Дайжест. Россия: Кузминкидан кейин Одинцово, мигрантлар нега яна жанжаллашаяпти? Video Rossiya O'zbekiston yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
- Одинцоводаги жанжал Кузминкининг давомими?
- Полиция мигрантларга рейдларни кўпайтирган
- Бир кунда 1700 та шикоят қўнғироғи
- Юзлаб кишилар полицияда сувсиз, егуликсиз қолган
Полиция боргунча қочишган
Чоршанба куни кечқурун Одинцовода Марказий осиёлик муҳожирлар иштирокида оммавий муштлашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТАСС ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасидаги манбасига таяниб хабар берди.
"Одинцовода оммавий муштлашув бўлиб ўтди, унда камида ўн киши қатнашди - бари Марказий Осиёдан келган муҳожирлар. Можаронинг келиб чиқишига нима сабаб бўлгани ва қурбонлар бор-йўқлиги аниқланмоқда", - дейди манба.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Хабарга кўра, полиция етиб боргунича жанжал иштирокчилари автомашинада номаълум томонга қочиб кетишган.
Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва вилояти бўйича Бош бошқармаси матбуот хизмати мигрантларнинг оммавий жанжали ҳақида маълумот олишганини тасдиқлади.
- "14 июлга ўтар кечаси полицияга Одинцово шаҳридаги Кутузовская кўчасида жанжал бўлганлиги тўғрисида иккита хабар келиб тушди. Полиция ходимлари воқеа жойига боришди, аммо бу пайтда хабар воқеаси жойида ҳеч ким топилмади. Ушбу факт бўйича текширув олиб борилмоқда", - дейилади бош идорада.
Бу жанжалларнинг илдизи қаерда?
Ижтимоий тармоқларда 14 июль кечаси юз берган тўқнашув эканлиги айтилган видеолар пайдо бўлган. Тасвирларда 15 тача кишининг муштлашаётганлари ва тепкилаб уришаётгани, айримлари эса ажратишга уринаётгани акс этган.
Гувоҳлар жанжални Кутузовский микрорайонида содир бўлганини ёзишмоқда.
Полиция бу жанжал 13 июль кунги мигрантлар тўқнашувининг давоми бўлиши мумкинлигини тахминламоқда ва бу жанжалларнинг сабаби шахсий адоватлар билан боғлиқлигини билдирган.
Фаоллар эса қирғизистонлик ва тожикистонликларнинг низоси бундан бир неча ой олдин бошланган чегара билан боғлиқ муаммоларга бориб тақалишини айтишмоқда.
Айни пайтда 13 июль кунги оммавий жанжалда қўлга олинганлар иши судда кўрилмоқда. ИИВ қўлга олинганларга жарима ва Россиядан депортация қилиниши қўлланилишини маълум қилган.
Полиция рейдларни кўпайтирган
Кузминкидаги мигрантларнинг оммавий жанжали ортидан полиция шаҳар бўйлаб рейдларни бошлаган, бепул юристларга мигрантлардан бир кунда - 1700 га яқин ёрдам сўралган мурожаат қўнғироқлари бўлган.
- 90 фоиз қўлга олиниб маҳкамага олиб кетилганлар - қирғизистонликлар, қолгани тожикистонликлар. Қўлга олинганлар орасида ўзбекистонликлар деярли йўқ, - деб ёзди тожикистонлик юрист Каримжон Ёров Facebook даги саҳифасида.
Юристнинг билдиришича, муҳожирлар маҳкама ҳовлисида иссиқда ушлаб турилган. Уларга ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш имкони берилмаяпти.
Ҳожатхонага ҳам қўйилмаган
- Ҳеч ким муҳожирларни овқатлантирмаган, уларга сув беришмаган, ҳожатхонага киришига йўл қўймаган. Кўпчиликнинг телефонлари олиб қўйилган. Ҳеч нима тушунтиришмаган, таржимон ва ҳибс ҳақида элчихонага хабар берилмаган. Одамлар изтиробда. Мен ҳам, чунки бу мутлақ қонунбузарлик қонуний баҳслашишга тупураяпди. Мен албатта таслим бўлмайман ва тирик эканман муҳожирларни ҳимоя қиламан. Аммо бундай режимда узоқ яшамаслигимдан қўрқаман ... - дейди Каримжон Ёров.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














