Коронавирус: Жонсон реанимацияда, Путин масофадан ишлаяпти, Мирзиёев-чи? - O'zbekiton

Борис Жонсон

Сурат манбаси, PA Media

Сурат тагсўзи, 55 яшар Жонсоннинг ҳолати барқарор экани айтилмоқда

Лондондаги шифохонанинг жонлантириш бўлимида қолаётган Британия бош вазири Борис Жонсоннинг ҳолати "барқарор" экани билдирилди.

Даунинг стрит (Британия бош вазирининг қароргоҳи) нинг айтишича, 55 ёшли Жонсонга кислород берилган, аммо сунъий нафас олдириш жиҳозига уланмаган.

Ўтган ҳафта коронгавирусга чалинган Борис Жонсон душанба куни Лондондаги шифохонанинг интенсив терапия бўлимига олинганди.

Расмийлар унинг аҳволи оғирлашганидан сўнг шифокорларнинг тавсияси билан жонлантириш бўлимига олинганини айтишган.

Ҳукумат вазири Доминик Рааб бош вазир вазифасини бажаришга киришган.

Жонсоннинг руҳи тетик ва яхши муолажа қилинаётгани айтилмоқда.

Ҳокимият вирусдан ҳимоя қилмайди

Дунё раҳбарлари Британия бош вазирига тезроқ соғайиб кетиш тилакларини йўллашган.

Президент Трамп Жонсонни даволаётган шифокорлар билан яқин алоқада эканликлари, АҚШнинг икки йирик ширкатига британ бош вазирининг муолажасида зарур ёрдамни кўрсатиш ҳақида кўрсатма берганини айтган.

BBC

Сурат манбаси, BBC

Трампнинг ўзи ўтган ҳафта шифокорларнинг ниқоб тақиш ҳақидаги тавсиясини рад этганди.

АҚШда вирусга чалинганлар сони 370,000 кишига етган, қарийб 11 минг инсон вафот этган.

Президент Трамп америкаликларни оғир ҳафтага тайёрланиш ҳақида огоҳлантирган.

"Энг оғир ҳафта келяпти - шу ёки келаси ҳафта. Афсуски, жуда кўп одам ўлади", - деб айтган Трамп якшанба кунги брифингда.

Айни пайтда Трамп Нью-Йоркда ўлим ҳолатлари камайганини яхши белги, деб ҳисоблашини айтган.

"Умид қиламанки, яқинда ўзимиз амалга оширган ишлардан фахрланадиган кунлар келади", деб айтган АҚШ президенти.

Борис Жонсон коронавирусга чалинган биринчи дунё раҳбари эмас.

BBC

Би-би-си муҳаррири Лора Кюнсбергнинг ёзишича, коронавирусга қарши курашаётган сиёсатчилар вирус одам танламаслигини айтишган.

Аммо унинг таъкидлашича, Борис Жонсоннинг ҳолати ҳокимият вирусдан ҳимоя қилолмаслигини яққол кўрсатди.

Путин қайта ва қайта тест топширмоқда

Жонсон охирги дақиқада шифокорларнинг ёрдамига мурожаат қилишга мажбур бўлган бўлса, бошқа раҳбарлар аллақачон эҳтиёт чораларини кўра бошлашган.

Россия Президентининг сўзчиси Дмитрий Песков Путин яна камида бир ҳафта масофадан туриб ишлашини айтган.

Путин

Сурат манбаси, Kremlin.ru

Сурат тагсўзи, Путин масофадан ишлашга ўтган

"Агар ундан кўп бўлмаса", деб қўшимча қилган Песков.

Аммо унинг Россия телеканалига айтишича, Путиннинг масофадан ишлашга ўтиши коронавирус беморлари даволанаётган Коммунаркадаги шифохона бош врачи Денис Проценконинг вирусга чалингани билан боғлиқ эмас.

31 март куни Проценкода коронавирус аниқланган эди.

Ундан бир ҳафта аввал Путин айни шифохонага ташриф буюриб, Проценко билан ниқоб ва қўлқопсиз мулоқот қилган ва махсус кийимда коронавирусга чалинган беморларни ҳам зиёрат қилганди.

Путининг сўзчиси Песков Президент коронавирусга тест топширганини тасдиқлаган.

Песковнинг айтишича, Путин "қанча керак бўсла, шунча марта коронавирусга текширилмоқда".

Коронавирус пандемияси манзарасида Путин ҳокимиятга келганининг 20 йиллигига ҳатто Россия телеканалларининг ўзи ҳам унча кўп эътибор қаратмаган.

Россияда биринчи коронавирус ҳолати январь охирида тасдиқланганди.

7 апрель ҳолатига вирусга чалинганлар 7497 кишини ташкил этмоқда.

Охирги суткада 1154 та янги ҳолат аниқланган.

Энг кўпи Москвада - 697та.

Вирус қурбонлари сони 58 кишига етган, охирги 24 соатда 11 киши ҳаётдан кўз юмган.

Сешанба куни видеконференция режимидаги коронавирусга бағишланган ҳукумат йиғилишида Путин ҳали пандемия ўз чўққисига чиқмаганини айтган.

У вирусологларнинг тавсияларига қулоқ солишга ва бошқаларнинг хатоларини такрорламасликка чақирган.

Мирзиёев иш бошида

коронавирус

Коронавирус Ўзбекистон раҳбарининг доимий иш тартибига ўзгартиш киритгани маълум эмас.

Мамлакатдаги карантин чоралари парламентнинг қуйи ва юқори палаталари, жумладан, Президент маъмурияти билан бир бинода жойлашган Сенат фаолиятига ҳам таъсир қилган, аммо Мирзиёев ва унинг маъмурияти аъзолари масофадан ишлашга ўтгани ҳақида расмий хабар йўқ.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Сенат раиси Норбоева коронавирусга текширилган, Мирзиёев борасида маълумот йўқ

Пандемия бошланганидан буён Мирзиёев мамлакатдаги вазиятга бағишланган камида учта йиғилиш ўтказган ва уларда барча ҳукумат аъзолари қатнашган, аввалгидек, минтақа ва соҳа раҳбарлари видеоконференция режимида иштирок этган.

Мирзиёев охирги чиқишларида карантин тартибини бузиш ҳолларини танқид қилган ва тадбиркорларни давлатнинг қўллаб-қувватлови борасида ишонтирган.

Ўзбекистон раҳбари коронавирусга текшириб-текширилмагани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Аммо Сенат раиси Танзила Норбоева ҳамда бошқа сенаторларнинг коронавирусга текширилгани ва биронта ҳам ҳолат аниқланмагани маълум қилинган.

The Diplomat нашри пандемия шароитида чегаралар ёпилиб, халқаро алоқалар тўхтаб қолаёзган бир паллада Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёдаги дипломатик саъй-ҳаракатларга етакчилик қилаётани ҳақида мақола чоп этди.

Нашрга кўра, Мирзиёев 18 мартдан 27 мартгача Тожикистон раҳбари хориж, минтақадаги барча қўшни давлатлар ҳамда Хитой ва Россия раҳбарлари билан коронавирус билан боғлиқ вазиятни телефон орқали муҳокама қилган ва қўшнилар, жумладан, Афғонистон ва Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдамлари юборган.

Ухан

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Хитойда январдан буён бирини марта ўлим ҳолати қайд этилмаган

Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 500 кишидан ортган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, вирусни юқтирган 504 кишининг 292 нафари аёллар.

Беморлар даволанаётгани айтилган вилоятлар орасида Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари йўқ.

Бу ушбу минтақаларда коронавирусга чалинганлар йўқми ёки бўлса ҳам бошқа вилоятлардаги шифохоналарда даволанатганини англатадими, номаълум.

Ҳозирга қадар 2 киши вафот этган, яна 2 инсоннинг аҳволи оғир, 30 киши даволанган.

Мирзиёев ва Трамп

Сурат манбаси, Official

Дунёда яна:

  • Хитойда пандемия бошидан буён биринчи бор ўлим ҳолати қайд этилмаган
  • Хитой бўйича 81 минг 740 нафар одам вирусга чалинган, 3 минг 331 киши вафот этган
  • Британияда яна 758 нафар бемор вафот этган, жами қурбонлар 5 минг 655 киши
  • Япония Токио дохил еттита префектурада фавқулодда ҳолат эълон қилган
  • Испанияда сешанба куни ўлим ҳолати яна ортгани кузатилган - 743 инсон вафот этган
  • Жанубий Кореяда иккинчи кун кетма-кет вирусга чалинганлар сони 50 кишидан камни ташкил этган
  • Жаҳон бозорларида коронавирус секинлади, деган кутиш ортидан ҳиссалар нархи кўтарилишни бошлаган
  • Эронда ароқдан заҳарланиб ўлганлар сони 600 дан ошиб кетган, одамлар вирусдан ҳимоя қилади, деган янглиш тасаввур билан сифатсиз алкоголни истеъмол қилганлар
  • Шимолий Ирландияда коронавирусдан ўлганлар сони 73 нафарга етган
  • Дунё бўйлаб касалликка чалинганлар 1,3 миллион, ўлганлар 75 мингга яқинлашди
BBC