Ўзбекистон: Тириклай ёнган қўйлар, янгиланган антирекорд ва матбуот эркинлиги яхши аҳволдами? — Янгиликлар O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон томони нимадан норози, мамлакатда карантин чоралари иш бермаяптими ва Қорақалпоғистонда ҳозирча сабаби номаълум мудҳиш ҳодиса - bbcuzbek.com дайжести.
Расмий муносабат
Жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистонда ахборот соҳасини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар тўлақонли ўз аксини топмаган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) "Чегара билмас мухбирлар" ташкилотининг янги рейтингига ана шундай муносабат билдирган.
Ўтган ҳафта эълон қилинган рейтингда Ўзбекистон бир поғонага пастлаб, 157-ўринда қайд этилган эди.
Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг таъкидлашича, Ўзбекистонда жонли эфирлар ва айрим журналистлар коррупция ва мажбурий меҳнат каби нозик мавзуларни ёрита бошлаган бўлса-да, ҳокимиятнинг юқори қатламини танқидга тутиш ҳамон имконсиз бўлиб қолмоқда.
"Расмийлар эса матбуотни жиловлаб турган қонунларни ислоҳ қилишга шошилмаётир. Кузатувлар, цензура ҳамда ўзини ўзи цензура қилиш ҳали ҳам мавжуд ва ҳукумат матбуот устидан сезиларли назоратни ушлаб турибди", дейилади рейтинг изоҳида.
Бироқ 21 апрель куни ахборот соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқишга масъул АОКА мамлакатдаги вазият рейтингда "муносиб баҳоланмагани"дан афсус билдирган.
Агентликнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

"Журналист ва блогерлар ҳуқуқлари қонун доирасида ҳимоя қилинаётгани, ахборот хизматлари ва давлат тузилмаларининг матбуотдаги танқидларга конструктив жавоб қайтараётгани натижасида аҳолининг хабардорлик даражаси ошиб бормоқда", дейилади расмий баёнотда.
АОКА, шунингдек, расмийлар мессенжерлар орқали ҳар бир маълумотга ўз вақтида муносабат ва изоҳ бериб бораётгани, аҳоли ўзини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб ола бошлаганини эслатиб ўтган.
"Бундан ташқари, амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, жиноий жавобгарлик либераллаштирилди. Хусусан, туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинди", таъкидлайди агентлик.
Бироқ АОКА муқаддам раҳбарлик қилган Комил Алламжонов интернет нашрларига давлат идораларидан босимлар бўлаётганини очиқ ёзиб чиққан.
Мамлакатда катта аудиторияга эга Kun.uz нашри ҳам 21 апрель куни ушбу сўзларни тасдиқловчи мақола эълон қилган.
"…ҳақиқат шуки, Ўзбекистондаги сайтлардан ноқулай хабарларни ўчиртириш анъанага айланган ва Kun.uz бу амалиётдан энг кўп жабр кўрувчи сайтдир. Давлат хавфсизлик хизматининг Kun.uz фаолиятига арзимас масалалар бўйича ҳам асоссиз аралашавериши кеча ёки бугун бўлиб қолган ҳодиса эмас", дейилади нашр мақоласида.
Янги антирекорд

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
21 апрель куни Ўзбекистонда кунлик коронавирус ҳолатлари бўйича янги юқори кўрсаткич қайд этилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу куни 384 инсонда коронавирус аниқланганини хабар берган.
Касалланиш ҳолатлари бўйича энг юқори рақам яна пойтахт ҳиссасига тўғри келган.
Шуни Тошкент шаҳрида 200 нафар бемор аниқланган.
Вазирлик маълумотларига кўра, айни вақтда шифохоналарда даволанаётган беморлар сони 2,288 нафарга етган.
Уларнинг 238 нафари оғир, 113 нафари эса ўта оғир аҳволда қолмоқда.
Тириклай ёнган қўй-эчки

Сурат манбаси, Screenshot
Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида фуқарога тегишли 440 бош қўй-эчки номаълум сабабларга кўра тириклай ёниб кетган.
Тарқалган видеода ҳолат 15 апрель куни суратга олингани, чорва моллари панжара билан ўралган қўра ичида бўлгани кўринади.
Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси эса ёнғин 22 мартдан 23 мартга ўтар кечаси юз берганини маълум қилган.
Ҳозирда ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми "в" банди билан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган.
Қонунийми?

Сурат манбаси, MOnopoliyaga qarshi kurashish qo'mitasi
Бизнес-омбудсман пойтахтдаги ташқи реклама конструкциялари бузиб юборилиши қонунийлигини ўргана бошлаган.
Бундан аввал шаҳардаги юзлаб реклама баннерлари ҳеч қандай ҳуқуқий асос кўрсатилмасдан бузиб ташланаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.
Маҳаллий нашрлар тадбиркорларга тегишли реклама конструкциялари ўн миллионлаб сўмдан юз миллионлаб сўмгача туриши ҳақида ёзган.
Савдо-саноат палатаси эса ушбу масала юзасидан палатага аъзо икки тадбиркордан келиб тушган мурожаатлар асосида судга даъво аризалари киритиш масаласи кўриб чиқилаётганини хабар қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















