботқоқликларни сақлаб қолишдир.

Улар дунёнинг энг катта карбонад ангидрид чўкиндиси бўлиб, фермерлик туфайли дунё бўйлаб улар қуритилмоқда. Улар янада кўпроқ углеродни ўзига сингдириши учун қилинадиган иш жуда содда - уларга сув қўшиш.

Британияда улар қуруқликнинг 12 фоизини ташкил қилади. Уларга қўшимча сув бериш орқали биз ичимлик сувини кўпайтирамиз, тошқинлар олдини оламиз ва бу жойларни сақлаш орқали у ерда ёшовчи кўплаб жонзотларни ҳам асраб қоламиз. Шунингдек, ҳаводаги кўп миқдордаги углерод унга ерга шимдирилади. Демак, ботқоқликларни сақлаш иқлим ўзгаришига ҳақиқатда содда ва самарали ечимдир.

Виктория: Ўрмонсизлашув ҳақида кўп эшитамиз ва бу улкан муаммодир. 1960 йиллардан бери дунё тропик ўрмонларининг тахминан ярмини йўқотдик. У ерда қуруқликда яшовчи энг кўп жонивор турлари яшашини ҳисобга олсак, бу биохилма хиллик учун катта фожеадир. Бу, шунингдек, углерод эмиссияси кўпайишини ҳам англатади, зеро ўрмонлар атмосферадаги углеродни ютади.

Ҳозир бу ечилиши осон муаммо эмас. Аммо қолган ўрмонларни сақлаш, зарарланганларини ривожлантириш ва қайта тиклаш орқали ечса бўлади буни. Шундай экан, биз етакчиларимиздан дарахтларни кўпайтириш, ўрмонларни имкон қадар бокира ва биохилма хилликка бой ҳолатга келтиришни кутишимиз керак.

3. Ишлатилган буюмларни сотиб олинг

kiyim

Виктория: Буниси мен учун энг севимли, чунки, тан олишим керак, мен бозор қилишни яхши кўраман. Ишлатилган буюмларни сотиб олиш ва камроқ сотиб олиш ва ишлатаётганимиз ҳар бир материал ҳақида, либосларимизнинг ҳаёт цикли ҳақида ўйлаш... Миллионлаб тонна кийим кечаклар ахлат майдонларига олиб бориб тўкилади, бунга эса ҳожат йўқ.

Либослар хали бутун бўлса, уларни хайрия дўконларига топшириш мумкин. Хайрия дўконларидан, шунингдек, жуда кўп нарса топишингиз мумкин ва ўз виждонингизни енгиллатиб, у ерга хайрия ҳам қилишингиз, буюмингизни ташлаб юбормай, унга иккинчи ҳаёт беришингиз ҳам мумкин.

4. Биноларда энергияни исроф қилманг

uy

Мэтт: Мени кўп ўйлантирадиган муаммолардан бири биноларда энергиянинг исроф бўлишидир. Глобал углерод эмиссиясининг 40 фоизи бинолар қурилиши, уларни сақлаб туриш, иситиш ва у ерда яшашга, айниқса, катта офис биноларига тўғри келади. Уларнинг тахминан шунча қисми - дунё бўйлаб 30 фоизи шунчаки исроф қилиш сабабли келиб чиқади.

Бу ишларнинг бўлиб тургани жиноят ва уни ҳал қилиш эса нисбатан осон. Шунчаки, қаттиқроқ қонунлар ва уларнинг қатъий ижроси, энергияни совурувчиларни жаримага тортиш керак. Бунга бош қотириб ўтириш ҳам шартмас.

5. Маҳсулотлар ёрлиқлари батафсил бўлсин

yorliq

Виктория: Менинг кўп кайфиятимни хира қиладиган ҳолат бирор нарсани сотиб олмоқчи бўлсак, супермаркетлардаги маҳсулотларда улар ҳақида аниқ маълумот берувчи ёрлиқ бўлмайди.

Озиқ овқат бутун дунёдан келади - сотиб олаётганимиз ҳар бир нарса ишлаб чиқарилиши, ўстирилиши ёки ўстириш учун нима қўлланганига қараб сайёрага турлича таъсир қилган бўлади.

Менимча, агар биз аниқ ёрлиқлар ёпиштирсак, ўша озиқ овқат ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилганда, ўстирилганда, ташилганда қанча углерод чиқарилгани ҳақида ёрлиқ ёпиштиришни кўзда тутувчи қонунлар бўлса, биз билиб қарор қилар ва тўғри йўл тутишимиз ҳам осон бўларди.

6. Қизларни ўқитинг

qizlar

Мэтт: Фикримча, чиндан жуда муҳим нарса бор ва, эҳтимол, уни тезда ўзгартириш биз учун осон кечмас, бу - қизларга таълим бериш.

Агар сайёрамизда ҳар бир қиз бола мактабга бориб, ўрта таълимни тўлиқ олса, бу курраи замин бўйлаб чиқарилаётган углерод миқдорида кескин ўзгариш пайдо қилади.

Чунки, вақт ўтиб аҳоли ўсиши камаяди. Эҳтимол шунда аср ўрталарига бориб, дунё аҳолиси ҳозиргидан 1.5 миллиардга камроқ бўлар. Бу эса икки йиллик глобал углерод эмиссиясига тенг. Шунчаки ахлоқан тўғри иш қилиб, қизларга ўрта таълим бериб, бунга эришиш мумкин. Бунинг дунёга таъсири улкан бўлади.

7. Озиқ овқатни исроф қилманг

chirigan

Виктория: Мен айтаётган исталган ечимни олишингиз мумкин, аммо озиқ овқат исрофи мен учун энг қўрқинчлиси, бу жуда катта муаммо, чунки биз етиштираётган озиқ овқат атмосферага чиқараётганимиз углерод миқдорига катта таъсир қилади.

"Wrap" (Waste & Resources Action Programme) хайрия дастурига кўра, биз Буюк Британиянинг ўзида 6.6 миллион тонна озиқ овқатни ташлаб юборганмиз. Бунга ҳам эҳтиёж йўқ эди.

Нима сотиб олаётганингизни ўйлаб кўринг, таомингизни аввалдан режаланг, камроқ ташлаб юбориш учун камроқ сотиб олинг. Агар озиқ овқат исрофини камайтирсак, биз уни ишлаб чиқариш учун атмосферага чиқарилаётган углерод миқдорини камайтирган бўламиз.

8. Энергияни ўзингиз ишлаб чиқаринг

enerfy

Мэтт: Менга ёқадиган яна бир ечим бир қарашда зерикарли кўринадиган, аммо жуда муҳимдир.

Бу жамият энергиясидир. Бу шуни англатадики, дунёдаги ҳар бир қишлоқ, шаҳарча ва шаҳарда муайян сондаги одамлар бирлашиб, ўзлари электр энергияси ишлаб чиқаради, ўзини ўзи энергия билан таъминлайди.

Бу жуда катта, жуда катта нарса ва дунё бўйлаб ўсиб боряпти. Данияда шамол турбиналарининг тахминан 80 фоизи жамоаники, иш жойи ҳам, маблағ ҳам ўша жамоаларнинг ўзида қолади. Британияда эса углерод эмиссиясини ноль даражада тутиб туришни кўзлаган эканмиз, келгуси 20 йилда бу улкан ўзгаришларга сабаб бўлади.

9. Умумсайёравий соғлом овқатланиш

ovqat

Виктория: Менга ёқадиган яна бир ечим - бизнинг нимани еб, нимани емаслигимиз сайёрага оз таъсир қилади деётганларнинг шовқинини кесиб ўтадиган нарса - умумсайёравий соғлом овқатланишдир.

Бунинг яхши томони шуки, сиз шунчаки интернетдан ҳаммамиз кунига танаввул қилишимиз керак бўлган бир ликопча таом ҳақида қидиринг.

Унда мевалар, сабзавотлар, дуккаклилар, ўсимлик оқсиллари ва мўътадил миқдордаги гўшт ва сутнинг ўзаро мувозанатлашган, сайёрамиз учун яхши ва ўз соғлиғимиз учун фойдали даражаси келтирилган. У бизга ейишимиз керак бўлган маъқул миқдордаги таомлар ҳақида йўл йўриқ кўрсатади.

10. Углеродга ҳам нарх белгиланг

uglevorod

Мэтт: Иқлим ўзгариши билан боғлиқ энг даҳшатли нарса, менимча, биз ҳозир нима қилаётган бўлсак, унинг таъсирини ҳозир ҳис қилмаяпмиз. Келажак авлод бунинг ҳисобини тўлайди, буни мувозанатга келтириш эса чинакам муаммо.

Ҳозир қилаётган ишларимизни қандай қилсак, келажакка нисбатан адолатли йўл тутган бўламиз? Ҳозир ёқаётганимиз қазилма ёқилғилардан қандай фойдаланиш керак? Буни ҳал қилиш йўли - менимча, энг муҳим ечим бу - ҳар бир нарсага чиқарилган углерод учун нархни ҳам қўшишдир. Шу орқали биз бугун қилаётган ишимиз учун келажак авлод эмас, бугун ўзимиз ҳақ тўлаймиз.

Мен учун иқлим ўзгаришига биринчи даражали ечим углеродга нарх қўйиш ва бу тизимни амалда ишлаб кетишини таъминлаш. Углерод нархи белгиланишининг энг осон йўли углерод учун солиқдир. Қаердаки бирор нарса сотиб олсангиз, уни ишлаб чиқаришда атмосферага чиқарилган углерод миқдори унинг нархига таъсир қилади. Кўп углерод чиқарилган бўлса, кўпроқ тўлайсиз.

Жуда оддий кўринади, амалга ошириш анча қийин, аммо бениҳоя самаралидир.