Орол қандай ўлган? Google Ер 40 йиллик қуришни бир неча лаҳзада жамлади - O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
Орол денгизининг қуриб битиши аксланган бир неча сониялик жонли харита - аслида 40 йиллик тасвирларнинг тезлаштирилган кўриниши.
Ҳаракатланувчи харита гўё компьютерда ишланган фильмга ўхшайди.
Аммо у ҳақиқий суратлардан тикланган.
Google тақдим этган Вақт Харитасида Орол денгизининг қарийб ярим асрлик ўлимини бир неча лаҳза ичида кузата оласиз.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Вақт Харитаси ўн йиллар давомида фазодаги сунъий йўлдошлардан олинган миллионлаб тасвирларни жамлаган ва тартиб билан тиклаган.
Орол денгизининг бугун қарийб 90% фоиз юзаси қуриб битди.
Қозоғистон унинг 5% қисмини ташкил этувчи шимолдаги Кичик Оролни қутқармоқда.
Аммо аксар Ўзбекистонда жойлашган Катта Орол қуриб битган ва энди уни инсон зоти қайта тирилтира олиши даргумон.
Пахтадан чиққан кимёвий ўғитлар чўккан денгиз тубидан ҳар йили тонналаб заҳарли чанглар осмонга кўтарилиб, табиат ва инсонлар соғлиғига зарар етказмоқда.
Шу боис Ўзбекистон учун ҳозирги муҳим масала - у ердаги ҳаётни асраб қолиш.
Бироқ бу учун ҳам бир неча миллард доллар маблағ зарур.


Дунёнинг энг улкан Овросиё материги қоқ ўртасида, очиқ денгизлардан ўта узоқда, аксар чўл-саҳро ҳудудида жойлашган Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон учун айни харита аҳамияти катта.
Мутахассисларга кўра, минтақада саҳролашиш ҳам кучайган.
Тожикистон ва Қирғизистондаги музликлар эриши эса тезлашган.
Минтақадаги миллионлаб инсонлар ҳаёти эса ушбу музликлардан бошланувчи икки йирик дарё - Амударё ва Сирдарёга боғлиқ.
Иқлим ва Инсон
Вақт Харитаси Ер сайёрасидаги бир неча жойни тезлаштириб кўрсатади.
Унда иқлим исиши оқибатлари ҳам, инсон қўли билан яратилган ўзгаришлар ҳам аксланади.
Дейлик, Аляскадаги музлик эриши тасвирланган.
Шу қаторда, Бразилия ўрмонлари ўзгаришлари ҳам намойиш этилган.

Сурат манбаси, Screenshot
Дубай шаҳри қурилишининг фазовий суратлари ҳам алоҳида эътибор билан тикланган.
Шунингдек, Хитойдаги Далян шаҳри кенгайиб, қандай қилиб денгизни ишғол этгани кўрсатилади.
Мақсад нима?
Хуллас, тасвирларнинг айримлари йўқолаётган ўрмонлар ва музликлар бўлса, бошқалари кенгайиб бораётган шаҳарлар ё иншоотлар.
Шу жиҳатдан олганда, ушбу ҳаракатланувчи харита дунё бўйлаб иқлим исиши ва одамзоднинг табиатга зарар етказаётган амалларига эътибор қаратади.
Дунё аҳолиси кўпаймоқда, озиқ-овқат учун янги экин майдонлари яратилмоқда, турар-жойлар қурилиб, аҳоли масканлари барпо этилмоқда.

Сурат манбаси, Screenshot
Турли кимёвий ва ҳатто газ ҳолатидаги чиқиндилар ҳам табиатга таъсир этмоқда.
Айни ҳолатда, Ер сайёраси юзаси ўзгаришлари ҳали давом этаверади.
Google Ер ҳаракатланувчи харитани келажакда ҳам янгилаб бормоқчи.
Хуллас, айни тезлашган Вақт Харитаси кечаётган ўзгаришлар оқибатлари қандай бўлиши ва уларнинг салбий таъсирини камайтириш йўлида нималар қилиш мумкинлиги борасида олимлар, ҳукуматлар ва ҳар бир инсон учун эслатма бўлиши мумкин.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












