Хавф Россия ортидан Қозоғистонга ҳам етиб келди - Ўзбекистон нима қилмоқчи?Hindiston Qozog‘iston O‘zbekiston koronavirus dunyo yangiliklar

Қозоғистон

Сурат манбаси, Reuters/arxiv

Сурат тагсўзи, Қозоғистон минтақанинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон давлати бўлади

Қозоғистон Марказий Осиёнинг "дельта - ҳиндистонча" штамм аниқланган биринчи давлати бўлди. Штамм пойтахт Нур-Султонга кириб келгани расман тасдиқланди.

Шу пайтгача қолган минтақа давлатларидан бунга ўхшаш хабар олинмаган.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Минтақанинг Ўзбекистондан кейин аҳолиси энг йирик иккинчи давлати саналади.

Қозоғистонлик расмийлар аллақачон "дельта" штамми мамлакатнинг бошқа ҳудудларига тарқалишидан хавотирда.

Улар маҳаллий масъулларни касалланишнинг янги тўлқинига тайёр туришга чақиришган.

Касалхоналарни тахлаш, айниқса, ўпка сунъий вентиляцияси аппаратларига кўпроқ эътибор қаратишни сўрашган.

Пойтахт Нур-Султонда энди қўшимча чеклов чоралари киритилишига оид хабарлар олинган.

Қозоғистон президенти

Сурат манбаси, official

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирининг маълум қилишича, сўнгги бир ҳафта ичида пойтахт Нур-Султонда касалланиш даражаси аввалгисига нисбатан 40 фоизга сакраган ва бир қанча беморнинг таҳлилларида янги штамм борлиги аниқланган.

Марказий Осиёда коронавирус илк бор айнан Қозоғистонда аниқланган.

Аҳолиси қарийб 19 миллионли Қозоғистон ҳали-ҳануз минтақанинг коронавирус энг кўп тарқалган давлати бўлиб турибди.

Қозоғистонда ҳозирга келиб жами коронавирус ҳоллари 410 мингдан ортган.

Тўрт мингдан зиёд одам коронавирусдан вафот этган.

Қозоғистонда коронавирус кўрсаткичлари пневмония ҳолларини ҳам ўз ичига олади.

Айнан Қозоғистон коронавируснинг "дельта - ҳиндистонча" штаммига қарши эҳтиёт чораларини кўришга киришган биринчи минтақа давлати бўлган.

Қозоғистон ҳали ўтган ой бошида Ҳиндистондан келаётган ёки сўнгги икки ҳафта ичида у ерда бўлиб, мамлакатга кираётган барча 14 кунлик карантинга олишга қарор қилган.

Хабарларда чеклов коронавирусга қарши эмланганлар ва тестлари манфий натижа кўрсатганларга ҳам бирдек қўлланиши айтилган.

Аммо Қозоғистон томони мамлакатда аниқланган "дельта" штамми манбасини ҳозирча расман очиқламаган.

Қозоғистонда "дельта - ҳиндистонча" штамм аниқланганига оид расмий хабар аксарият минтақа давлатларида коронавирус билан боғлиқ вазият қайта ёмонлшаётган бир пайтга тўғри келган.

Ўзбекистондаги бозор

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Орада "дельта" штамми сабаб, даҳшатли ковид инқирози ичида қолган Ҳиндистон билан мунтазам авиарейсларни вақтинчалик чеклаган Ўзбекистон шу кунларда яна қўшимча карантин чораларига қўл урган.

Жамоат транспортларида ниқобда юришни шарт қилган.

Коронавирусга қарши эмланаётган тоифалар кўламини янада кенгайтирган.

Шу ҳафта бошида эса, айнан коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашаётгани изоҳи билан Афғонистон билан чегарасини вақтинчалик ёпган.

Афғонистон ҳозир минтақанинг коронавируснинг учинчи тўлқини қаршисида эканидан жиддий хавотирлар янграётган Ўзбекистонга бевосита чегарадош ягона минтақа давлати бўлади.

Афғонистонлик масъуллар ҳалича мамлакатда "дельта" штамми аниқланганини расман тасдиқлашмаган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирусга чалинаётганлар, ковид билан касалхонага тушаётганлар ва аҳволи оғир беморлар сонининг яна ошаётгани айрим маҳаллий шифокорларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлаётгани ҳам кўрилган.

Ўзбекистонда кеча, 22 июнь куни кундалик кўрсаткичлар 419 тани ташкил этган, яна икки нафар беморнинг коронавирусдан вафот этгани айтилган.

Ўзбекистонда шу пайтгача коронавируснинг "британча" ва "жанубий африкача" штаммлари аниқлангани расман тасдиқланган.

Россиядаги коронавирус билан боғлиқ аҳвол

Сурат манбаси, ALEXANDER SHCHERBAK/TASS

Қозоғистондан аввал "дельта" штамми Россияга кириб боргани хабар берилган.

Қозоғистон айнан Марказий Осиёнинг Россияга бевосита чегарадош ягона мамлакати бўлади.

Россиялик масъуллар сўнгги ҳафталарда, айниқса, пойтахт Москвада коронавирус ҳолларининг "портлаш" даражасида ортиб бораётганига айнан худди шу штамм сабаб эканини айтишган.

Яна карантин чораларига қайтилган ва сўнгги кунларда уларнинг янада кучайтирилаётганига оид хабарлар ҳам олинган.

Россия ва Қозоғистон дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлатлари бўлиб келишган.

Бу икки давлатда коронавируснинг "дельта" штаммини юқтираётган орасида ўзбекистонликлар бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас, бу ҳақдаги расмий маълумотлар ҳалича кўзга ташланмайди.

Россия ва Қозоғистон ҳозир дунёнинг Ўзбекистон билан мунтазам ҳаво парвозлари амалда бўлган саноқли давлатларидан бири ҳамдир.

Ўзбекистон ҳаво йўллари самолёти

Сурат манбаси, official

Қозоғистонда коронавируснинг "дельта" штамми аниқланганига оид хабарларга ўзбекистонлик масъулларнинг муносабатлари ҳозирча маълум эмас.

"Дельта" жорий пайтда мутахассислар томонидан коронавируснинг энг юқумли ва асоратли штамми сифатида кўрилмоқда.

Яқинда эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, бу штамм ҳозир дунёнинг юзга яқин давлатига кириб борган, бошқаларини сиқиб чиқариб, доминантига айлана бошлаган.

Сўнгги ҳафталарда Қирғизистонда ҳам коронавирус ҳоллари бу яқин ойлар ичида кузатилмаган бир даражада ортаётгани, масъуллар томонидан яна айрим карантин чораларига қўл урилаётганига оид хабарлар олинган.

Тожикистонлик масъуллар ҳам шу йил бошидан буён илк бор мамлакатда яна коронавирусга чалинганлар аниқланаётганини расман эътироф этишган.

Ҳиндистондаги Ковид инқирози

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Ҳинд ҳукумати илк бор Ковид инқирозини "ҳиндистонча штамм"га боғлади

Ҳиндистонда аниқланган "дельта" штамми май ойида бу мамлакатда даҳшатли ковид инқирозига сабаб бўлган.

Ўлим ҳоллари кўплигидан жасадларнинг ҳатто кўчаларда ёқилгани айтилган, касалхоналарда жой, кислород баллонлари ва дори-дармон ўта тақчиллашган.

Ўзбекистон ковид бўҳрони ичида қолган Ҳиндистонга инсонпарварлик ёрдами юборган биринчи минтақа давлати ҳам бўлганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek