Россия-Ўзбекистон: Насриддин Афанди ҳам мигрант бўлардими? O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Хўжа Насриддин шу замонда бўлганида балки минглаб юртдошлари каби Россияга ишлашга келарди, деган фикрни билдирди "Насриддин Россияда" ҳажвий газетаси ижодкорлари.
Шунингдек, ижодий гуруҳ Россияда ишлаётган ва ижодга иштиёқманд меҳнат муҳожирларига истеъдодларини намоён қилишлари учун минбар вазифасини ўтамоқда..
"Насриддин Россияда" ҳажвий газетаси ўзбек, рус, инглиз, қирғиз ва арман тилларида Санкт-Петербургда нашр этила бошлаган.
Газетанинг Москвадаги тақдимот маросими "Гараж" замонавий санъат музейида бўлиб ўтди. Унда санъатсевар муҳожирлар, турли миллатлар диаспоралари вакиллари ва ижодкорлар йиғилди. Ўзбекча ёзилган кўрпачада ўтириб, дастурхон атрофида миллий куй-қўшиқлар куйланди, мусиқалар чалинди, шеърлар ўқилди, ҳаётий ҳангомалар айтилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
-Бу лойиҳамиз Россияда қийинчиликда яшаб-ишлаётган муҳожирларни маънан қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ўз ижод намуналарини саҳифаларимизда чоп этамиз, турли тадбирлар ташкиллаштирамиз. Афсуски, мунтазам ўтказишга бизнинг ҳам имкониятимиз чекланган. Аммо истеъдодли муҳожирларга яратаётган минбаримиз уларнинг келгусида ўз йўлларини топишларида туртки бўлиши ҳам мумкин, - дейди газета муҳаррири Ольга Житлина.
Йиғинга тўпланган муҳожирларнинг айримлари ўзларининг муҳожирлик тарихи ҳақида ҳикоя қилишди.
-Мен ўзим аслида журналистман, аммо бу ерда юк ташувчи ҳам, курьер ҳам бўлиб ишладим. Муҳожирликнинг оғир ҳаётини бошимдан ўтказаяпман. Бу мен учун катта мактаб ва ёзиш учун манба бўлаяпти, - дейди қирғизистонлик муҳожир Илҳомжон Абдуқаҳҳоров.
Хўжа Насриддин Афанди ҳам мигрант бўлармиди?

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Илҳомжон ёзган "Насриддин Россияда" пьесаси мазкур газетада 3 тилда чоп этилди. У бундан ташқари, россиялик режиссер Всеволод Лисовскийнинг муҳожирлар ҳаёти ҳикоялари ҳақидаги саҳна кўринишларига тақдим этиш ниятида эканлигини айтди.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Тадбирда ўз қўшиқлари билан қатнашган Юлдуз ва Шоҳидалар ҳам бу каби йиғинларда илк марта қатнашаётганини айтишди.
-Турли миллатларнинг қўшиқларини эшитиш қизиқарли бўлди, бу ердаги аҳил муҳит ижобий таассурот қолдирди, - дейди наманганлик Юлдуз.
Айни пайтда Россияда муҳожирлар учун нашр этилаётган газеталар саноқли, уларнинг даврийлиги ҳомий ва муассислар ташаббусига таяниб қолган. "Насриддин Россияда" газетаси эса Санкт-Петербургдаги Ольга Житлина бошчилигидаги ижодий гуруҳ изланишлари самарасидир.
-Ўз донолиги ва ҳозиржавоблиги билан Шарқда машҳур Хўжа Насриддин шу замонда бўлса, нима қиларди. Балки, миллионлаб ватандошлари сингари Россияга ишлашга келарди. Шу ерда ҳам қалтис вазиятларда (муҳожирликнинг полиция билан тўқнашув, уй ижараси, иш ҳақи ундириш каби муаммоларида) уддабурролик билан чиқиб кета оларди. Биз шу вазиятни тасаввур қилиб, ҳикоя ва комиксларда акслантираяпмиз, - дейди рассом ва муҳаррир Ольга Житлина.
-Бизга ўз ҳазилларингиз, карикатура, ҳикоя ва шеърларингизни юборинг. Муҳожирликнинг оғир ҳаётини ҳажв билан бирга енгамиз, - дейди муҳаррир Ольга Житлина.
Россияда Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатларидан миллионлаб мигрантлар меҳнат қилиши айтилади.
Мигрантларнинг аксарият қисми энг оғир ишларни энг арзон маош билан бажаришади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













