Сувни ҳаводан оладиган кун келди - Ўзбекистон ва дунё O'zbekiston dunyo yangiliklar

Дунё бўйлаб 2 миллиардга яқин одамнинг тоза ичимлик сувига имкони йўқ

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Дунё бўйлаб 2 миллиардга яқин одамнинг тоза ичимлик сувига имкони йўқ

Шубҳасиз, сув Ердаги энг мўл ресурс ҳисобланади. У сайёранинг 70 фоиздан ортиғини қоплаган. Шунга қарамай, биз инсонлар биологик тур сифатида мудҳиш инқирозга юз тутяпмиз.

Иқлим ўзгариши, глобал можаролар ва аҳоли ўсиши дунё бўйлаб кўплаб минтақаларида сув таъминотига жиддий зарар бермоқда. Дунё аҳолисининг чорак қисми тоза ичимлик сувига муҳтож.

Дунё аҳолиси сони саккиз миллиардга яқинлашар экан, бор эътибор кеч бўлмасидан бу муаммони енгиллаштирадиган технологияларни ривожлантиришга қаратилган.

Ана шундай ечимлардан бирини Исроилда жойлашган "Watergen" фирмаси раҳбари Михаил Мирилашвили таклиф қилмоқда. Ушбу фирма ҳаводан сув олиш технологияси ёрдамида дунёнинг иқлим ўзгариши ёки урушларидан жабр кўраётган минтақаларига ичимлик суви етказиб беради.

"Инсоннинг муҳим ҳақи"

"Сув инсоннинг муҳим ҳақи, аммо миллионлаб одамлар ундан мосуво", дейди у Би-би-сига.

Михаил Мирилашвили дунё бўйлаб одамларнинг ҳаётларини яхшиламоқчи

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Михаил Мирилашвили дунё бўйлаб одамларнинг ҳаётларини яхшиламоқчи

Сийрак ҳаводан сувни ажратиб олиш, бир қарашда илмий фантастикадек кўринади, аммо технология кўринганидан кўра анча содда. Ер атмосферасида 13 миллиард тонна тоза сув бор. "Watergen"нинг машиналари ҳаводаги сув томчиларини фильтрлаб ажратиб олади. Унинг айтишича, агар тўғри қўлланса, "Watergen" технологияси сув саноатида катта ўзгаришларга сабаб бўлиши ва сайёрага давомли таъсир қилиши мумкин.

"Атмосферадан сув олишнинг муҳим устунлиги сув ташишга эҳтиёж йўқлигидадир, шунинг учун қувурлардаги оғир металлардан ёки сувнинг ер остида ифлосланишидан, дунёни пластикларга бостиришдан хавотир олмаса ҳам бўлади."

Битта катта тўсиқ атмосфера ифлосланишидир, бу эса дунёнинг катта шаҳарларида жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда. Британияда, масалан, Лондон Империал коллежи ўтказган тадқиқотда аниқланишича, 1999 йили тақиқланганига қарамай, 2021 йилда ҳам инсон организми учун заҳар бўлган қўрғошин ҳамон шаҳар атмосферасида бор.

Бироқ бу муҳим бўлмаслиги мумкин. Исроилнинг Тель-Авив университети олимлари ўтказган тадқиқот шуни кўрсатдики, ҳатто Тель-Авив каби шаҳарларда ҳам Жаҳон соғлиқ ташкилоти белгилаган стандартга мувофиқ келадиган ичимлик сувини олиш мумкин. Бошқача айтганда, тоза сувни ифлосланган ҳаводан олиш мумкин.

"Watergen"нинг энг йирик машиналари кунига 6000 литргача сув ишлаб чиқара олади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, "Watergen"нинг энг йирик машиналари кунига 6000 литргача сув ишлаб чиқара олади

"Watergen"нинг энг йирик машиналари бир кунда 6000 литр сув билан таъминлай олади. У аллақачон Ғазо секторидаги бутун касалхоналарни ва марказий Африка қишлоқларини сув билан таъминлаш учун ишлатилган, акс ҳолда, одамлар сув келтириш учун соатлаб пиёда юришлари керак бўларди. Бу технология, шунингдек, 2020 йилда Австралия ҳукуматига 34 кишининг умрига зомин бўлган ва 3500 уйни вайрон қилган бута ёнғинларига қарши курашда ёрдам берди.

"Бу нафақат одамлар ҳаётини сақлаш учун, балки миллионлаб одамлар ҳаётини яхшилаш учун ҳамдир, - деб қўшимча қилади Мирилашвили. - Ҳатто ривожланган давлатларда ҳам айрим одамлар тоза сув ичмайди, бу эса соғлиқ ва қишлоқ хўжалигига бевосита таъсир қилади."

Мудҳиш ифлосланиш

Жаҳон Соғлиқ Ташкилотига (ЖСТ) кўра, икки миллиарддан ортиқ одамнинг куни нажосат аралашган сувга қолган. Бир қултумгина сув уларни вабо, ичтерлама каби касалликка чалинтириши мумкин, натижада ҳар йили 500 минг атрофида одам ўлмоқда.

Тоза сув олиш масаласига келганда уммонларимизда бу манба бор. Айсбергларда дунёнинг энг тоза сувлари бор, чунки улар минг йиллар муқаддам пайдо бўлган. Музнинг улкан блокларини ташиш хавфли ва улар эриса катта миқдорда чучук сув океанга қуйилади ва океан экотизимига зарар бериши мумкин.

Улардан фойда олиш учун фойдаланиш Канадада бошланган. У мамлакат шарқий соҳилларида катта бизнесга айланган. Аммо бу амалиёт дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам тарқалди.

Айсберглардан сув олиш Канадада аллақачон йирик бизнесга айланган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Айсберглардан сув олиш Канадада аллақачон йирик бизнесга айланган

Тадбиркор ва атроф-муҳит ҳимоячиси Абдулла аш-Шеҳий Бирлашган Араб Амирликларининг Айсберг лойиҳасида ишлайди. Иқлим ўзгариши шундоқ ҳам дунёнинг энг иссиқ ўлкаларидан бўлган бу мамлакатда ҳаво ҳароратини кўтарар экан, сув танқислиги катта хавф солмоқда.

"Ўртача айсберг миллион одамни 3-5 йил сув билан таъминлаши мумкин, - дейди у. - Шундай экан, нега табиат берган бу имкониятдан фойдаланмаслик керак? Бир кун келиб, Араб яриморолига айсбергларни олиб келишимизга умид қиламан."

Аммо юкни ташишнинг ўз хавфи бор. Ҳажми сабабли айсберглар йўлда тўнкарилиб кетиб, катта талафот етказиши мумкин. Шунингдек, уни йўлда эриши олдини олиш учун махсус тайёрланган материал билан ўраш керак бўлади. Бу жараён жуда қимматга тушишини ку айтмаса ҳам бўлади.

БААнинг Айсберг лойиҳаси кичик айсбергларни йиғишдан бошланади ва Австралиянинг Перт ёки Жанубий Африканинг Кейптаунига олиб борилади.

"Ҳисоб китобларга кўра харажат 60-70 миллион доллар, бутун лойиҳа эса 150-200 миллион долларга тушиши мумкин", дейди аш Шеҳий.

Океан чора бўла оладими?

Айсбергларни йиғиш бўйича масала ечилаётган бўлса ҳам, дунё океанларидан ҳам фойдаланишнинг ишончлироқ усуллари бор. Ўтмишда кўплаб цивилизациялар иссиқлик ёрдамида денгиз сувидан тузни ажратиб олишни билган.

Бугунги кунда тузсизлантириш денгиз суви тескари осмоси орқали амалга оширилади. Айрим ҳукуматларда аҳолига сув етказувчи тузсизлантириш заводлари бор, бошқалари эса бу ишни хусусий фирмаларга топширган.

Гарсия Молинанинг айтишича, сувни фильтрлашнинг замонавий усуллари дунё океанларига зиён етказмайди

Сурат манбаси, DUPONT

Сурат тагсўзи, Гарсия Молинанинг айтишича, сувни фильтрлашнинг замонавий усуллари дунё океанларига зиён етказмайди

Йирик сув таъминотчиси "Dupont" дунё бўйлаб жойлашган заводларида ҳар дақиқада 94 миллион литр сувни қайта ишлайди.

"Бу жараёнда сув фильтр орқали ўтади ва туз ажралиб қолади. Натижада, иккита оқим пайдо бўлади, бири ичимлик суви, иккинчиси юқори даражада туз бўлган сув", дейди "DuPont Water Solutions"нинг глобал бозор етакчиси Вероника Гарсия Молина.

"Таркибида туз кўп бўлган оқим қайта денгизга йўналтирилади, керакли суюлтириш механизмлари туфайли унинг денгизга таъсири бўлмайди."

Замонавий сув тозаловчи заводлар денгизга зарар бермаслиги мумкиндир, аммо қолоқроқ тузсизлантириш усулларидан фойдаланадиган эскироқ заводлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Улар ҳамон океанга юқори даражада тузли сувни қайтаради ва кислород миқдорини озайтириб, тузни эса кўпайтириб, экотизимларда тартибсизлик пайдо қилади.

Бундай эски заводларнинг кўпи Яқин Шарқда жойлашган, улар 55 фоиз ўта шўр сувни океанга қуяди.

Сувни фильтрловчи корхоналар Фаластинга ўхшаш узоқ йилликлар можаролардан жабр кўраётган минтақаларни тоза ичимлик суви билан таъминлашга ёрдам беради

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сувни фильтрловчи корхоналар Фаластинга ўхшаш узоқ йилликлар можаролардан жабр кўраётган минтақаларни тоза ичимлик суви билан таъминлашга ёрдам беради

Тузсизлантириш усулининг яна бир жиддий камчилиги сувни қайта ишлаш учун жуда катта энергия керак бўлади ва бу атмосферани ифлослантирувчи қазилма ёқилғилар ҳисобига бўлади.

Шунга қарамай, Молина хонимнинг айтишича, кейинги йилларда технологиялардаги ривожланиш дунё бўйлаб сув танқислигини ечишнинг қулайроқ йўлларини очмоқда.

"Денгиз сувини тескари осмос орқали тузсизлантириш учун сарфланадиган энергия ўтган йилларда уч мартага камайди, ҳозир улар эски усулларга қараганда 4-5 баробар кам энергия сарфлайди", дейди у.

Аммо бу каби ечимлар етарли бўлиши номаълум. Глобал сув ресурслари камайиб борар экан, олимлар олдида шундоғам жиддий зарарланган экотизимларга ортиқча босим қилмай, ичимлик суви олишнинг яхшироқ йўлларини топиш масаласи турибди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek