Камбағал давлатлар Глазго саммитидан нима исташади? Ўзбекистон ва дунё Dunyo iqlim o‘zgarishi yangiliklar

Глобал иқлим ўзгариши

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Даниэль Кремер
    • Role, BBC News

Ривожланаётган давлатлар тошқинлар, қурғоқчилик ва ёнғинлар каби иқлим ўзгариши сабабли юзага келаётган хавфдан катта зарар кўриши мумкин.

Кичикроқ ва камбағалроқ мамлакатлар эҳтиёжига эътибор бериш Глазгода ўтаётган БМТ Иқлим саммити (COP26) музокараларида муҳим ўрин тутади.

Саммитда давлатлар раҳбарларидан иқлим ўзгариши бўйича янги вазифаларни қабул қилиш сўралиши кутилмоқда.

Ривожланаётган давлатлар нимани истайди?

Графика

Сурат манбаси, .

Энг кам ривожланган давлатлар музокаралар учун ўз приоритетларини ишлаб чиққан. Улар бойроқ ва ривожланган давлатлар:

  • Иқлим ўзгаришига мослашиш ва эмиссияни камайтиришлари учун уларга ваъда қилинган 100 миллиард долларни беришини;
  • 2050 йилгача иссиқхона газлари бўйича ноль мақсадга рози бўлиш, айниқса, энг кўп атмосферага газ чиқарувчи АҚШ, Австралия ва Европа Иттифоқи давлатлари бунга эътибор беришини;
  • Ривожланган давлатлар денгиз сатҳи кўтарилиши ёки сув тошқинлари кўпайиши каби улар бошдан кечираётган йўқотиш ва кўраётган зарарларини тан олишини;
  • Давлатлар аввалги шартномаларнинг амалга ошириш бўйича қоидаларни тўла ишлаб чиқишини истайдилар;

Саммит олдидан кам ривожланган давлатлар (КРД) гуруҳи чиқарган баёнотда "глобал мақсадни каттароқ олиш, ажратиладиган маблағни кўпайтириш ҳаёт-мамот масаласидир", дейилади.

"Бу инқирозга инқироздек муносабат қилинмаяпти. Бу ҳолат шу ерда - Глазгода ўзгариши керак", дейди гуруҳ раиси Сонам Вангди.

Графика

Сурат манбаси, .

Иқлим ўзгариши хавфи қайси давлатларга кўпроқ бўлади?

Иқлим ўзгаришини зўрайтираётган зарарли эмиссияларнинг жуда оз қисми ривожланаётган давлатлар ҳиссасига тўғри келади - ҳозирда дунё аҳолисининг энг бой 1 фоизи энг камбағал 50 фоиз аҳолидан икки баробар кўпроқ карбонат ангидрид чиқаради.

Бу камбағал мамлакатлар кескин об-ҳаво таъсирини энг кучли сезади, чунки улар озиқ-овқат ва иш ўринлари соҳасида табиий муҳитга боғланиб қолган, камига иқлим ўзгариши таъсирини юмшатишга маблағи йўқ.

Охирги 50 йил давомида ҳар уч ўлимдан иккитасидан кўпроғи энг кам ривожланган 47 мамлакатда кескин об-ҳаво сабабли - қурғоқчилик, ёнғин ва тошқинлар сабабли бўлган.

Бангладешда сув тошқини

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бангладеш глобал иқлим ўзгаришидан жабр чекажак давлатларнинг илк сафида

Бойроқ давлатлар нима қилмоқда?

2009 йилда бойроқ давлатлар 2020 йилгача давлат ва нодавлат манбалардан йилига 100 миллиард доллар ривожланган давлатлар эҳтиёжига ажратишга ваъда берган эди.

Маблағ хавфли эмиссияни камайтириш чоралари ва кескин об-ҳаво оқибатларидан, жумладан, тошқиндан яхшироқ ҳимоя ва тикланувчи энергия манбаларига сарфланади.

Аммо 2019 йилгача умумий ажратилган суммалар 80 миллиард долларгача етди, 100 миллиардлик мақсадга 2023 йилгача ҳам етиб борилиши эҳтимоли йўқ ҳисоби.

Агар дунё ҳарорат кўтарилишини 1.5С дан пастда ушлаб туриш мақсадига етмоқчи бўлса, белгиланган вазифаларни бажариш ва эҳтимол кўпроғига эришиш борасида келишувни таъминлаш жуда муҳим.

Британия Бош вазири Борис Жонсон 100 миллиардлик маррага етиш Глазго музокараларидаги тўрт асосий мақсадидан бири эканини айтди.

Унга кўра, бой давлатлар "авлодлар оша кўпинча ривожланаётган давлатлар ҳисобига тизгинсиз ифлослантириб бойиган" ва шунинг учун улар ривожланаётган халқларни технология, тажриба ва пул билан таъминлашга "бурчли"дир.

Кичик давлатларнинг саммитдаги иштирокига нима тўсқинлик қилади?

Графика

Сурат манбаси, .

"Биз яшаб қолиш учун музокара қиляпмиз", дейди Тинч Океан Минтақавий Экологик дастури котибиятидан Таголоа Купер. Бу ташкилотга Тинч океан орол давлатлари ва ҳудудлари аъзо бўлган.

Океан сатҳи кўтарилиши айрим орол давлатларни иқлим ўзгариши оқибатларига таъсирчан қилиб қўяди, аммо, жаноб Купернинг айтишича, маблағ йўқлиги боис, улар каттароқ делегация юбора олишмаган.

"Айрим энг заифларимиз бу музокараларда ўрни бўлиши, сўзлари эшитилиши учун ҳаракат қилди."

Глазго

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Глазго саммитида дунёнинг 100 дан ортиқ давлати вакилларининг иштирок этишлари кутилмоқда

Пандемия вақтида Глазго конференциясига сафар қилишда кўплаб делегациялар тўсиқларга учраган, айниқса, пандемия даврида инфекция даражаси пастлигича қолган Тинч океан ороллари делегациялари.

Фақат тўртта орол давлат раҳбари саммитга келаётгани хабар қилинган, қолганлари эса кичик гуруҳ ва элчиларга суянмоқда.

Ортда қолган ва масофадан қатанашадиган музокарачилар ишончсиз ишлайдиган интернет алоқаси ва вақтдаги фарқлар боис қийинчиликка учрайди. Масалан, Самоа Британиядан 13 соат олдинда.

Ривожланаётган давлатлар иқлим конференцияларида қандай музокара қилади?

Ривожланаётган давлатлар халқаро саҳнада етарлича овозга эга эмас, шунинг учун улар гуруҳ ва блокларга бирлашиши ёрдам беради.

Кам ривожланган давлатлар гуруҳи 46 мамлакатдан иборат блок бўлиб, улар орасида Сенегал, Яман каби давлатлар бор, бир миллиард аҳоли номидан иш кўради.

Бутан

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бутан мамлакатнинг 60 фоизини ўрмонзорлар остида сақлаш мажбуриятини олди

"Агар устувор йўналишлар ва манфаатлар мувофиқлашса", бу мамлакатлар музокарада кучли позицияга эга бўлади, дейди Бутандан гуруҳнинг амалдаги раиси Сонам Вангди.

Улар йил бўйи бирга ишлаган ва Глазгода кундалик учрашади.

Агар охирги шартнома имзоланса, БМТга аъзо 197 давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясини имзолаши керак бўлади.

Бу эса охирги келишув ҳам бой, ҳам камбағал давлатларга маъқул келиши керак дегани.

Жаҳон етакчилари 2009 йили Копенгагенда мажбурий характердаги шартномани имзолай олишмаган эди, қисман бунга сабаб, Судан ва Тувалу каби ривожланаётган давлатлар охирги келишувни имзоламагани бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek