Қадр кечаси шарафига афв, коронавирус учун медаль ва мусулмонлар, уйда қолинг – O'zbekiston, mintaqa, Rossiya

Сурат манбаси, official
Қадр кечаси шарафига афв, коронавирус учун медаль ва мусулмонлар, уйда қолинг - мингдан ортиқ маҳбус уйга қайтади, Қозоғистон президенти янги ташаббус билан чиқди ва Путин нимадан хавотирда?
Туркманистон:
Мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи ниҳоялаб бораркан, Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов бу йил ҳам Қадр кечасини назардан қочирмади.
Туркманистон қамоқхоналарида сақланаётган 1192 нафар маҳкумни афв этди.
Расмий хабарда уларнинг 210 нафари хорижий давлат фуқаролари эканликлари айтилади.
Туркманистон Президенти афвига тушганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги маълум эмас.
Расмий хабарда уларнинг шахслари очиқланмаган.
Мамлакат қамоқхоналарида жаъми қанча маҳкум сақланиши маълум эмас.
Туркманистон дунёнинг "энг ёпиқ" ва "авторитар" режимларидан бири сифатида кўрилади.
Аммо яқинда президентининг хосан масжидга чиққани, садақа бергани, оддий мусулмонлар билан бирга таомлангани ва жойнамоз устида кўрилгани ҳам қатор минтақавий нашрларда сарлавҳаларга чиққан.
Кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаганди.
Рамазон ойидаги авфга оид хабар ҳозирча қолган бирор бир Марказий Осиё давлатидан олинмаган.
Аммо ўтган ой Ўзбекистонда ҳам Рамазон Ҳайити муносабати билан президент афви кутилаётганига оид хабарлар олинган.
Ўшанда Ўзбекистондаги айрим етакчи интернет нашрлари ўз манбаларига таяниб, афв бирмунча каттароқ миқёсда бўлиши ҳақида ёзишган.
Кутилаётган афвнинг тузалиш йўлига ўтган кўплаб маҳкумларни қамраб олиши мумкинлигини тахмин этишганди.
Бугун 20 май, бу йилги Рамазон Ҳайитининг 24 май кунига тўғри келиши кутилмоқда.
Бу йилги Рамазон глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтда кузатилган.
Туркманистон ҳалича коронавирус расман қайд этилмаган ягона минтақа давлати бўлиб турибди.
Қозоғистон

Сурат манбаси, official
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев шу кунларда яна оммавий-ахборот воситаларининг диққат эътиборини ўзига тортган.
Қозоғистон президенти бу гал коронавирусга қарши курашаётганлар учун махсус медаль таъсис этишга буйруқ берган.
Буйруқ лойиҳаси аллақачон жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Янги медаль "Халқ миннатдорлиги", деб номланади.
Расмий хабарларга кўра, бунинг давлат бюджетига бирор бир оғири тушмайди.
Ўтган ой Қозоғистон президенти коронавирусга қарши курашаётганлар учун ҳайкал ўрнатиш ғоясини ҳам ўртага ташлаган.
"Тиббиёт ходимлари, полициячилар, ҳарбий хизматчилар, кўнгиллилар - барчанинг бу каби эҳтиромга лойиқ эканликлари"ни айтганди.
Янгиликлар: Мирзиёев мукофотлансин, президент кучаядиган ва Путин, раҳмат - Ўзбекистон, O'zbekiston
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бунга ўхшаш хабарлар ҳам ҳозирча коронавирус расман қайд этилган қолган бирор бир минтақа давлатида кузатилмаган.
Дунёнинг бошқа бирор бир мамлакатидан ҳам бунга ўхшаш хабар ҳалича олинмаган.
Бу медални "қаҳрамон"ларга президентнинг ўзидан бошлаб ҳокимларгача топширишлари мумкин бўлади.
Қозоғистон ҳозир ҳам энг кўп коронавирус ҳоллари аниқланаётган Марказий Осиё давлати бўлиб турибди.
Бугун, 20 май ҳолатига кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинганларнинг жаъми сони расман етти минг кишига яқинлашган - 6969 тага етган.
Россия

Сурат манбаси, kremlin.ru
Глобал коронавирус пандемияси манзарасида қилган даъвати билан шу кунларда Президент Владимир Путин ҳам матбуотнинг диққат-эътиборига тушган.
Россия Президенти мамлакати мусулмонлари диний идора ўгитларига сўзсиз қулоқ тутишлари, Рамазон Ҳайитини уйда байрам қилишларига умид қилиб қолган.
Путин Рамазон Ҳайити арафасида бу масалага шахсан ўзи хосан диққат қаратган саноқли президентлардан бири экани кўрилган.
Ислом Россияда иккинчи йирик дин бўлади - мамлакатдаги мусулмонларнинг сони ҳозир 14 миллиондан 20 миллионтагача нисбат берилади.
Уларнинг орасида Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Марказий Осиё фуқаролари озмунчани ташкил этишмайди.
Бу каби мигрантларнинг карантин шароитидаги аҳволлари шу кунларда оммавий-ахборот воситалари диққат-эътиборида бўлган бошқа долзарб мавзулардан бири бўлади.
Ўзбекистоннинг улардан юзлабини ортга қайтариш ҳаракатида экани, яна ўн минглабининг бунга иложсиз қолаётгани шу кунларда сарлавҳаларга чиқаётган янгиликлар экани кўрилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














