Қирғизистон асрий музликлари эриб кетса нима бўлади? - Видео Markaziy Osiyo suv Qirg'iziston

Ўзбекистонга сув берадиган Қирғизистон музликлари жадаллик билан эримоқда.
Музликлар иқлим ўзгараётганининг яққол кўрсаткичидир.
Олимлар ҳатто йирик асрий музликлар ҳам йўқолиб кетиш арафасида деб огоҳлантирмоқдалар.
Ана шу музликларнинг бир нечтаси Қирғизистон тоғларида жойлашган ва Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан Ўзбекистонни ҳам сув билан таъминлайди.
Музликларни ўрганиш нафақат тоғ чўққисига чиқиш машаққатли бўлгани учун, балки мана бу Қирғизистондаги олимларга музликлар йўқолиб бораётганини биринчи бўлиб кашф қилгани учун ҳам оғриқли, дейди мутахассислар билан бирга асрий музликлар тепасига чиққан Би-би-си мухбири Абдужалил Абдурасулов.
"Мана шу тепалик чегарасида музлик бор эди. Энди бўлса у мана бу ерда. Музлик чекинмоқда, тахминан 400 метрга қисқарган", дейди тадқиқотчилардан бири.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Олимлар эҳтиёткорлик билан тепаликка кўтарилишади. Бу ер денгиз сатҳидан 4 минг 400 метр баландликда.
Қор уюми тугаб, эриш бошланган чегара чизиғини кўришингиз мумкин.
Тоғ этагидаги кулранг жойлар эриётган ҳудуд. Оқ жойлар бошланган ерларда эса қор уюмлари тўпланиши бошланади.
Музлик чекинаётгани учун ушбу чегара чизиғи йил сайин қисқариб бормоқда.
Сўнгги 50 йилда Қирғизистон тоғларидаги музликлар 16 фоиз қисқарди.
Иқлим исиши натижасида эса эриш суръати тезлашмоқда.
Об-ҳаво ҳисоботларига кўра, 1990 йилдан сўнг марказий Тянь-Шань тоғларида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилган. Агар шундай давом этаверса, йирик музликлар ҳам йўқолиши мумкин.
"Музликларнинг эриш суръати жуда хавотирли тарзда тезлашмоқда. Ва бунинг сабаби, шубҳасиз, инсон омили - иқлим исишига боғлиқ. Масалан, Қирғизистондаги жуда ҳам катта ва муҳим Абрамов музлиги ҳозирги иқлим ўзгариши суръатида бир аср ёки ундан кўпроқ вақтда йўқолиши мумкин", дейди Фрибург университети музшуноси Энрико Маттеа.
Сув танқислиги минтақада можароларга сабаб бўлмоқда. Музликлар тоза сувнинг муҳим манбаи ҳисобланади ва уларнинг эриши ҳалокатли натижаларга олиб келиши мумкин.
Тянь-Шань тоғларида эса олимлар музлик бир йил давомида қанча қор йиғиб, қанчасини йўқотганини ҳисоблаш учун қорни ўйишяпти.
Агар натижа салбий бўлса, бу қисқараётганини билдиради.
"Бу музликни 10 йилдан бери ўрганамиз. Бу даврда 1 ёки 2 йил баланс ижобий бўлди. Қолган йиллари эса салбий. Оддий қилиб айтганда, музлик эримоқда", дейди қирғизистонлик тадқиқотчи Руслан Кенжебаев.
Тадқиқотлар Қирғизистондаги барча музликлар, истисносиз тарзда, юпқалашиб, кичраяётганини кўрсатмоқда. Уларнинг барчаси йўқ бўлиб кетишига вақтимиз кўп қолмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














