Мигрант ҳасрати: Адолатсизликларга жим қараб туриш унга шерик бўлиш билан баробар - Ўзбекистон, O'zbekiston
Фарҳод Темиртирноқнинг ичи недан тўлиб кетган?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Ўн битта биродаримизни ёниб кетган уйни аҳволини кўрдингизми? Ҳар қандай шароитга чидаб ишлашга тайёрмиз, чунки оиламиз кутаяпти. Оиламиз пулга муҳтож. Меҳнатга яраша ҳақ тўласа бўлди, ҳар қандай ҳалол йўл билан топиладиган ишни қилишга тайёрмиз, ҳар қандай ишни қиламиз. Бошқа иложи йўқ", - дейди қўқонлик муҳожир Фарҳод Умирзоқов.
Фарҳод ижтимоий тармоқларда "Мусофир мардикормас" номли битта шеъри билан танилди, обуначилари бир ой ичида эса ўн мингдан ошиб кетди. "Темиртирноқ" тахаллусида блогерлик қилаётган йигит бунинг сабаби - муҳожирлар дардини гапираётганида, деб билади.
Би-би-си ўзбек хизмати Москва вилоятида ишлаётган блогер билан бугунги кун мавзулари тўғрисида суҳбатлашди.
"Депутатлар "дуэл"га чақиришини кутгандим
-Мактабда оддий ўқитувчи эмас, ўқувчиларим фахрланадиган қаҳрамон ўқитувчи бўлишни орзу қилгандим, - дейди Фарҳод Темиртирноқ.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
31 ёшли муҳожир Москва вилоятидаги омборларнинг бирида юк тахловчи бўлиб ишлайди. Бўш вақтида шеърлар ёзади, мусиқа чалади, мева-сабзавотларни турли шаклларда ясаб безатади. Блогерликни яқинда бошлади, аниқроғи, декабрда Ўзбекистондаги Парламент сайловлари арафасида.
-Адолатсизликларга жим қараб туриш - ўша адолатсизликка шерик бўлиш билан баробар. Танқид ҳамиша керак. Сайловлар ижодимга туртки бўлди. Янги Ўзбекистонда янги сайловлар деб гапиришди, лекин 21 асрда 19 аср сайловлари бўлди, - дейди блогер.
У айнан шу сайловлар пайти муҳожирларга нисбатан ишлатилган мардикорлар иборасига "Муҳожир - мардикормас" шеърини ёзгани ва бу ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганини айтади. Жамиятда муҳожирларга нисбатан паст қараш ва камситишлар уни ёзишга ундаган.
-Бу шеъримни фақат шов-шув бўлишини эмас, бундан ортиқроқ даражани кутгандим. Депутатларимиз онлайн мурожаат қилиб, "дуэл"га чақиришармикин, савол-жавоб қилармикинмиз, деган ўйда эдим. Ҳозир демократия, халқни ичига кириб бориш ҳақида кўп гапирилди. Афсуски, булар фақат гапда бўлаяпти, амалда бўлмаяпти.
"Қаерда Навоий бўлса, ўша ер менга ватан"

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Фарҳод Темиртирноқ Ўзбекистон Президентига видеомурожаатлар тайёрлаётганини айтди. У меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш борасида ва бир қатор мавзуларда оддий муаммоларни оддий йўл билан ҳал қилиш ҳақида ўз таклифларини билдирмоқчи.
Унга кўра, бошқа ҳеч бир ташкилотлар мурожаатларига эътибор қилмайди.
-Фарғонадан, Фурқат туманидан энг кўп хат ёзган мен бўлсам керак, деб ўйлайман. Халқ қабулхонасига, порталга, ҳаммасига ёзганман. Жавоб келмайди, айтган жойингизга етиб бормайди. Айланиб, ўзимга қайтиб келади, - дейди Фарҳод.
Муҳожир адабиётга иштиёқи баландлигини, Навоийнинг ихлосманди эканлигини айтиб, шоирнинг ғазалларидан ёд ўқиди. Навоийнинг 300 дан зиёд ғазалларини ёд билиши ва шарҳлашини айтди.
"Мусофирликда зерикмайман. Қаерда Навоий бўлса, ўша ер менга ватан" дейди Фарҳод.
Унга кўра, Навоий ижоди ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.
-Адабиётга истеъдодли ўқитувчилар, нотиқлар керак. Шунчаки китобдан дарс ўтадиган ўқитувчи керакмас. Ўқитувчилик касбини тирикчилик манбаи деб қарайдиган одам керакмас. Ўқитувчилик касбини дарс ўтган сари маза қиладиган, гапирган сари роҳатланадиган, болаларни ўзига жалб қилиб қўядиган қаҳрамон ўқитувчилар керак, - дейди Фарҳод Темиртирноқ.
"Бир кун даврим келиб қолар"

Сурат манбаси, РОССИЯ ФВВ ТОМСК БОШҚАРМАСИ
Фарход Умирзоқов 6 йил олийгоҳга хужжат топшириб, ўқишга кира олмаганини, энди эса ўқишдан кўра, тирикчилик ташвишлари муҳимлигини айтади. Унинг ҳозирги мақсади - онасига 2 хонали, шароитлари бор уй қуриб бериш.
Суҳбат айланиб яна ижодга бориб тақалади. Фарҳоддан ўзининг шеърлари ҳақида сўрадик.
-Шеърларим 2004 йилдан бери "сариқ матбуот"ларда нашр этиб келинаяпти. Энг машҳур бўлгани - Дилсўз исмли хонанда қўшиқ қилган "Соғинасиз бегим" шеъри.
Фарҳод шеърларининг компьютерда йиғилган қўлбола бир неча тўпламларини кўрсатди.
-Бу орзуни амалга оширишга биринчи қадам, - дейди у. - Тасаввурингизда бўлмаган нарса ҳеч қачон бўлмайди. Буларни бир кун даврим келиб қолар, деб тайёрлаб қўйганман.
Китобчаларни варақлаб, шеърларидан бирини ўқидим:
Азалдан қолган бир нақл бор,
Бой бойга, сой сойга оқади.
Кимгадир омад ёр, толе ёр
Бўрини оёғи боқади.
Давомини Фарҳод оҳанг билан ўқиди:
Ҳамма ҳам бошида эмаклар,
Йўқчилик ҳар йўлга етаклар,
Уйғонинг, уйғонинг эркаклар!
Бўрини оёғи боқади.
Шу шеър сабаб бўлиб Фарҳод тахаллусини изоҳлади. "Темиртирноқ" лақабини унга тиришқоқлиги учун қишлоқдошлари қўйган экан. Ундан яна бир қизиқиши - карвинг ҳақида сўрадик. Бу хунарни 2005 йилда Тошкентга бориб, қисқа муддатли курсларда ўқиб ўрганган экан. Олма, апельсин ва тарвуздан чиройли шакллар ясаб кўрсатди.
Иш устида ҳам суҳбатимиз муҳожирларнинг муаммолари ҳақида борди.
Совғага ҳам бож олинадими?
"Ўн битта биродаримизни ёниб кетган уйни аҳволини кўрдингизми? Ҳар қандай шароитга чидаб ишлашга тайёрмиз, чунки оиламиз кутаяпти. Оиламиз пулга муҳтож. Меҳнатга яраша ҳақ тўласа бўлди, ҳар қандай ҳалол йўл билан топиладиган ишни қилишга тайёрмиз, ҳар қандай ишни қиламиз. Бошқа иложи йўқ", - дейди қўқонлик муҳожир Фарход Умирзоқов.
Ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган мавзулар ҳам муҳокамадан четда қолмади.
-Масалан, мен бир одамнинг уйини таъмирласам, ўша киши менга эски телевизорини ёки музлатгичини совға қилиши мумкин. Лекин бу нарсани сотиб олишга имконим бўлмагани учун мен бу нарсани оламан. Йўлкирасини тўлайман, уйга етиб боради. Кимдир совға қилган маҳсулот учун ҳам бож тўлаш... билмадим.
Суҳбат орасида ундан машҳурликка интилиши ҳақида сўрадик, кулади:
-"Суюнчи" фильмида "номим чиқиб кетмай ўлишни хоҳламайман", дейдию, шунга ўхшаш-да!
Суҳбат якунида Фарҳод Би-би-си ўзбек хизмати учун ёзган шеърини ўқиб берди. Шеърнинг ёзилиши тарихи ўз ҳаёти билан боғлиқ экан. У отасидан ёш қолишгани, онаси уларни боқиш учун Қозоғистонга бориб пахта тергани, ёш болалар буви қўлида катта бўлганини эслади. "Менинг онам муҳожир" номли бу шеър шундай тақдирли мусофирлар дарди ифодаси эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













