Дайжест. Россия Ўзбекистонга миллион гектар ерини ижарага берадими? Авиарейслар қайта тикланаяпти, поездлар қатнови-чи? Қайиқда киргани учун қамалган ўзбекистонликлар Rossiya yangiliklar

Сурат манбаси, official
Россия нашрларида Ўзбекистоннинг Россия ерларини ижарага олиб экин етиштиришлари ҳақидаги хабарлар кўрина бошлади.
Россия ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида янги шартнома тузишлари мумкин. Унга кўра, ўзбеклар Россия тупроқларида ўз эҳтиёжлари учун буғдой, соя, кунгабоқар ва бошқа экинларни етиштиришни бошлайдилар, деб ёзади Россия Миллий Аграр агентлиги сайти.
Хабарда келтирилишича, бу масала ҳар икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирликлари даражасида муҳокама қилинган. Ва бу ҳақда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев маълум қилган. Шартнома қандай шартларда тузилиши ҳақида батафсил маълумотларни вазир очиқламаган.
«Ўзбекларнинг даъво қилишича, Россия уларга миллион гектар майдон беради. Бу жуда муҳим майдон: ундан, масалан, энг ноқулай йилда ҳам камида 2,5 миллион тонна ғалла йиғиб олиш мумкин. Бироқ, улар нафақат буғдой, балки Россия иқлимида яхши ўсадиган бошқа экинларни ҳам экиш ниятида. Хўжаевнинг айтишича, ҳозирча иккала мамлакат ҳам лойиҳани синовдан ўтказади ва тажриба тариқасида 35 минг гектар майдонга экиш ишларини ўтказади», - деб ёзади нашр.
Хабарда РИА-Новостига таяниб, тажриба муваффақиятли кечса, ўзбекистонликлар аста-секин экин майдонларини кўпайтирадилар ва яқин йилларда 300-500 минг гектарни эгаллаши режалаштирилаётгани билдирилган.
- Россия, мигрантлар: "Ҳозир уларни отиб ташлайман"
- Россия: Янги тўлқин хавфи қанчалик ёки мигрантлар русларни заҳарлаяптими?
- Ўзбекистон: Россия 10 минг ўзбек мигрантини олиб кетмоқчи ва "ўлимдан хабарим бор, лекин мандат қачон чиқишини билмайман"
- Дайжест. Россия-Ўзбекистон: Марказий Осиёдаги афғон қочқинлар Путинга нега ёқмаяпти?
Ҳафтасига ўнлаб авиарейслар
Россия ҳукумати муҳокама натижаларига кўра ва мамлакатлардаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, 2021 йил 5 октябрдан бир қатор давлатлар билан мунтазам парвозларни тиклашга қарор қилди, дея хабар берди ҳукуматнинг расмий сайти.
Қарорга мувофиқ, ўзаро авиақатновлар қайта тикланадиган мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор.
Жумладан, Москва - Тошкент йўналишида ҳафтасига 4 тагача рейс, Бухоро ва Самарқанд орасида ҳафтасига 2 та рейс, Урганч Наманган Фарғона Андижон Термиз йўналишларида ҳафтасига 1 тадан рейслар амалга оширилади.
Россия ҳукумати мазкур йўналишлар бўйича парвозлардан олдин чет давлатлар фуқаролари бўлган йўловчиларга коронавирусдан ҳимояланиш учун эмланишни тавсия этган.
Аввалроқ, меҳнат мигрантлари учун Ўзбекистондан Россияга поездлар ташкиллаштириш режалаштирилаётгани хабар қилинган эди.
Россия бош вазири ўринбосари М.Хуснуллин мигрантлар учун махсус поездлар масаласи Россия ҳукумати раиси ўринбосари Татьяна Голикова билан келишилгани ва меҳнат мигрантларини чартер поездларда олиб келишнинг аниқ тартиби яқин кунларда тасдиқланишини маълум қилганди.
Қайиқда киргани учун қамоқ
Карантин даврида Ўзбекистонда самолётларга чипталар нархи қимматлигича қолаётгани, поезд ва автомашиналарда ишлашга келишнинг имкониятлари чеклангани боис, ўзбекистонликлар Россияга киришнинг арзонроқ йўлларини излашмоқда. Ва баъзи ҳолларда бу ҳаракат кўнгилсиз натижалар билан якунланаяпти.
Россия ФХХ чегара хизмати ходимлари 4 нафар Ўзбекистон фуқаросини 13 июль тунида ушлашган эди.
Ўзбекистонликлар Қозоғистондан Россияга Урал дарёси орқали қайиқда сузиб кираётганлиги хабар қилинади. Бу ҳаракат Россия қонунчилигига асосан, чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уриниш тариқасида баҳоланди ва ўзбекистонликлар жиноий жавобгарликка тортилганлар.
Оренбург вилояти Прокуратураси маълумотига кўра, мазкур жиноят иши Ташлин туман судига оширилган. Ўзбекистонликларга 6 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















