Жириновский нега мигрантлардан Россия футбол терма жамоаси йиғишни истаяпти, муҳожирлар россияликлардан кўп пул топаяптими? Rossiya yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Жириновский Россия футбол терма жамоасини мигрантлардан йиғишни таклиф қилди;
- Россиялик ишчиларнинг рақобатчиси - муҳожирлар;
- "Мигрантлар ҳозирда кўп пул топаяпти, айниқса, яхши ишлаётгани";
- Истироҳат боғида яшаётган муҳожирлар.
"Мигрантларга паспорт берсангиз, кифоя"
Владимир Жириновский Россия терма жамоасига футболчиларни меҳнат муҳожирлари орасидан қидиришни таклиф қилди. Сиёсатчи бу ҳақда "Комсомолская Правда" радиостанwиясининг эфирида айтган.
Жириновскийнинг фикрига кўра, бунинг учун улардан "паспортни аямаслик" кифоя.
Балки Украинада, Қозоғистонда, Ўзбекистонда иқтидорли спортчиларни қидириб топиш ва фуқароликни расмийлаштириш эвазига бир неча йиллик яхши ўйин таъминланиши мумкин.
Сиёсатчининг яна бир таклифи - бу ҳовли футбол жамоаларини тўплаш ва шу орқали келгуси ўн йил ичида ажойиб футболчиларни етиштиришдир.
Ҳаваскорлар учун барча шарт-шароитларни - ҳар бир ҳовлида футбол майдончалари, ҳамманинг кириш имкониятига эга бўлган футбол мактаблари яратиш лозим.
Шу билан бирга, Либерал-демократик партия етакчиси ташвишланмаслик учун футбол кўрмаслигини тан олди.
Сиёсатчининг бу мулоҳазаларига Россия футбол терма жамоаси Европа чемпионати - 2020 да гуруҳдан чиқа олмагани, россиялик спортчиларнинг учта учрашувнинг иккитасида мағлуб бўлишгани сабаб бўлган.
Муҳожирлар - россияликларга рақобатчими?

Сурат манбаси, official
Россиялик тадбиркор, "Мираторг"президенти Виктор Линникнинг русларнинг иш ҳақини ошириш учун квоталарни камайтиришни ва шу орқали хорижга ишчи кучи оқимини камайтириш таклиф қилди.
Линникнинг фикрига кўра, бу Россияда иш ҳақини оширишнинг самарали усули, чунки мигрантлар импорти адолатсиз рақобатни келтириб чиқаради.
Ишбилармоннинг таъкидлашича, четдан келаётган арзон ишчи кучи сабаб, россияликлар мигрантлардек оз маош олишга мажбур бўлишмоқда.
"Мигрантлар кўп пул топаяпти"
Россия мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженов эса бу таклифни танқид қилди.
Коженов Линникнинг Россияда чет элдан ходимларни жалб қилиш тизими қандай ташкил этилганлиги тўғрисида аниқ тасаввурга эга эмаслигини, аслида, барча меҳнат муҳожирларининг атиги бир фоизи квоталар асосида мамлакатга келишини маълум қилди.
"Бу шахснинг ҳақиқатда содир бўлаётган воқеаларни тўғри тушунмаслигини билдиради. Меҳнат муҳожирларининг 99 фоизи МДҲ мамлакатларидан келади, яъни квоталар талаб қилинмайди, шунинг учун у нимани камайтириши аниқ эмас", - деди Коженов.
Расмийнинг сўзларига кўра, мигрантлар маҳаллий аҳолига қараганда кўпроқ пул ишлашади, чунки улар нафақат бу ерда яшашлари учун пул сарфлашлари керак, балки орттириб ватандаги оилаларини боқишлари ва уларга пул юборишлари керак.
"Ҳозирда мигрантлар жуда яхши пул топаяптилар, айниқса, яхши ишлайдиганлари. Албатта, иш ҳақи пасаяётгани ҳақидаги ушбу мавзу мутлақо нотўғри, Линникнинг таклифи эса хато", - дея хулоса қилди Мигрантлар Федерацияси Президенти.
Буталар орасида яшашаяпти

Сурат манбаси, official
Москванинг шарқидаги Черкизовский хиёбони яқинда ободонлаштирилган эди. У ерни айланувчилар боғда муҳожирлар истиқомат қилишаётганига гувоҳ бўлганини айтган.
"Москва шунчалик яхшиландики, унинг меҳмонлари энди шаҳар боғларида яшаяптилар", - дея киноя қилади "Московский пул" Телеграм-канали.
Хабарга кўра, пойтахт шарқидаги Преображенский тумани аҳолиси Черкизовский боғи ва маҳаллий сув ҳавзасини оммавий "эгаллаб олган" муҳожирлардан шикоят қилмоқда.
Москваликлар хиёбон ва сув ҳавзасининг ободонлаштириш ишларининг якунланишини икки йилдан бери кутишганини айтишади. Аммо ишлар битгач, улар айланишга кириб буталар орасида яшаётган кўплаб муҳожирларни кўришган.
"Пойтахт меҳмонлари бу ерда нафақат ухлашаяпти, балки овқат тайёрлайдилар, овқатланадилар, сув ҳавзасида кийимларини юваяпти ва ювинишаяптилар", - шикоят қилишган маҳаллий аҳоли вакиллари.
Шунингдек, улар боғдаги сув ҳавзасида ўрдаклар камайиб кетганлигини ҳам таъкидлашмоқда. Ўрдакларнинг камайгани мигрантларнинг хиёбонда яшаётгани билан боғлиқми-йўқми, умуман, боққа ўрнашган ишчиларнинг кимликлари ҳозирча маълум эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















