Коронавирус, Ўзбекистон ва АҚШ: Учинчи ўзбекистонлик ўлди - у ерда нималар бўлмоқда? Koronavirus

Сурат манбаси, official
Коронавирус, Ўзбекистон ва АҚШ: Учинчи ўзбекистонлик ўлди - у ерда нималар бўлмоқда? - Маълум бўлишича, шахсан Президенти Доналд Трампнинг ишонтирганига қарамай, касалхоналарда жой йўқ, бемор кўп. Айниқса, коронавирус ўчоғи бўлиб турган Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларида аҳвол анчайин жиддий.
Бу ҳақда Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатида Вашингтондан журналист Навбаҳор Имамова маълум қилди:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Нью-Йоркдаги икки ўзбекистонликнинг ўлими билан боғлиқ дастлабки икки ҳолатни ўтган ҳафта журналист ишловчи " Америка овози" компанияси тасдиқлашга муваффақ бўлган.
Улар хабаридан кун ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам кеча, 6 апрел куни бу ҳақда расмий билдиришнома билан чиққан.
Бу хориждаги Ўзбекистон фуқаролари орасида коронавирусдан расман тасдиқланган илк ўлим ҳоллари бўлган. Айнан Нью-Йоркда юз берган.
Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари орасида коронавирусдан расман учинчи ўлим ҳолати ҳам яна Америка Қўшма Штатларининг шу шаҳрида қайд этилган.
Барчаси ўтган саккиз куннинг ичида юз берган.
51 ёшли фуқаросининг ўлими ҳақида бугун, 7 апрел куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ўзи маълум қилган.
Бу ҳақдаги расмий ахборотдан унинг кеча, якшанба куни ҳаётдан кўз юмгани маълум бўлган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳар уч марҳумнинг яқинларига расман ўз таъзиясини изҳор этган.
Шунинг баробарида, чет элдаги Ўзбекистон фуқароларидан коронавирус тарқалишига қарши курашиш бўйича маҳаллий ҳокимият талабларига тўлиқ риоя этиш, жамоавий тадбирларда қатнашмаслик, гавжум жойларга ташриф буюрмаслик ва барча эҳтиёт чораларини кўришни қатъий сўраб қолган.
АҚШда бўлиб турган фуқаролари зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги Элчихонаси ва Ню-Йоркдаги Бош консулхонасига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатган. Телефон рақамларини илова қилган.
Вазирликка кўра, ҳозирги пайтда Бош консулхона диаспорал ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари билан биргаликда унинг дафн маросими билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.


Сурат манбаси, Reuters
АҚШ жорий пайтда дунёнинг коронавирус билан боғлиқ энг ёмон вазият қайд этилиб турган давлати бўлади.
Бу ерда коронавирусга чалинганлар сони 360000 кишидан ортган. Ўн мингдан ортиқроғи вафот этган.
Америка Қўшма Штатларидаги коронавирус ҳолларининг учдан бир қисми Нью-Йоркка тўғри келади.
Айнан Нью-Йоркда Америкадаги энг кўп ўзбекистонликлар яшаб, истиқомат қилишади. Уларнинг сонлари бир неча ўн мингга нисбат берилади.
"Америка овози"нинг маълум қилишича, жорий пайтда ўнлаб ўзбекистонликлар ўзларини коронавирусга текширтиришмоқда.
Англашилишича, улар турли сабаблар боис коронавирусни юқтирган бўлишлари мумкинлигидан хавотирда.
Кўрилишича, бу каби ўзбекистонликларнинг сони, айниқса, сўнгги икки ҳафтада кўпайган.
Аммо Америка Қўшма Штатларида коронавирусга чалинганларнинг аниқ қанчаси Ўзбекистон фуқаролари ёки асл ўзбекистонликлар эканига оид расмий рақамлар ҳалича бўй кўрсатмаган.
Журналист Навбаҳор Имамованинг айтишича, айнан Нью-Йорк ва Нью-Жерси сингари штатларда беморлар кўп. Касалхоналарда эса, жойлар етишмаяпти.
"Масалан, вирус топилган одамлар ҳам муолажа ва дори-дармон тавсия этилиб, уйларига қайтариб юборилмоқда. Ўзларини иҳоталашлари айтилмоқда. Аҳволлари оғирлашсагина, касалхоналарга олинади, дейилмоқда. Кўплар эса, қайтиб келаяпти. Аҳволлари уйда яхшиланмаяпти ва муолажалар давом этдирилаяпти", - дейди у.


Сурат манбаси, Getty Images
Журналистга кўра, ўз касб фаолиятлари доирасида имкон қадар Америка Қўшма Штатларидаги ўзбекистонликлар билан алоқадалар ва уларнинг ораларида ҳам бундайлар кўп.
Аммо, унинг айтишича, шу пайтга қадар бу ерда аниқ қанча сондаги Ўзбекистон фуқаросининг коронавирусга чалинганига оид расмий рақамлар ҳозирча имконсиз.
Дунёнинг бошқа кўплаб давлатлари мисолида бўлгани каби фақат умумий маълумотлар билан чекланилмоқда.
"Балки келажакда, мана шу пандемия даври таҳлил қилинганда, демография шундай бир тарзда ўрганилиши мумкин. Ҳозир эса, бундай бир маълумотни сизга ҳеч ким бермайди", дейди журналист.
Унга кўра, улар ўзбекистонликлар орасидаги коронавирус тарқалиши билан боғлиқ аҳволни ҳозир фақат улар билан мулоқотда бўлиш орқалигина ўрганишга муваффақ бўлишмоқда.
Журналистнинг айтишича, шу пайтгача биргина Нью-Йоркнинг ўзида ўнлаб оилалар билан гаплашишган.
"Агар, уларнинг айтганларига таянадиган бўлдик, кўплаб ҳолларда ўзбек оилаларида бир эмас, бир неча киши вирусни юқтирган ҳоллар бор. Чунки ўзбеклар бирга яшашади. 5-6 киши бир хонадонда. Кўп ҳолларда келин, неваралар, қайнона, қайнота ва бир-бирларига вирусни юқтиришлари эҳтимоли юқори", - дейди у.
Журналистга кўра, бунинг яна бир бошқа омили коронавирус белгиларидан бехабарлик, шунинг оқибатида ўз вақтида касалхонага мурожаат этмаслик ёки ўзи-ўзини даволашга уриниш ҳоллари бўлмоқда.
Бошқа жиҳатдан, агар, Нью-Йорк мисолида оладиган бўлсак, у ерда одамлар зич. Транспорт кўп. Одамлар масофа сақлашмайди. Давлатнинг ҳам бу муаммога эътибори дастлаб суст бўлди. Огоҳлик даражаси ҳам юқори бўлмади. Буларнинг барчаси эса, коронавирус юқтириш ҳолларининг нега кўплиги саволига жавоб бўла олади, дейди журналист.


Сурат манбаси, official
Америка Қўшма Штатларида турли иш, юмуш, таҳсилда банд ва Грин карта ёрдамида яшаш ҳуқуқини қўлга киритган ўзбекистонликлар сони уч юз мингга яқин экани айтилади.
Бугун хориждаги ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади.
Аммо шу пайтгача фақат четдаги бир Ўзбекистон фуқаросининг коронавирусга чалингани расман хабар берилган.
Бу ҳақда яқинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилган.
Унинг Австрияда карантин остида экани айтилган. Аҳволи яхши экани билдирилган.
Бугун, 7 апрел куни вазирлик эълон қилган расмий маълумотларга кўра, шу пайтгача хорижда бўлган Ўзбекистон фуқаролари орасида жаъми 23 та коронавирус ҳолати қайд этилган.
Улардан энг кўпи Америка Қўшма Штатлари ҳисобига тўғри келади.
Қолганлари эса, Австрия, Арманистон, БАА, Корея Республикаси, Покистон, Россия, Таиланд ва Қозоғистондаги Ўзбекистон фуқаролари орасида аниқланган.
Сўнгги воқеалар манзарасида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси яна бир бор мурожаат билан чиққан, вафот этганлар яқинларига ўз таъзиясини изҳор этган.
Жорий пайтда элчи бошчилигида махсус оператив штаб ҳам узлуксиз фаолиятда. Улар ўз ваколатлари ва масъулиятлари доирасида ўзбекистонликлар билан мулоқотда.
Бу ерда маййитларни Ватанга жўнатиш ишлари билан, одатда, хусусий фирмалар шуғулланишади. Бу иш тўлов асосида амалга оширилади. Консулларнинг иши эса, асосан лозим ҳужжатларни тўғрилаб беришдан иборат бўлади, дейди журналист.
Аммо, унга кўра, коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилиб, қатновларнинг тўхтатилгани бу ишни деярли имконсиз қилиб қўйган.
" Америка овози" коронавирусдан вафот этган Ўзбекистон фуқароларидан бирининг Нью-Жерси штатида тупроққа қўйилганини ҳам аниқлаш, тасдиқлашга муваффақ бўлган.
Қатъий расмий тартиб-қоидалар асосида, аммо диний талабларга мувофиқ тупроққа қўйилган. Жаноза ўқилган. Қолган урф-одатлар четлаб ўтилган.
Иккинчи аёл беморнинг яқинлари ҳам ҳозирда майитни диний талабларга мувофиқ дафн этиш учун касалхона билан мулоқотда.


Сурат манбаси, Muslim.uz
Коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво ҳайъати илк ўлим ҳолати қайд этилган 27 март куни хос баёнот билан чиққан.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро маслаҳат асосида, карантин ҳолатида маййитни имкон қадар шариат кўрсатмаларига мувофиқ ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга ҳаракат қилинишини айтган.
Бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили ҳам иштирок этишини билдирган. Коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн маросимини фақат яқин қариндошлари вакиллари иштирокида қилиш лозимлигини таъкидлаган.
Бу каби ҳолат четдаги Ўзбекистон фуқароси билан юз берган тақдирда, қандай тартиб амал қилиши тафсилотлари ҳозирча ноаён қолганди.
Марказий Осиёда коронавирусдан илк ўлим Қозоғистонда кузатилган. 26 март кунига тўғри келган. Ҳозирга келиб, 10 дан ортган. Ўзбекистоннинг ўзида расман иккита ўлим ҳолати қайд этилган.
АҚШ Давлат котиби яқинда минтақа давлатларининг коронавирусга қарши туришга қанчалик қодир эканликларини савол остига олган. Унинг бу хавотирлари Ўзбекистонга қилган ташрифидан қисқа вақт ўтмай янграгаган.
Майк Помпео ўшанда мамлакати Хитой илова қолган минтақа давлатларига $100 миллион АҚШ доллари миқдорида кўмак кўрсатишга ҳозир эканликларини айтганди.
Коронавирус илк бор ўтган йил 31 декабр куни Хитойда расман қайд этилган.
Ўзбекистонга 15 мартда кириб келган.
Бугун, 7 апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 472 тага етган. Яна 15 та янги ҳолат аниқланган.
Ўзбекистонда ҳам бир кунда қайд этилаётган коронавирус ҳолларининг анчайин изчиллик билан ортиб бораётгани кузатилади.
Ўзбекистонда коронавирус манбаси мамлакатнинг четдан қайтган фуқаролари бўлиб туришибди.
Аммо мамлакатда жаъми қайд этилган коронавирус ҳолатлари орасида Америка Қўшма Штатларидан келганлари ҳозирча кўрилмайди.
Ўзбекистоннинг ўзида шу пайтгача расман иккита ўлим ҳолати қайд этилган.
Орада коронавирусдан ўлим ҳолларига оид кибер фазода бўй кўрсатган хабарлар ўзбекистонлик масъуллар томонидан изчил равишда рад этилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














