Дайжест. Марказий Осиё: Ўзбекистонда оммавий миграция хавфи борми? O'zbekiston Rossiya yangiliklar

Харита

Сурат манбаси, Screenshot

  • Яқин ўн йилликда Марказий Осиёни нима кутаяпти?;
  • Сув ва электр тақчиллиги қандай якун топади?;
  • Пойтахт ҳукумати такси ҳайдовчиларини назорат қилмоқчи;
  • Муҳожирларнинг ўтган йилгидан кўп жинояти қайд этилган;

Сув тақчиллиги

Музликларнинг эриши, минтақа аҳолиси ва майдонларнинг кўпайиши билан Марказий Осиёнинг сув таъминоти камаяди, деб тахмин қилмоқда Евроосиё Тараққиёт банки (ЕТБ) иқтисодчилари.

Сув тақчиллиги оммавий миграцияни келтириб чиқарадиган бундай сценарийнинг олдини олиши мумкинми?

ЕТБ тадқиқотчиларнинг тахминича, яқин ўн йилликларда асосий сув йўллари: Амударё ва Сирдарёни озиқлантирувчи музликлар эриши натижасида Марказий Осиё минтақасидаги сув ресурслари камаяди. Сув танқислиги аҳоли ўсишининг юқори суръатлари ва суғориладиган ерлар майдонининг кўпайиши билан кучаяди.

Эскирган электр тармоқлари

ЕТБ ҳисоботида сув танқислиги муқаррар равишда бутун минтақанинг энергия хавфсизлигига хавф солиши билдирилади.

Турли хил ишлаб чиқариш усулларига қарамай, Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини бир хил қийинчиликлар бирлаштиради, дея таъкидлайди иқтисодчилар. Уларнинг асосийлари электр тармоқлари комплексининг юқори даражада эскириши ва электр энергиясининг катта йўқотилиши (ишлаб чиқаришнинг 7-20%) билан боғлиқ.

Сув танқислигининг олдини олиш ва бутун минтақанинг энергия тизимини модернизация қилиш учун ЕТБнинг минимал ҳисоб -китобларига кўра, қарийб 90 миллиард доллар талаб қилинади. Марказий Осиё учун бу жуда катта миқдор.

2019 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон сув-энергетика комплексининг асосий капиталига жами 6,7 миллиард доллар сармоя киритган. Халқаро тараққиёт банклари қўшимча молиялаштириш манбаи ҳисобланади.

Мутахассисларга кўра, халқаро банкларнинг кредитлари минтақа мамлакатларига миллий иқтисодиётга катта юк яратмасдан, йирик инфратузилма лойиҳаларига киришга имкон беради.

Аммо Марказий Осиёнинг йиллар давомидаги сув ва электр тақчиллиги муаммолари оммавий миграцияни келтириб чиқариши эҳтимоли юқори кўрилмоқда.

Янги тизимсиз буюртма йўқ

Мигрантлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Марказий осиёликларнинг энг кўп миграция оқими Россияга тўғри келади. Бундан манфаатдор Россия эса муҳожирлар учун кетма-кет талабларини кучайтирмоқда. Хусусан, эндиликда Москва ва Москва вилоятида таксилар устидан давлат назорати тизими ишлай бошлайди.

14 августдан бошлаб янги тизимда рўйхатдан ўтмаган Москва такси ҳайдовчилари Москва ва вилоятида Интернет-агрегаторлар орқали буюртмаларни қабул қила олмайди.

Шаҳар транспорт бошқармаси маълумотига кўра, янги ишга туширилган такси фаолиятини кузатиш тизимида барча такси ҳайдовчилари қайддан ўтиши шарт.

Давлат хизматларида рўйхатдан ўтгандан сўнг, ҳар бир ҳайдовчи янги тизимда ягона рақамли профил яратиши керак - рўйхатдан ўтиш учун портал бир нечта ҳужжатларни, шу жумладан, Россия ёки МДҲ давлатларида берилган ҳайдовчилик гувоҳномасини, шунингдек, паспортли фотосуратни сўрайди. Тизим ҳайдовчига тегишли автомобиль маълумотлари, йўналишлари ва тиббий маълумотларини кўрсатади.

Москва Транспорт департаменти бу янги тизимни йўл транспорт ҳодисалари ва бошқа кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида жорий этилганини билдирган.

Кўпроқ мулкка қарши

Мигрантлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Россия миграция қонунчилигида чет эл фуқароларининг маъмурий тартиббузарлиги ўта қаттиққўллик билан жазоланиши хусусида экспертлар бонг уриб келишади.

Муҳожирлар томонидан содир этилган рақамлар эса, бу борадаги асосий кўрсаткичлар орасида жуда кичик рақам бўлса-да, алоҳида эътибор берилиб, маҳаллий ОАВда бош сарлавҳаларга олиб чиқилади.

Яқинда Россия Бош прокуратураси жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида мигрантларнинг энг кўп жинояти Москва ва Москва вилоятида содир этилганини эълон қилди.

- Чет эл фуқаролари томонидан содир этилган жиноятларнинг учдан биридан кўпроғи мулкка қарши қаратилган, - дейилади хабарда.

Шунингдек, прокуратура ярим йилликда Москва ва Москва вилоятида содир этилган муҳожирлар жиноятлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9% ва 4% га кўп эканлигини таъкидлайди.

Россия Бош прокуратураси жорий йилнинг январь -июнь ойларидаги жиноятчилик ҳолати ҳақидаги материалларида қуйидаги рақамларни келтиради:

"Муҳожирлар ўртасида жиноятчилик ўсиши ўртача суръатларда давом этди (4,8% кўп, 18,8 минг). Олдинги каби, бу жиноятларнинг асосий қисми Москва (9,1% га кўп, 3,6 минг) ва Москва вилоятига (4% кўп, 2,9 минг) тўғри келади ", - дейилади манбада.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, чет эл фуқаролари томонидан содир этилган жиноятларнинг учдан биридан кўпроғи мулкка қарши қаратилган (7,1 минг).

- "Ҳар саккизинчи одам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ (2,3 минг)", - дейилади материалларда.

Биринчи ярим йилликда Россияда жами 1 миллиондан ортиқ жиноят қайд этилгани, бу ўтган йилга нисбатан 1,1 фоизга кўплиги ҳам Бош Прокуратура ҳисоботида келтирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek