Тошкент-Деҳли: “Ҳиндистонча штамм” Ўзбекистонга хавф солиши мумкинми? Video koronavirus dunyo yangiliklar

Коронавирусга текширув

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ҳиндистонда кундалик касалланиш сони янада ортган. Кеча, 28 апрель куни рақамлар қарийб 380 мингтага чиққан. Жасадлар куну тун ва ҳатто оммавий ёқилмоқда. Ҳозирга келиб, парклар крематорийларга айлантирилмоқда. Тошкентдан Деҳлига мунтазам парвозлар ҳалича давом этмоқда.

Айтилишича, дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган қолган бирор бир давлатида бу каби аҳвол кузатилмаган.

Бугун коронавирус ҳолатларининг ҳар учдан бири Ҳиндистон ҳисобига тўғри келади.

Мамлакатда жами ўлим ҳоллари 200 мингтадан ошган, бу эса, жаҳондаги учинчи юқори кўрсаткич бўлади.

Ҳар икки ҳолатда ҳам уларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги маълум эмас, бу ҳақдаги расмий маълумотлар ҳалича кўзга ташланмайди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ҳиндистондаги мавжуд ҳолат четда жиддий хавотирларга сабаб бўлмай қолмаган.

Бу қадар ҳалокатли ҳолатга Ҳиндистонда ўтган йил октябрида топилган янги штамм сабаб бўлмадимикан, деган савол кун тартибига чиққан.

Аммо бу саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ, намуналар кам, маълумотлар етарлича эмас, олимларнинг ўрганишлари ҳали ҳамон давом этмоқда.

"Ҳиндистонча штамм"нинг қанчалик юқумли ёки ҳалокатли экани борасида ҳалича аниқ бир тўхтамга келинмаган.

Мунтазам парвозлар

Стюардессалар

Сурат манбаси, official

Ҳиндистон глобал коронавирус пандемияси фонида Ўзбекистон мунтазам ҳаво қатновларини тиклаган саноқли давлатлардан бири бўлади.

Икки давлат бу ҳақда бир келишувга эришишгани шу йилнинг февраль ойида хабар берилган.

Тўғридан-тўғри мунтазам авиқатновларни "International Air Travel Bubble" битими асосида амалга оширишга келишилгани айтилган.

Парвозларнинг 5 март санасидан ҳафтасига икки маротаба сешанба ва жума кунлари бажарилиши кўзда тутилган.

Уларнинг Uzbekistan Airways АЖ томонидан Тошкент-Деҳли-Тошкент йўналишида амалга оширилиши маълум қилинганди.

Айнан пойтахт Деҳли Ҳиндистоннинг янги коронавирус инқирозидан энг кўп жабр чекаётган шаҳри бўлади.

Ҳиндистон ҳам пандемия боис, ўз чегараларини ўтган йил ёпган, аммо орада дунёнинг ўндан ортиқ давлати билан борди-келди хусусида шартнома имзолашга улгурган.

Айни шу келишувлар асосида Ҳиндистонга сафар ва саёҳатлар давом этмоқда.

Ўзбекистон ва "ҳиндистонча штамм"

Ўзбекистондаги бозор

Сурат манбаси, kun.uz

Ўзбекистон томони сўнгги ҳолат юзасидан бирор бир баёнот, огоҳлантириш ёки мурожаат билан чиққани ҳозирча бирор бир маҳаллий нашрларда кўзга ташланмайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати Ўзбекистон ҳукумати Ҳиндистондаги сўнгги вазиятдан қанчалик ташвишда экани, Ҳиндистон билан мунтазам парвозларни чеклаш, у ердан келаётган йўловчиларни жиддий текшириш масаласини кўриб чиқаётгани ёки йўқлигига оид саволлар билан мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди. Ҳозирча бу хусусда расман изоҳ олишга муваффақ бўлмади.

Аммо ўтган йил Ўзбекистон ўз фуқароларини ортга қайтариш учун чартер рейсларини амалга оширган давлатлар рўйхатида Ҳиндистон ҳам тилга олинган.

Ўзбекистон глобал коронавирус пандемияси боис, дунёнинг бошқа давлатлари билан мунтазам ҳаво қатновларини айрим истиснолар билан ўтган йилнинг март ойида расман тўхтатган, фақат 4 сентябрга келиб, уларни қайта тиклай бошлаган.

Шу пайтгача дунёнинг ўнга яқин давлати билан мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўйишга муваффақ бўлган.

Аммо ўтган йил октябрида муайян эпидемиологик шартлар асосида барча турдаги транспорт қатнови учун ҳам ўз чегараларини расман очган.

Ўзбекистон ва янги штаммлар

Коронавирусга қарши вакцина

Сурат манбаси, Reuters

Ўзбекистонда шу пайтгача коронавируснинг икки янги - "британча" ва "жанубий африкача" штамми аниқлангани расман тасдиқланган.

Худди шу штаммларнинг топилгани боис, Ўзбекистон орада дунёнинг саккиз давлати билан ўзаро парвозларни расман чеклаган. Ўз чекловини бир неча маротаба узайтиргани ҳам кўрилган.

Ўшанда сўнгги 14 кун давомида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия мамлакатлари ва Жанубий Африка Республикасида бўлган ҳамда учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг икки ҳафта ўз ҳисобидан тегишли меҳмонхонада карантинга олинишлари ҳам айтилган.

Республика махсус комиссиясининг қарорида бу "дунёдаги эпидемиологик вазиятнинг тезкор кескинлашуви шароитида Ўзбекистондаги эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг янги ўчоқлари пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсади" билан изоҳланганди.

Ҳиндистондаги ҳалокатли иккинчи тўлқинга оид хабарлар эса, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам коронавирус билан боғлиқ вазият қайта ёмонлашаётган, бутун мамлакат бўйлаб карантин чоралари қайта кучайтирилган бир манзарада олинган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда кундалик касалланиш ҳолатларининг тўрт юз атрофида қолаётгани кўрилади.

Айни пайтда, GISAID қайдларига таянилса, "ҳиндистонча штамм" дунёнинг камида 21 давлатига кириб борган.

Аммо бу давлатларнинг айнан қай бирлари экани ҳозирча очиқланмаган.

Буюк Британия Ҳиндистонни аллақачон "қизил рангли" давлатлар рўйхатига киритган, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур каби қатор мамлакатларнинг Ҳиндистон билан мунтазам парвозларни вақтинчалик чеклашгани, бошқалари эса, маълум эҳтиёт чораларига қўл уришаётганига оид хабарлар ҳам олинган.

Бошқа томондан, Ҳиндистон дунёнинг коронавирусга қарши энг кўп вакцина ишлаб чиқараётган давлати бўлади.

Аммо ҳали ўтган ой, мамлакатдаги вазият ҳалокатли тус олмай туриб, Ҳиндистон Oxford-AstraZeneca вакцинаси экспортини вақтинчалик тўхтатишига оид хабарлар олинган.

Бундан дунёнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Covax дастурига кирган 190 давлати жабр чекиши мумкинлиги айтилган.

Айнан Oxford-AstraZeneca Ўзбекистон ҳам шу пайтгача энг катта дозада олаётган вакцина бўлади.

Ўзбекистон шу йил 1 апрель куни "худди шу вакцина билан мамлакат аҳолисини оммавий эмлаш ишларини бошлаган".

Шу йил 3 февраль куни Ўзбекистоннинг БМТ COVAX дастури доирасида 2,6 млн доза Oxford -AstraZeneca вакцинасини олиши хабар қилинган.

Ҳиндистон дунёнинг, Ўзбекистон эса, минтақанинг аҳолиси экан катта иккита давлатидан биттаси бўлади.

Агар, яқинда эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, мамлакат аҳолисининг сони қарийб 35 миллион кишини ташкил этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek