Россия, мигрантлар: "Ҳозир уларни отиб ташлайман". Подмосковьедаги мигрантлар маҳаллий аҳоли талаби билан кўчирилди - Rossiya dunyo yangiliklar

"Албатта, Бужаниново қишлоғида яшаган одам сифатида деразам ортида гастарбайтерлар юрса, менга ёқмайди" - деди Сергиев Посад шаҳар округи раҳбари Михаил Токарев.
Округ раҳбари 14 сентябрь куни маҳаллий мактабда қишлоқ аҳолиси билан учрашган ва бунга қадар ётоқхонадаги чет эллик ишчиларни яшаб турган жойидан чиқариб юборишни буюрган.
Бу кўчирилиш қишлоқ аҳолисининг Марказий осиёлик муҳожирларга норозилиги талабига биноан қилинган. Можаро икки нафар муҳожир қишлоқдаги кекса аёлнинг ўлдирилишида гумон қилиниши ортидан юзага келган. Гарчи, айбланувчиларнинг ётоқхонада яшовчилар билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да.
Қотилликда айбланаётган мигрантлар бу ётоқхонада яшашмаган.
"Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилаяпти"
Қишлоқдаги "Экоокна" заводи ётоқхонасидан меҳнат муҳожирларини чиқариб юбориш жуда тез кечди. Кун ярмида ишчилар ётоқхона-завод орасида нарсаларини йиғиш учун югуриб қолишди.
Бироз вақт ўтгач, ётоқхонага автобус келдиди, унга сумкалар ва жомадонлар юкланди. Сўнг муҳожирлар гуруҳи жойлашди. Улардан, "Сизларни қаерга олиб кетишаяпти?" деб сўрашганида, улардан бири ғамгинлик билан: "Нариги дунёга", деб жавоб берди.
"Эҳтиёт бўлинг, эшиклар ёпилаяпти", - деди яна бири автобус қўзғалишидан аввал янада мунг билан.
Автобус бир неча қатнашда гуруҳ тарзида жами 150 дан ортиқ муҳожирни ётоқхонадан янги жойга ташиди.
Душанба куни кечқурун ётоқхона олдида кескин қўзғолон бўлиб ўтди - маҳаллий аҳоли муҳожирларни чиқиб кетишини талаб қилишди, қўриқчилар билан жанжаллашишди. Эртаси куни тонгда бинонинг эшигида шиша синиқлари кўринди.
Воқеалар кетма-кетлиги

Бу норозилик намойиши воқеалар кетма-кетлигида содир бўлди. 12 сентябрь куни шу ерлик 67 ёшли Наталя Эремкина қишлоқда ғойиб бўлганидан кейин бошланди. Эртаси куни унинг жасади "Магистрал 2" яқинидаги темир йўл яқинидаги ўрмон камаридан топилди.
Шундан сўнг, терговчилар қисқа вақт ичида тожикистонлик икки муҳожирни гумондор сифатида ҳибсга олишди. Гумондорларнинг миллатини округ раҳбари Токарев Россия Тергов қўмитасига асосланиб очиқлаган. Айни пайтда улар нафақадаги аёлни ўлдириш ва зўрлашда айбланаётгани билдирилди.
Душанба куни намойишга қадар Тергов қўмитаси гумонланувчиларни ҳибсга олингани ҳақидаги хабари чиққан, аммо маълумотда уларнинг миллати ошкор этилмаганди (хабарда "қўшни давлатлардан бирининг икки фуқароси ҳибсга олингани ҳақида айтилган").
Бужаниновода ҳибсга олинган гумонланувчиларнинг Экоокон ётоқхонасида яшовчиларга ҳеч қандай дахли йўқ эди. Бу ҳақда корхона раҳбарияти ҳам, маҳаллий ҳокимият ҳам айтаяпти.
Округ раҳбари Токаревнинг сўзларига кўра, гумонланувчилар қишлоқдан унча узоқ бўлмаган участкалардан бирида яшаб, ўша ерда уй қуришган. Ҳибсга олинганларнинг ётоқхонада яшамаслиги ва бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ҳақида Ички ишлар вазирлиги вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Николай Голястов ҳам айтиб ўтган.
"Улар ҳамиша ўзини яхши тутарди"
Маҳаллий аҳоли ва муҳожирлар ўртасидаги муносабатлар чиндан ҳам мураккаб: бу зиддиятлар қотилликдан анча олдин пайдо бўлган.
"Мен уларни ҳозир отиб ташлайман", деди ўзини Михаил деб таништирган одам. У муҳожирлар "ҳаммаси учун жавоб беришини" айтди, гарчи ҳақиқий жиноятчиларни ушланганига ишонмаса ҳам.
Михаилдан "шахсан сизда илгари муҳожирлар билан бирон бир муаммо бўлганми?", деган саволга "Ҳеч нима бўлмаган, улар доим ўзини яхши тутишган", дея очиқ жавоб берди.
Ётоқхона ёнидан ўтган кекса аёл қотилликдан кейин у муҳожирлардан қўрқишини айтди. Бундан олдин эса улар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаганини билдирди: "Мен дуч келмаганман... Хўш, улар одамлардек саломлашарди... Бу ердан тез-тез ўтиб тураман, ҳеч нарса дея олмайман. Ана, улар ўтиришибди - мен билан ҳеч қандай истиснолар бўлмаган".
Кекса аёлдан бошқа маҳаллий аҳоли муҳожирларга қандай муносабатда эканлигини сўрашганида, у салбий муносабат борлигини айтиб, сабабини тушунтирди: "Чунки улар кўп. Дўконга келсангиз - худди сиз ўз уйингизда эмас, уларникида юрганга ўхшайсиз ".
Ётоқхона ёнида жойлашган уйда яшовчи яна бир аёл муҳожирлар билан ҳеч қандай муаммога дуч келмагани, лекин шу билан бирга қишлоқ аҳолиси уларни ёқтирмаслигини сезишини айтди.

14 сентябрь оқшомида қишлоқ иккинчи намойишга тайёрланаётган эди. Туман раҳбари маҳаллий аҳоли билан учрашишга келишга қарор қилди. Эндиликда йиғилиш деб номланаётган намойиш мактаб спорт залига кўчирилди.
Округ раҳбарининг аҳоли билан гаплашиши осон бўлмади. Би-би-си мухбири кўчада гаплашишга муваффақ бўлганлардан фарқли ўлароқ, спорт залидаги одамларнинг шикоятлар рўйхати тайёр эди.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, муҳожирлар аёлларни таъқиб қилишган, уларни ўз тилларида очиқ муҳокама қилишган, футбол ўйнайдиган спорт майдончаларини эгаллашган, бу эса маҳаллий аҳолининг футбол ўйнашига тўсқинлик қилган.
Округ раҳбарига Ички ишлар вазирлигининг вилоят бошқармасидан Николай Голястов ёрдамга келди: " Биз 2020 йилдан буёнги статистикани атай кўтардик - сиз томонингиздан таъқиб ёки миграция қонунчилигининг бузилиши тўғрисида бирорта ҳам мурожаат бўлмаган!"
Маълум бўлишича, қишлоқда на полиция таянч бўлинмаси, на полиция бўлими ходими бўлмаган, чунки кичик қишлоқ булар учун етарли бўлмаган.
"Сиз русларга иш ҳақини оширинг!"
Маҳаллий аҳолининг иккинчи катта шикояти иш ҳақи бўлди. Уларнинг айтган фикрларича, муҳожирлар кичик маошга ва ижтимоий пакетсиз ишлашга рози бўлиб, корхоналарда ишга жойлашадилар. Агар мигрантлар бўлмаганида, маҳаллий аҳоли ҳам катта пул эвазига бир хил ишга эга бўлар эди.
"Сиз рус халқининг иш ҳақини оширинг, рус халқи ҳам худди шундай ишлайди! Ҳам юк ташувчи, ҳам фаррош бўлиб", - деди Андрей исмли йигит Би-би-сига. Бироқ, қишлоқда ишсизлар борми, деган саволга, у жавоб беришга қийналди: "Билмайман, балки бордир".
Қишлоқда яшовчиларнинг айтишича, уларнинг кўпчилиги пойтахтда маошлар юқори бўлгани учун ҳар куни электропоездда Москвага ишлаш учун қатнашади.
Би-би-сига муҳожирлар ишлаётган завод ишчилари орасида маҳаллий аҳоли вакилларини топиш қийинлигини айтишди, бу ҳудудда эса ишчи кучи етишмайди.
"Ўша куни тонггача улар билан эдим"
"Экоокна" компаниясининг ривожланиш бўйича директори Нина Филоненко заводда иш жисмонан анча оғирлиги ва маҳаллий аҳоли ҳар доим ҳам бундай ишда ишлашни хоҳламасликларини айтди.
Яна заводда компания муҳожирлар билан узоқ вақт давомида ишлашини, баъзи ишчилари ўн йилдан бери ишлаётгани Би-би-сига гапириб беришди.
Уларнинг аксарияти ётоқхонада яшайди, бир неча оилалилар эса квартираларни ижарага олган. Муҳожирлар маҳаллий аҳоли билан тенг шароитларда ишлашади, дейишди компанияда.
Компания ётоқхонани 2013 йил декабрm ойида сотиб олган. Бир муддат у ерда нафақат ётоқхона, балки тўгараклар, кутубхона ҳам ишлаган, ҳатто шифокор ҳам бўлган.
Кейин фақат муҳожирлар учун бино қолган. Катта хоналарда саккиз-ўн киши бўлиб яшашганини ишчиларнинг ўзлари гапириб беришди.

Компаниянинг таъкидлашича, уларнинг ишчилари маҳаллий аҳоли учун муаммо манбаи бўлолмайди, аҳолининг норозилиги менталитет ва маданиятларнинг фарқи билан изоҳланади.
Марҳум аёлнинг қизи заводда ишлаган. Меҳнат муҳожирларидан бири Фарҳод Нарзиев марҳуманинг ўғли Александрнинг дала ҳовлисида яшайди. У Би-би-си билан суҳбатда Наталя Еремкинани яхши билгани ва у ғойиб бўлганида қидиришга ёрдам берганини айтди.
"Ўша куни, якшанбада кечқурун улар билан эрталабгача бирга эдим. Мен бир қадам ҳам Саняни (марҳумнинг ўғли)дан узоқлашамадим ", дейди у.
Фарҳод Нарзиев дўстининг онаси вафот этганидан сўнг ҳам маҳаллий аҳолининг шахсан унга бўлган муносабати ўзгармаган дея ҳисоблайди.
"Менда ҳамма нарса яхши. "Салом, салом", шу. Улар мени танийди ва мен уларни ҳурмат қиламан. Мен унинг уйида яшайман, қандай муносабатда бўлиши керак, ҳаммаси жойида!"
"Потенциал хавфли жойлар"
Бошқа муҳожирлар билан вазият анча мураккаб. Сешанба куни тушдан кейин уларни қишлоқдан тезроқ олиб чиқишга ҳаракат қилишди.
"Кўчага чиқариб ташлашлари мумкин", деди улардан бири юклари билан автобусга ўтираркан.
Туман раҳбари Михаил Токарев журналистларга расмийлар буни маҳаллий аҳолининг хоҳиш -иродасини қондириш учун қилганини тушунтирди.
- Ишчиларни бошқа қишлоққа олиб кетишди, улар яшаш учун жой топишади, завод эгалари эса уларни автобусда қатнаши учун транспорт ташкил қилади, - деди у.
Янги яшаш жойида Бужениновдагидек муаммо пайдо бўладими, деган саволга, туман бошлиғи шундай жавоб берди: "Шундай одамлар тўпланган, диққатни тортувчи ҳамма потенциал ҳавфли жойлар тезкор қайдга олинади ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари уларни текширади".
Туман раҳбари заводда ишлаётган муҳожирлардан қандай хавф борлигини тушунтирмади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













