Коронавирус, Рамазон ва Ҳаж: Ислом оламида яна гап? - Ўзбекистон, koronavirus

Сурат манбаси, Getty Images
Коронавирус, Рамазон ва Ҳаж: Ислом оламида яна гап? - Умра ва Ҳаж ортидан, Саудия Арабистони Рамазон ойи борасида ҳам янгилик билан чиқди. Ўзбекистон бу гал ҳам ўзининг фатвосини кечиктирмади:

Саудия Арабистонида мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида ҳам масжидлар очилмаслиги, Таровиҳ намозлари фақат уйда ўқилиши мумкин.
Бу ҳақда куни-кеча Саудия Арабистонининг Исломий масалалар бўйича вазири доктор Абдул Ҳафиз Шайхга таяниб, "Ар-Риёд" нашри хабар берган.
Хабар Яқин Шарқдаги барча йирик нашрлар диққат-эътиборини ўзига тортган.
Вазир пандемия билан боғлиқ вазият ўзгармаса, масжидлар эшиклари жамоат намозлари учун ёпиқ қолаверишини айтган.
Саудия Арабистони коронавирусни жиловлаш учун 19 мартда бу ишга қўл урган - бутун подшоҳлик бўйлаб масжидларни ёпишга қарор қилган.
Абдул Ҳафиз Шайх, "Масжидларда беш вақт намозни тўхтатиш, Таровиҳ намозини тўхтатгандан кўра муҳимроқ", - эканини таъкидлаган.
"Қаерда ўқилишидан қатъиназар, Аллоҳ таолодан Таровиҳ намозларини ўз даргоҳида қабул қилишини сўраб қолишлари"ни айтган.
Бу йилги Рамазон ойининг эса, 24 апрель - 23 май кунларига тўғри келиши кутилмоқда.
Саудия Арабистонида илк коронавирус ҳолати расман шу йилнинг 2 март куни қайд этилган.
Ҳозирга келиб, подшоҳликда коронавирусга чалинганлар сони қарийб беш минг кишига яқинлашган.
Шу пайтгача олтмишдан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган.
Бу жорий пайтда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо олти давлат орасидаги энг юқори кўрсаткич бўлади.
Ўзбекистон: Коронавирусдан соғайганлар сони кескин ортди, Каттақўрғонда портлаш, Британия Бош вазири
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1

Сурат манбаси, Getty Images
Подшоҳликдаги мавжуд вазият аллақачон бу йилги Ҳаж зиёрати билан боғлиқ жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Ўтган ой охирида Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра масалалари бўйича вазири дунё мусулмонларига хос даъват билан чиққан.
Уларни бу йилги Ҳаж зиёратига шошмай туришга чақирган.
"Сўз глобал пандемия ҳақида кетаётгани боис, подшоҳлик мусулмонлар ва фуқароларини ҳимоя қилиш илинжида", эканини таъкидлаганди.
Вазир Муҳаммад ибн Солиҳ Бантиннинг бу чиқиши мавжуд хавотирларни янада кучайтирмай қолмаган.
Ҳатто, "Ҳаж зиёрати бу йил буткул бекор қилиниши мумкинлиги"га оид гап-сўзларга ҳам замин яратган.
Шу якшанба куни эса, Саудия Арабистони бутун подшоҳлик бўйлаб амалда бўлган уч ҳафталик кундузги комендантлик соатини яна номаълум муддатга узайтирган.
Ўтган ҳафта пойтахт ар-Риёд ва бошқа йирик шаҳарларда бу тартибнинг тунда ҳам жорий этилиши маълум бўлган.
Аҳолига фақат зарур ҳоллардагина кўчага чиқишлари мумкинлиги айтилган.
Тартибни бузганлар учун маъмурий ва қамоқ жазоси қадар жиноий жавобгарлик кўзда тутилгани хабар қилинган.
Саудия Арабистони ва чоралар

Сурат манбаси, Getty Images

Подшоҳликда коронавирусга чалиниш ҳоллари анчайин шитоб билан ортиб бораркан, саудиялик масъуллар орада асрларки кўрилмаган кескин чораларга қўл уришгача боришган.
Орада Макка ва Мадинадаги дунё мусулмонлари учун энг муқаддас икки қадамжо: ал-Ҳарам (Ҳаром) ва ан-Набавий масжидлари эшикларини ёпишган.
Бу икки масжидга намозхонларнинг кириши ва тоат-ибодат қилишларини вақтинчалик тақиқлашган.
Тақиқ 20 мартдан бошлаб кучга кирган. Аммо унинг муддати, муҳлати очиқланмаганди.
Февраль ойида эса, Саудия Арабистони вирус тарқалишининг олдини олиш учун "Умра виза"лари беришни вақтинча тўхтатиб қўйган.
Макка ва Мадинага коронавирус тарқалган давлатлардан чет эллик сайёҳларнинг келишини ҳам тақиқлаган. Пойтахт ар-Риёдни ҳам четдан ташрифлар учун ёпган.
Халқаро парвозларни бекор қилган.
Мактаблар, савдо марказлари, ресторанлар бўладими - кўплаб оммавий масканлар ёпилган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи Саудия Арабистони мамлакатга туристлар оқимини кучайтириш ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.
Бу валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг иқтисодий ислоҳотлар режасининг асос нуқталаридан бири бўлади.
Муқаддас Ҳаж зиёратининг буткул бекор қилиниши бу яқин ўрталарда кузатилмаган.
Аммо 2014 йилги Эбола эпидемияси вақтида бўлгани каби, касаллик кенг тарқалган ҳудудлардан зиёратчилар келиши чекланган.
Ўзбекистондан ҳам ҳар йили минглаб зиёратчилар Умра ва Ҳаж зиёратини адо этиб келишган.
Ўзбекистонда коронавирус ва ундан ўлим ҳолати Умра зиёратидан қайтиб келганлар орасида ҳам қайд этилган.
Қирғизистонда ҳам Умра зиёратидан қайтганлар карантин остига олинган, илк коронавирус ҳоллари эса, айнан зиёратчиларда аниқланган.
Зиёратдан қайтгач, уюштирган зиёфатлари билан коронавирус манбаси бўлишда ҳам масъуллар томонидан танқидларга тутилишган.
Ўзбекистон мусулмонлари ва коронавирус

Сурат манбаси, Muslim.uz

Саудия Арабистони ортидан, кеча, 13 апрель куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши ҳам янги фатво билан чиққан.
Карантин даврида Рамазон ойини қандай ўтказиш бўйича баёнот берган.
Глобал пандемия боис, 24 мартдан бошлаб, Ўзбекистонда ҳам кучайтирилган тартиб амалда - бутун мамлакат миқёсида қатъий карантин тизими жорий этилган.
Ўзбекистон Уламолар кенгаши ҳам ўз фатвосида мусулмонларни Рамазон ойидаги хатму Қуръон ва Таровиҳ намозларини ўз уйларида оила аъзолари билан ўтказиш ва ўқишга чақирган.
Мамлакат мусулмонларини оммавий ифторликлардан тийилишга ҳам ундаган.
Идора тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари эса, онлайн тарзда амалга оширилиши маълум бўлган.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расман маълум қилишича, бу каби қарорга келишда аввал Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолатни ўрганишган.
Миср, Саудия Арабистони, Туркия ва Татаристон мусулмонлари диний идораларининг бу хусусдаги баёнотлари билан танишишган.
Маълум бўлишича, бу баёнотларда ҳам Рамазон ойида масжидларда Таровиҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирилмаслиги ҳақида айтилган.
Шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан ҳам мазкур масалани муҳокама этиб олишган. Ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилишган.
Яна бир фатво
Кечаги баёноти ортидан, бугун, 14 апрел куни Фатво ҳайъати 2020 йил учун закот миқдорини эълон қилган.
Миқдорларни диний идоранинг Уламолар Кенгаши тасдиқлаган.
Бу йилги закот ҳам ҳар йили бўлганидек 85 грамм олтиннинг баҳосига асосланган - 21 250 000 сўм, деб белгиланган.
Нисоб миқдори Ўзбекистонда, одатда, Рамазон ойида эълон қилинган.
Аммо, маълум бўлишича, бу йил бироз эрта эълон қилинишига коронавирус пандемияси сабаб бўлган.
Карантин сабаб, аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож қисмини қўллаб-қувватлаш эҳтиёжи пайдо бўлган.
Айни пайтда бу ажр-савоби кўп бўлган амал бўлгани инобатга олинган.
Шундай бир вазиятда моли нисобга етган кишилар молларининг закотини ҳам ҳақдорларга беришлари айни савобли амаллар сирасига киради, дейилган Фатво ҳайъати хабарида.
Ўзбекистондаги камбағаллар сонини яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи 4-5 миллионтага нисбат берган.
Ўзбекистон ҳукумати яқин-яқингача мамлакатдаги "истеъмол савати" қанчани ташкил этиши ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни афзал кўриб келган.
Бу борадаги якуний расмий маълумотлар ҳали-ҳануз эълон қилинмаган.
"Истеъмол савати" эса, содда қилиб айтганда, бир оиланинг бир ойлик харажатларини англатади.
Карантин сабаб, аллақачон моддий жиҳатдан қийналиб қолган оилаларнинг тақдирига оид постларнинг ҳам сўнгги кунларда кибер фазода бўй кўрсата бошлагани кузатилган.
Бу каби ҳолат бутун Ўзбекистон бўйлаб марказлашган кўринишдаги хайрия амалларига қўл урилаётан бир манзарада бўй кўрсатган.
Коронавирус: бу синов кунларида сабрли бўлайлик - BBC Uzbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Ўзбекистон, коронавирус ва фатволар

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси Уламолар Кенгаши сўнгги бор мамлакат мусулмонларига 23 март куни мурожаат билан чиққан.
Ўшанда уларни карантин талабларига қатъий риоя қилишга чақирган.
Ўзбекистонда илк коронавирус ҳолати расман қайд этилишидан кун ўтиб, ўзининг коронавирус билан боғлиқ илк фатвосини эълон қилган.
Кенгаш 16 март кунги бу фатвосида мамлакат мусулмонларига жума илова жамоат намозларини уйда ўқишларини буюрган.
Бунинг ортидан коронавирусга қарши 70 та хатми Қуръон, 2 миллионта нажот дуоси ва хатми Бухорий қилиш режа ва истагини баён қилган.
Бунақаси минтақанинг қолган бирор бир давлатида кўрилмаган.
Ўзбекистондан касаллик кўтарилишини сўраб, Байтуллоҳда дуо қилинганига оид хабарлар ҳам олинган.
Имом-хатиблар шифокорларни қўллаб-қувватлашаётгани, нархларнинг сунъий равишда оширилишини олдини олиш борасида тушунтириш ишлари олиб боришаётгани, тиббий ниқоблар тарқатишаётгани ҳам кўрилган.
Шу ой бошида "Вақф" хайрия жамоат фонди коронавирусга қарши 190 миллион сўмга яқин маблағ сарфлагани ҳам маълум бўлган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 24 мартдан бошлаб карантин эълон қилган. Иш тартибининг онлайн режимга ўтишини билдирган.
Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.
Бугун, 14 апрель куни Ўзбекистонда жаъми коронавирус ҳоллари бир минг кишидан ортган - шу соатларда 1113 кишига етган.
Бу - минтақа давлатлари орасидан Қозоғистондан кейинги иккинчи йирик кўрсаткич бўлган.
Яна ким нима қилмоқчи?

Сурат манбаси, ROB STOTHARD

Коронавирус пандемияси айни шу ойда дунёдаги қолган икки йирик дин вакилларини ҳам мушкул аҳволда қолдирган.
Яҳудий ва насронийларнинг муқаддас байрамлари - Пасха ва Песах ҳам айнан апрель ойига тўғри келган.
Бугунгидек ҳолат эса, инсоният тарихида бу яқин асрларда кузатилмаган.
Мавжуд ҳолат Британиядаги мусулмонларни ҳам аллақачон ташвишга солмай қўймаган.
Ислом Буюк Британияда иккинчи йирик дин ҳисобланади.
Британия Германия ва Франциядан кейин Европанинг энг катта сондаги мусулмонлар истиқомат қилувчи учинчи давлати бўлади.
Расмий ҳисоб-китобларда ҳозир Британиядаги мусулмонларнинг сони уч миллионга яқин экани айтилади.
Бу мусулмонларнинг энг катта фоизи Англияда яшашса, улардан катта қисми айнан Лондоннинг ҳиссасига тўғри келади.
Айнан Лондон ҳозир Британиядаги коронавирус ўчоғи ҳисобланади.
Британияда бугунга келиб коронавирусга чалинганлар сони 88 минг кишидан ортган. Ўлим ҳоллари эса, 11 мингдан ошган.
"Рамазон чодири" Британияда Рамазон ойида ўзининг оммавий ифторликлари билан танилган.
Ифтор дастурхонини барчага бирдек очиши билан тилга, эътиборга тушган.
Аммо лойиҳа ташаббускорилари аллақачон бу муаммога ечим топган кўринишади.
Улар энди оммавий ифторликларини виртуал ўтказишмоқчи.
Дини, эътиқодидан қатъиназар, барча виртуал меҳмонларга фойдали маслаҳатлар, турли таомлар пишириш услублари жой олган махсус буклетлар ва болалар учун мўлжалланган махсус ўйинлар солинган посилкалар юборишмоқчи.
Виртуал оммавий ифторликнинг ўзини коронавирус пандемияси шароитида тобора оммалашиб бораётган Zoom аппликацияси орқали видеоанжуман шаклида ўтказишмоқчи.
Ўтган йил эса, Рамазон ойи Янги Зеландия ва Шри Ланкада юз берган ва ўнлаб инсоннинг умрига зомин бўлган қонли ҳужумлардан қисқа вақт ўтмай тўғри келган.
Бу ҳам ўшанда дунёнинг кўплаб давлатларида мусулмон жамоаларини қўрқитмай, хавотирга солмай қўймаган.
Биргина Британия мисолида Таровиҳ намозлари деярли барча масжидларда кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида бўлиб ўтганди.
Ўзбекистон: Оғир беморларга коронавирусдан соғайганлар қон зардоби қуйилади, Нью-Йоркда оммавий қабр
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 3

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















